«Бешикда болаларим йиғлаб қоларди, мен эса мактабга йиғлаб чопардим... сизларга дарс бериш учун!»

Кафка ҳақида ёзмоқчи эдим... Унинг китоблари, умуман, бадиий асарларнинг «фойда»си хусусида менда мудом мубоҳис дўстларимга ва улар орқали бутун бугундошларимга қарата оташин нутқ ирод этмоқчийдим – газета саҳифаларида. Янги сон режасига ҳам ярим истеҳзо ила киритгандим, ҳатто: “...Бадиий асарларнинг «фойда»си ҳақида”.

Лекин, қачондир... қачондир ўқиш-ёзишни ўргатганни бирор даъфа эсламасдан, ҳадеб ўқиганларинг борасида ёзавериш... истиҳола қалқитаркан ичингдан. Айниқса, эслатгулик нималардир бўлиб ўтса, шу орада...

***

...Ҳаммаси синфдошларнинг «ўн беш йиллик»ка ўтириш маслаҳатидан бошланди. Мактабни битирганимизга ўн беш йил бўлганини нишонлашнинг «телеграмоши»дан, яъни, қачон, қаерда, қанчадан, ким-ким..? Қизларимиз (тўрттагача бола туғиб, оналарга айланишган, аллақачон) эмизиклиларини ухлатиб бўлсаям қатнашишга, йигитларимиз (қорин қўйиб, сочлари тўкила бошлаган «амаки»лар энди бари) бир амаллаб бошлиқлари-ю хотинларини кўндиришга жидду жаҳд қилишарди.

Иттифоқо, устозларниям чақирадиган бўлишди: биринчи муаллимамизни ва бешинчи синфдан ўнинчи синфгача ўқитган синф раҳбаримизни. Кимда қайсининг телефон рақами бўлса, хабарини бераверишга келишилди. Менда ҳар иккисиниям рақамлари бўлса-да, уйи уйимиздан икки кўчагина наридаги биринчи муаллимамга бонг уриб, дараклагим келди. Ўтган галги ўтиришга чақириб, тўғри уйига борганимни эсладим: ёзнинг қоқ ўртаси, чошгоҳ пайтлари, «Можор» маҳалласининг энсизгина «Адолат» кўчасидаги пастак-пастак уйларга аланглаб, болалик хотиротимда қолиб кетган ўша дарвозани ахтарардим. Чуғурлашиб ўйнаб юрган болакайлардан сўрадим, ноилож. Бижилдоқ бир қизалоқ айри чиқиб чопаркан, биргина саволини ўсмоқчилаб такрорларди тинимсиз:

– ...Кими бўласиз момомнинг, а, кими бўласиз ўзи?

Унга иярганча жимгина борарканман, ким дея аташни ўйлардим.

– Қариндошимисиз? – аниқлаштиришга уринарди бижилдоқ ҳадеб.

– Унданам яқинроқ!, – дейман ўзим учун ҳам аниқлаштириб олаётгандек, худди. – Отангдай улуғ, дейишади-ку...

– Илгари бирор ишингиз тушибмиди? – қўймасди қизалоқ.

– Ҳа, катта ишим тушган, – дедим ниҳоят топгандек, – отимни ёзишни ўргатган!..

– Эеэ! Момааа, ўқувчингиз келдиии!..

Йўлусти рўмолини тўғрилаганча, шошиб-пишиб чиққан муаллимамга қарадиму, аксинча, йиллар қаршисида ўзимни қариб қолгандек туйдим. Ўша ўктам овоз, ўша чуқур нигоҳлар... Узоқ гурунглашдик, тик оёқда. Ҳали тетик, кўз тегмасин. Германияда яшайдиган журналист қизининг шарофатидан дунё кезиб юрибди экан. Бешта давлатга борибди...

- ...Иншоларни яхши ёзардинг мактабда, - дея хотирлаб қолди.

- Ўша иншолар мени тинч қўймади-да, домилла, - жавоблайман хўрсиниб («...ҳалиям бир нималар ёзаман, ўзимча. Аммо энди бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ!»).

