"Биргина ноутбук билан ойига 10 миллион сўм даромад топяпман"
Бу ҳақиқат. Нурободлик йигит Шаҳзод Ўринбоевга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ноутбук совға қилинган эди. Шаҳзод ундан самарали фойдаланаётгани учун кунига ўртача 300-350 минг сўм топяпти.
- Нуробод саноат касб-ҳунар коллежини тугатиб, на олий ўқув юртига кира олдим, на бир ишга жойлаша олдим, - дейди у. – Тўғриси, 3 йил коллежда ўқиб, қайсидир бир ҳунар эгаси бўла олмадим. Олдинда кўп синовлар кутаётганди. Уйланиш, уй-жой қуриш, рўзғор тебратиш. Ўша пайтда у-бу жойда қора меҳнат қилиб, уйга чойчақа олиб келардим, аммо топган пулим ўзимнинг эҳтиёжларимга зўрға етарди.
Шаҳзод ана шундай муқим иш тополмай, қийналиб юрган пайтда маҳалла ёшлар етакчиси уни “KOICA” - Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш марказида таълим олишга таклиф қилди.
- Шу марказда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича 6 ойлик курсни тугатиб қайтдим, - дейди Ш.Ўринбоев. – Ҳунар ўрганиб қайтганимдан сўнг, ноутбукка эҳтиёж сездим. Яна маҳалла ёшлар етакчиси жонимга оро кирди. Унинг тавсияси билан менга Ёшлар ишлари агентлиги томонидан субсидия асосида ноутбук берилди. Бугунги кунда автомобилларга компьютер диагностикаси хизматини кўрсатиб келяпман. Мени ўйлантираётган масалалар ортда қолди. Аста-секин уй қуриш, тўй қилиш, шахсий автомашина сотиб олиш учун имкониятлар яратиляпти.
Коллежни тамомлаб, 6 йил қийналган йигит 6 ой ичида ҳам ҳунарли, ҳам ишли бўлди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ.