Бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакатга тегишли ҳудудлар

Дунё бўйлаб ўнлаб ҳудудий низолар мавжуд. Масалан, баъзи давлатлар ҳукумати ерлар учун баҳслашаётган ва улар учун минглаб жон фидо қилишга тайёр турган бўлса, бошқаларининг расмийлари уларга биргаликда эгалик қилиш тўғрисида келишиб олишди. Бу истисно ҳолатлар ва уларнинг ўзига хос мақоми шаклланган. Ушбу мақолада биз сайёрамиздаги бир нечта давлатларга тегишли бўлган ҳудудларни тўпладик.

 Фазан ороли

Испания ва Франция ўртасида тақсимланадиган бу футбол майдонидан бироз кичикроқ ўрмонли ернинг майдони атиги 6820 м².

Бидасоа дарёсининг ўртасида жойлашган ҳудуд ҳар йили 1 февралдан 31 июлгача Испаниянинг бир қисми сифатида тан олинади ва Сан-Себастьян шаҳри назорати остида бўлади. 1 августдан 31 январгача эса орол Франциянинг Байонн шаҳри ҳукумати томонидан бошқарилади.

Ҳудуд ўзининг ғайриоддий мақомига 1659 йилда Испания ва Франция ўртасидаги ўттиз йиллик урушни тугатган Пиреней шартномаси туфайли эга бўлди. Нейтрал ҳудуд деб эълон қилинган орол ХХ асрда дастлаб тенг иккига бўлинганди, кейинчалик ҳудуд йил давомида навбати билан эгалик қилинадиган бўлди.

Оролга ҳудудни тозалаш ва ўсимликларни парвариш қилиш учун фақат шаҳар ҳукумати ходимларига кириш рухсат берилган.

Ҳадт қишлоғи ва унга туташ кўчманчилар

Гап Арабистон ярим оролидаги Уммон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан чегарадош кичик ҳудуд ҳақида бормоқда.

Уммон 1820 йилларда инглизлар минтақага бостириб киргунга қадар, Африка, Ҳиндистон ва унинг атрофидаги чет ҳудудларга эга кучли империя эди. Европаликларнинг кириб келиши араб давлатининг қулашига олиб келди ва БАА Уммондан мустақилликка эришди.

Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги чегара турли хил эксклав (бошқа давлатлар билан ўралган суверен бўлмаган минтақа)ларнинг ямоқ қисмидан иборат. Баъзи қабилалар Уммонда, бошқалари эса БААга қарайди.

Ўзгаришлар давомида Ҳадт қишлоғи қўшма бошқарувга ўтиб, 1960 йилда бу мақом расман мустаҳкамланди. БААнинг бир қисми ҳисобланадиган Ажман амирлигига унинг ички ҳаётига аралашмасдан аҳолидан солиқ ундиришга рухсат берилди. Бироқ, кейинчалик Ҳадт аҳолиси Ажманга пул тўлашни тўхтатди. Шунга қарамасдан ҳеч ким курашишни истамади.

Боден кўли ва Мозель дарёси

Марказий Европадаги Австрия, Германия ва Швейцария ўртасида жойлашган сув ҳавзаси. Кўлнинг майдони 11500 км².

Европадаги давлат чегаралари ҳали ҳам қонуний белгиланмаган ягона сув омборини Австрия ҳукумати умумий деб ҳисоблайди, Швейцария кўлнинг ўртасида чегара белгилайди, Германия уни нейтрал ҳудуд деб билади.

Умуман олганда, кўпинча кўллар ва дарёлар давлатларнинг табиий чегаралари ҳисобланади, шу сабабли улар чегараланмайди ёки тахминан тенг қисмларга бўлинади.

Халқаро космик станция (ХКС)

Узоқ вақт давомида ХКСнинг умумий бошқаруви ҳеч кимни ҳайратда қолдирмаган. У 14 давлатга, жумладан Россияга тегишли. Ҳозирги жанговар ҳаракатлар, сиёсий можаро ва ўзаро таҳдидлар ҳисобга олинса, станция аллақачон ёпилган ёки бўлинган бўлиши керак эди. Бироқ, у аввалгидек ўз фаолиятини амалга оширяпти.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Хитойнинг Тяньгун станцияси тўлиқ уни қурган мамлакатнинг ихтиёрида бўлиб, унга рухсатсиз кириш чегарани ноқонуний кесиб ўтиш билан бир хил қоидабузарлик ҳисобланади.

Андорра

Бир томондан, минтақа БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларда вакиллик қилувчи суверен давлат. Бошқа томондан, Франция президенти ва Испания эпископи унинг ҳамраиси ҳисобланади. Андорра евродан фойдаланади, Франция ва Испания ҳимоясида бўлган мамлакатнинг ўз армияси йўқ.

Андорра 1620 йилгача Наварра қироллиги таркибига кирган. Бироқ, тўсатдан Франция қиролига айланган маҳаллий қирол Генрих III янги тожга оилавий мулкларни ҳам қўшиб олди. Шу билан бирга, диний ҳокимият испан черковининг ихтиёрида қолиб кетди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.