Эмишки, чап қўлда ёзганман, аввалбошда. Шу муаллимам чап қўлимни партага боғлаб қўйиб, «ўнгдаст» қилган экан мени. Чап кўзимниям боғлаб қўйиши керак экан, ўшанда – ҳаётни кўпроқ «ўнг кўзда» кўришни ҳам ўрганармидим?..

Алқисса, ўша куни йиғилишимизга бора олмаслигини айтган муаллимам кейинги сафаргисига албатта боражагини айтган кўйи кузатиб қолганди. Кетаролди телефонимда суратга тушдик. Пойида ҳалиги бижилдоқ неварачаси, момосидан қадам ҳам нариламасди. Унга ишоратан жудаям серсавол эканлигини айтганимда:

– Шаҳарликда, – деди кулиб муаллимам. – Энаси ўргатиб ташлаган, квартирага ким келсаям, олдин обдан сўраб-суриштириб, кейин эшикни оч, деб...

Мана, яна йиғиладиган бўлдик. Ва бу гал бўлакча умидларда таниш рақамни қидира бошладим. Куттирмасдан жавоб берди, доимгидай (муаллим зоти шу – куттирмайди, кутади: бошда болажонларининг дарсга келишини, кейин ёзувтахта қаршисида жавоб беришини, сўнг навбатдаги дарсни, сўнг барчасининг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетганлиги ҳақидаги хушхабарларни, сўнг... лоақал байрамларда йўқлашларини...). Тошкентда – ўзига издош ўлароқ ўқитувчиликни танлаган қизиникида меҳмондалигини айтди. «Нилуфар домилла...» Бир замонлар, еттинчи синфларда бизга ҳам сабоқ ўтганди шу қизи. Тарих-ҳуқуқ фанларидан кирарди. Гўзаллик дунёни қанчалар қутқара олади, билмадим, бироқ бу ўқитувчининг ҳуснига маҳлиё бўлиб, қирқ беш дақиқа ўзимизни қутқарилган ҳис этардик – ҳақоратлардан, мазахлардан, камситишлардан... Ҳа, Нилуфар устозимиз бизнинг дағал, ғадир-будур, қора-қура, беўхшов кечаётган мактабдаги кунларимизда, исмига монанд, ботқоқда очилган гул каби барқ уриб турарди. Нигоҳларига термулганча қандай танаффус бўлганини билмай ҳам қолардик... Таассуфки, унинг гўзаллиги бизни ногўзалликлардан халос этган эса-да, ўзини қутқара олмади. Мактабдаги маслакдошлариаро майда гаплар, маломат тарқади. Кап-катта, сўлоқмондай «эркак»лар ҳам кирволиб, унинг ғийбатини чангитиб ўтирарди... Кетди мактабдан, ахийри. Кетиб қутулди... Ҳозир тиббий соҳада ишлаётганини эшитганимда, у қадар ҳайрон бўлмадим, шунинг учун.

«Эртага ўтириш», дейилган кунда, ниҳояти тайин бўлган вақту жойидан бохабар этгали сим қоқдим, муаллимамизга:

– ...Эрталаб ўнларда ўқиган мактабимизда йиғиламиз биринчи, у ёқдан чиқиб, кафега кетарканмиз!..

– Мен тўғри ресторанга ўтаман унда, – деб қолди хиёл ўйланиб қолган муаллимамиз. – Ўзларинг мактабдан чиқиб бораверасизларда...

– Ие... Ни... нимага энди?! – тилим тутилди, бир муддат. – Тинчликми?..

– Ҳа-эйй... Кўнглимни қаттиқ қолдиришганда!.., – ички оғриғи овозига кўчди. – Сизларда-ку айб йўқ, албатта. Беғубор бола эдинглар, у пайтлар...

Ҳарсанг янглиғ чўкиб ётган ҳасратидан сўз очди, шу тариқа. Тинглаганим сари миям мисдай қизир, ичим эса музлаб борарди. Бироқ барибир... мактабга боришини жуда-жуда истардим, негадир.

