Битирувчига диплом нега берилмади?

Адлия масалага суд тартибида ойдинлик киритди.

Хоразмлик фуқаро Г.Б. 2021 йилда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва технологиялар университетининг қишлоқ хўжалиги менежменти йўналишини давлат гранти асосида тугатган. Аммо олий таълим муассасаси ўша пайтда битирувчига ишга юборилганлик тўғрисидаги йўлланма ҳамда тақсимот комиссияси қароридан ва тақсимот рўйхатидан, дипломнинг асл нусхасидан кўчирма бермаган.

Маълумки, “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари бакалавр ва магистрлари 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимланиши белгиланган. Низомнинг 15-бандида эса агар тақсимот комиссияси битирувчини иш билан таъминлай олмаса, унга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиши кўрсатиб ўтилган.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаронинг мурожаати асосида олиб борилган ўрганишлар чоғида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг 2021 йил 23 майдаги 7-сонли баённомасида факультетлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича график тузилганлиги ҳамда мазкур графикда қишлоқ хўжалиги менежменти факультети кўрсатилмагани ва оқибатда факультет битирувчиларини ишга тақсимлаш ишлари амалга оширилмаганлигини аниқлади.

Судда Г.Б. университет масъуллари фуқаронинг мурожаатларига бир хил жавоб, яъни уни ишга жойлаштириш мақсадида Хоразм вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасига юборишганини, дипломнинг асл нусхаси уч йил ишлаб бергандан кейин берилишини рўкач қилиб келганини баён қилиб, бироқ Хоразм вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси фуқародан юқорида келтирилган ҳужжатларни талаб қилиб, университет уни ишга жойлаштириш учун йўлланма юбормаганини маълум қилишганини таъкидлади.

Бундан ташқари, университет юқорида келтирилган Низом талаблари бўйича унга мустақил ишга жойлашиш имкониятини ҳам бермаган. У Италиянинг “Tor Vergata” университетининг магистратура босқичига қабул қилинганида ҳам дипломнинг асл нусхасини сўрашгани боис, хориж университетида ўқиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлган. Сабаби, университет вазир ўринбосарининг 2022 йил 12 сентябрдаги 2/10-5/4-1641-сонли хати билан истисно тариқасида дипломнинг асл нусхасини беришни сўраб ёзган хатини инобатга олмаган. Афсуски, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети вакили судда бу важларни тан олмаслигини маълум қилиб, гўё унинг даъвоси асоссиз эканини келтириб ўтган. 

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 249-253-моддаларини қўллаб, Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг фуқаро манфаатларини кўзлаб киритган даъво талабини қаноатлантирди. Хусусан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Г.Б.га нисбатан хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топди ҳамда фуқарога дипломнинг асл нусхасини бериш мажбуриятини юклади.

Эслатиб ўтамиз, “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 17-бандига кўра, олий таълим муассасаси тақсимот комиссияси иши тугагандан сўнг бир ҳафтадан, бироқ битирувчи ўқишни тугатган кундан сўнг уч кундан кечиктирмай, ишга юборилаётган ҳар бир битирувчига олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма, ишга юборилганлик тўғрисидаги йўлланма ҳамда тақсимот комиссияси қароридан ва тақсимот рўйхатидан кўчирмани бериши лозим.

Шунингдек ушбу банд билан, мустақил ишга жойлашиш имконияти берилган битирувчиларга мазкур бандда назарда тутилган муддатларда мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома ва олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси берилиши, олий таълим муассасаси ректори мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатларни битирувчига ўз вақтида берилишига жавобгарлиги, битирувчига белгиланган нусхадаги йўлланма ўрнига бошқа ҳужжатлар берилишига рухсат этилмаслиги назарда тутилган.

 

Р.Аҳроров,

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ходими.