Биринчи ўқитувчида қандай хислатлар бўлиши керак?
Бола илк сабоқни уни тушунадиган, у билан тиллаша оладиган ўқитувчидан олса, дарсларни тез ўзлаштиради. Буни билган айрим ота-оналар боласининг биринчи ўқитувчиси билимли ва ўқувчиларни яхши кўрадиган бўлишини истайди. Сабаби, мактабга илк қадам қўйган боланинг билими мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши лозим.
Эндигина боғчадан мактабга, билим олишга келган ўқувчига ўқитувчи қандай муомала қилиши керак? Унинг беғубор дунёсига илм нурини етказиб бера олиши учун ўқитувчидан нималар талаб этилади? Синфда қолоқ ўқувчи бўлмаслиги учун муаллим қандай йўл тутиши лозим? Ушбу саволларга 33 йиллик иш тажрибасига эга, Самар¬қанд шаҳар 24-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Сожида Қосимованинг жавоблари эътиборимизни тортди.
- Ўқитувчи ўқувчи билан тиллаша олиши, бунинг учун болаларни ўз боласидек севиши керак, - дейди Сожида опа. - Тўғри, ҳамма бола ҳам дарсларни тўлиқ ўзлаштира олмайди. Бундай ўқувчи билан дарс тугагандан сўнг алоҳида шуғулланаман. Баъзи ўқувчилар бошқалар олдида билганини айта олмайди, тортинади. Шунинг учун улар билан кўпроқ шуғулланиш зарур. Аммо айрим ўқитувчилар бунга ҳафсала қилмайди. Натижада тортинчоқ ўқувчи билганини ҳам айтолмасдан, қолоқ бўлиб қолади.
Айрим ота-оналар боласини эркалаб, қўлига эҳтиёжидан ортиқча пул беради. Шундан сўнг бола пулни қаерга сарфлашни ўйлай бошлайди. Аввалига дўконга кириб ул-бул сотиб олади. Кейин эса интернет-кафеларга боради. Аста-секин ўқишга бўлган иштиёқ ўрнини бошқа нарсалар эгаллайди. Шунинг учун мактабга кўп пул олиб келадиган ўқувчиларимнинг ота-оналари билан алоҳида гаплашаман, бунинг оқибати яхши бўлмаслигини тушунтираман.
Сожида опанинг болалиги Қўшработ туманининг Жўш қишлоғида ўтган. Мактабда математика ўқитувчиси болаларга чин дилдан дарс бериб, фанни қизиқарли тарзда етказиб бергани сабабли Сожида опа математика ўқитувчиси бўлишни орзу қилди. У мактабни битиргач, Самарқанд давлат университетининг математика факультетида ўқиди.
Университетни битириб, илк фаолиятини бошлаган кезлари қишлоқ мактабида бошланғич синф ўқитувчиси етишмасди. Шу сабабли Сожида опа бошланғич синфларга ҳам дарс беришига тўғри келди. Кейинчалик бутунлай бошланғич синфларни ўқита бошлади.
- Пойдевори мустаҳкам уй қуламайди, - дея фикрларини давом эттиради Сожида опа. - Билим ҳам худди шундай, болага илк таълимни етказиб бериш бошланғич синф ўқитувчисидан катта маҳорат талаб этади. У касбини астойдил севиши, изланиши керак. Ўқитувчиларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ўз устида ишлашига замин яратди. Шу сабабли бугунги кун ўқитувчилари астойдил меҳнат қилмоқда. Бу яқин йилларда ўз самарасини беради.
Сожида опа оилада беш нафар фарзандни билимли, оқил қилиб тарбиялади. Опанинг фарзандлари ҳам олий маълумотли, танлаган касбининг етук мутахассислари. Маҳаллада ҳавас қиладиган, намуна бўладиган оила.
- Болаларимнинг тарбиясида турмуш ўртоғимнинг ҳиссаси катта бўлди, - дейди опа. - Биз синфдош эдик, бир-биримизни ёқтириб турмуш қурдик. Ҳаётда елкадош бўлдик. Раҳматли турмуш ўртоғим ёлғон гапирганни, нописанд қилганни ёқтирмасди. Болаларга билим олиш билан бирга меҳнат қилишни ҳам ўргатди.
Яхши билим эгаллаган ва меҳнатда тобланган инсон ҳаётда асло қоқилмайди. Мен ўқувчиларим онгига мана шу ақидани сингдиришга ҳаракат қиламан.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.