– Домилла.., – дедим бир неча нафасга жимиганида. – Ҳозир сизни эшитиб туриб, бир нима эсимга тушди: учинчими-тўртинчи синф маҳалим қизамиқ тошганди менга. Ичкаридан босиб чиқиб, бутун танани эгаллайдиган дардакан бу бир. Уйданам чиқолмай, «хрр-хр» ётган кунларимнинг бирида мени кўргани дарсдан чиқиб, иккита синфдошим келувди. Қўлларида «кукруз», бодироқ... Билдимки, сиз жўнатибсиз уларни. Ҳар иккови биланам уришгандим. Шу кундан бери бугунгача орамиз мустаҳкам, лекин... Демоқчиман, ўшанда сиз, ўзингизам билмаган ҳолда, бизни яраштириб қўйгандингиз. Келинг, бугун биз сизни мактаб билан яраштирайлик энди, нима дейсиз?.. Ёки бизни соғинмадингизми?!..

Муаллимамиз яхшигина соғинганакан бизни, мактабга ҳам, базмгоҳга ҳам бирдай борибди, чақчақлашибди, хуш-хандон ўтирибди... Ана, ҳамсабоқлар телеграмдаги гуруҳимизга пайдар-пай жойлашяпти: расмлар, видеолар... Барча-барчасини кўриб, кузатиб ўтирибман, хонада ёлғиз. Ноутбуким экранига мук тушганман: таҳрир, таҳрир... Газетани ёпишимиз шарт! Йўқса шу сонга эълон берганлар таҳририятимизга ҳужум қилгудай важоҳатда... «Овозсиз режим»даги телефоним дераза рахини зириллатиб, говзомбирдай гувиллайди. Бориб гаплашишга вақт ҳам, бет ҳам тополмай, қараб қўяман:

«Аббос» исми балқарди экранда. Ҳарбийимиз. Чирчиқдаги Олий танкчилар мактабини тугатган. Сурхондарёда ишлаб-яшайди. Биргина люк – қопқоғининг ўзи эллик кило тош босадиган танкни бошқариш учун яралгандек, гавдаси қорувли азалдан. «В» синфдаги Юлдузни севарди. Ва шунга уйландиям. Ўзига ўхшаган пўмпалоқ қизалоқлари бор ҳозир.

«Жасур» исми қалқади, кўп ўтмай. Компьютер бўйича мутахассис. Тошкент ахборот-технологиялар университетида ўқиган. Нақд еттинчи йил деганда кирганди ўқишга, ўзиям. Севган қизи пойтахтдаги донгдор жойда ўқирди-да. Шундан қолишмай, деб... Икковлари саодатманд оилалардан бугун. Фанлар академиясида ишлайди. Қовоқмия докторантларни мириқиб калака қилиб ўтиради, айтишича. Уч қизалоқнинг отаси.

«Бунёд» исмини кўраман, сал туриб. «Банкир»имиз. Молия институтини тамомлаган. Навоий шаҳридаги нуфузли банклардан бирининг ходими эндиликда. Етмиш ўлчаб, бир кесадиган, ўта мулоҳазали, камгап, вазмин жўралардан. Ғўддайган эмас, аммо. Ҳазил-ҳангоманиям ўринлатади. Ўғли бор – Хожиакбар.

«Анвар» исми гувиллатади энди. Болалик қадрдоним. Ҳали мактабга бормаёқ беш яшарлигимизда танишганмиз. Уйларимиз ўртасида учтагина уй бор. Шу учинчи уйдан у ёққа ўтмасдан ўйнашим мумкинлигини уқтиришганди менга, уйдагиларим. Бир куни мен бу «чегара»ни бузиб, тўртинчи уй рўпарасига бордим. Улкан труба-кўприк устида ўзим тенгги, сап-сариқ бир бола пуштиранг «гармошка» чалиб ўтирарди. Менда кўк ранглисидан бориди. Ўзаро алмашиб, роса чалгандик... Уям ТАТУни тугатган. Ҳозирда бутун бошли вилоятнинг кузатув камералари бўйича бошлиқ. Қизи Афруза ҳеч ортидан қолмайди.

«Акбар»... Дўсти қиёматим қўнғироқ қиляпди, ана! Мактабни битирибоқ соф билими билан ўқишга кирганди – Тошкент давлат техника университетига. Ҳалимгина кўринса-да, жаҳли чатоқ. Асабига текканга тикка ташланиб, отасидан емаганини едириб қўяди. Қизлар у билан гаплашиш учун, аламзада йигитлар эса муштлашиш учун пайт пойларди мактабдалигимизда. Бугун ўз касбининг устаси – моҳир маркшейдер. Тахиометрини кўтариб, ҳали Зарафшон чўлларида, ҳали Ангрен тоғларида кезгани-кезган. Мусофир йилларим уйда йўқлигимни билдирмади: тонг қоронғисида дадам билан молбозорга мол ҳайдаб боришган ҳам, айёмларда номимдан совғалар кўтариб бориб, аямни қутлаган ҳам, ремонт-пемонт ишларига қарашган ҳам... у бўлди, фақат. Ўғил бўлиб, мен бу қадар меҳрибонлик кўрсатмадим, ҳалича. Аллоҳ рози бўлсин сендан, дўст, Акром билан Асалнинг камолини кўр, илоҳим!..

...Навбатдаги қўнғироқни жавобсиз қолдиришга юзим юпқалик қилди. Жавоб бердим телефонга.

– Мени боришга кўндириб, ўзинг бормадинг-ку, нима бўлди, соғлигинг яхшими?! – овоз эмас, самимий меҳр қуйиларди қулоғимга. – Нечтаси тилпон қилди сенга кун бўйи, жавоб бермадинг?.. Хавотир олдим, касал-пасал бўп қолдима бу, деб?.. Ишинг чиқиб қолди?.. Ҳаа, соғ-омонакансан, бўлди!.. Э, зўр ўтди!.. Ҳамма келди, ҳисоб... Соатовани танишим қийин бўлди. Ўзгариб кетибди... Яна бир-иккитасини зўрға танидим... Мазза қип ўтирдик. Охири, чарчаб қолдим. Укол оляпманда, шунга... Жуманов опкеб қўйди, мошинида, барака топсин!.. Сен ҳақингдаям кўп яхши гаплар эшитдим... Эшниязова гапирди, Қурбонов гапирди... «Честний ишлайди у!», дейишди... Мени тарбиямни олганда, дедим!.. Ҳаммаларинг билан фахрланаман!.. Э-энг яхши кўрган битирувчиларимсизлар!.. Бешикда болаларим йиғлаб қоларди, мен эса мактабга йиғлаб чопардим – сизларга дарс бериш учун!..

Муаллимам гапираркан, мен, ёшариб бораётгандек сезардим ўзимни. Дарсга бормаганимдан ташвишланиб, ҳол сўрарди, гўёки. Эртан кун ёришади-ю мен яна мактабга югураман, гўёки. Ортимдан аям ҳаллослайди: бир қўлида ичишни унутиб қолдирганим ширинчой, бир қўлида бош кийимим...

***

...Шундай гаплар, ишқилиб. «Бунинг нимаси эссе?!», дерсан. Кўламни кенгроқ олишга уриндим, шунчаки. Қаҳрамоним тўғрисидаги маълумотдан кўра таассуротни муҳимроқ санайману... Ўзим ҳақимда кўпроқ ёздим. Эҳтимол. «Эсседа кимни тасвирлама, аслан ўзингни тасвирлаётган бўласан», демабмиди фаранги Монтен?.. Ҳа, ўша, эссе жанрининг «отаси» – Мишел Монтен!.. Бўпти-бўпти, сен ҳақингда ёзаётганимда, ҳушёрроқ бўламан. Келишдикми?!.. Энди мени холи қолдирсанг. Бироз тин олиб, йиғинишим зарур. Сўзга тўлишим керак: халқчил, оддий, амалдаги сўзларга. Илло, яна архаик сўзларни совуришга тушаман. Добусқалъада сочилиб ётган сопол парчаларидай «кераксиз ва беқадр» сўзларни... Унгача руҳинг мендан ранжиб, чирқирамайди, деган умиддаман, дўстим Кафка.

Шербек Бобоқулов.