Бизни унутқанни унутмоқ керак...

 

Бир ғазал ҳақида ўйлар
Гоҳ маҳзун, гоҳ шодмон бўлсангиз, юрак еру кўкка сиғмай борлигини билдириб турган пайтда бир ҳамдард – ўзингизга сиғмаётган ўзлигингизни ўз дилига жо қилгувчи дўст излайсиз. Топсангиз, унинг шериклигидан дардингиз енгиллашади, ташналигингиз қонади. Сезгир қалбининг тарозуси ғамларингиз вазнини ўлчаб беради, дил ойинаси кимлигингизни кўрсатади. Бир фикр қиласиз, бир шукур қиласиз.

Ўша дасти узун, сўзлари жон томирингизга қуйилгувчи, сизнинг ҳолатингизни ўзингиздан-да ўтказиб англагувчи дўстларнинг бири – Заҳириддин Муҳаммад Бобур!  Унинг руҳи шундай кучлики, узун йилларни, йўлларни  писанд қилмайди. Олислардан туриб, бугунги дил ўртанишларингизга шерик бўлаверади. Сиз қўлингизга китоб жавонидан Бобур девонини олсангиз бас. Унга кўнгил ёришга журъат топсангиз бас... Бўзлашларингизга ул ҳазрат шундоқ жавоб берадилар:

Ўзни кўнгул айш ичра тутмоқ керак,

Бизни унутқанни унутмоқ керак.

Шоирга куйиб-пишасиз:

- “Унингсиз  кўнгил қандай қилиб айш қилсин?!”.  Ахир роҳатнинг илдизлари у туфайли тортган азоблардан униб чиқмайдими? Айшнинг кўзини яшнатиб, дилни аллаловчи ҳар гул ниҳоли унинг ҳажри тиғлари билан чопиқ қилиниб, кўзимнинг ёшлари билан суғорилади-ку? Шоирим, нечук шунча қийин талаб устига ундан-да оғирроғини юклаб, мени ўз сафингизга, ҳимоянгизга олиб, тайинлайсиз: “Бизни унутқанни унутмоқ керак..”  деб.

Ҳамма гап шунда-да, ахир! Унутолмаслик дарди қон юттиргач, Сизга топинган эдим-ку, дейсиз. Унутиш дарсини ўтинг, мен жабрдийдага, деб ёлборасиз, бу дард билан ўзи-да оғриган буюк табибга. Қандай унутиб бўлади у кунларни? Соч толаларига қадар, олар нафасига қадар улуғланавериб, боши кўкка етган ул сиймони қандай унутиб бўлади?..  “Боши кўкка етган...”  Шул жойда суриниб кетасиз. Пешонангиз тақ этиб, қайғу тунининг пештоқларига урилади. Кўзингиздан олов чиқиб кетади. Юракнинг энг чеккасига бекинган ғурур беҳолгина уйғонади. Шоҳ Бобурнинг таъкидига қўшилиб кетасиз: “у-н-у-т-м-о-қ к-е-р-а-к!”. Алам тегирмонининг тоши остида эзилаётган дилингизга Бобур ҳазратлари ёрдам қўлини ғурур остонасидан туриб узатади. Энтикиб навбатдаги сатрлар сеҳрига ихтиёрни берасиз:

Айшу тараб гулбуниға сув бериб,

Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

О, айшу тараб гулбуниға дўстлари даврасида ўйнаб-кулиб келаётган, қувончларга ғарқ одамдан бир ҳовуч шодлик сўраса бўлар балки. Бир бепарво, лоқайдга иши тушиб, дилининг коми қуриб, ёлғизлик саҳросида ташналик азобини тортиб, чеккан оҳлари лабларигача қақратиб, ёриб юборган одамнинг оғзига умид томчиларини томизмоқ ўрнига ундан сув сўрамак... Бунча қаҳрингиз қаттиқ шоирим, шоҳим?!

Парча-парча бўлган юракни оёқ остидан йиғиштириб олмоқ учун, яна қайтиб қад тикламоқ учун куч борми? Дил пора бўлгунча, яра бўлгунча чекилган азоблар, интизор кунлар қайтадан азоб юклаб, бу танни қил кўприкдан, дўзах ўтидан ўтказмоғи, аросат ўлкасида муаллақликка дучор қилмоқ изтиробларига чидаб бўлармикин?

Зарралаб сочилган кўнгилни қум доналари каби, ундан ҳам майдароқ шиша синиқларини  йиққан  каби йиғиб олмоқ заҳматларига ўзни чоғлаш, шу шайлик аро сочмоқ завқию, йиғмоқ қийноқлари орасидаги еру осмонча фарқни англашга курашмоққа чорламаяптими, Бобур ҳазратлари? Ё ғолиб бўлмоқ, ё бепарво оёқлари остида тупроқ бўлмоқдан ўзга йўл йўқми-а? Айтайлик, тупроқ бўлдик ҳам... Зеро, бул тупроқ унинг юзларидан ёғду сочилмаса, кўзларидан оби ҳаёт тўкилмаса, бирор кун умид майсалари униб чиқмаса, хор бўлмоқдан ўзга хизматга ярамаса, тупроқлик хизматидан на ҳожат бор? Ундан кўра бошни бепарво кўнгилнинг истакларидан (дордан қутулмоқ каби) қутултирмоқ, маломат балчиғини тарк этмоқ яхши эмасми! Шунда шоҳ шоирнинг қаттиқ қаҳри – сизни хорлик балосидан қутқаргувчи нажот кўприги эканини англаб қоласиз. Бу кўприкка қадам қўя олсангиз, “Айшу тараб гулбуниға сув” топа олсангиз, навбатдаги талаб: “ғусса ниҳолини қурутмоқ” бажарилади. Кўзингизнинг ёшлари билан суғормасангиз, кўнглингизни ғам билан қайта–қайта шудгорлаб, яраламасангиз ғусса ниҳоли хазонрезгиликка учраши турган гап. Ўзингизни озгина ўнглаб, умидвор кўзларингизни сатрларга тикасиз. Ҳолатингизни сезиб турган шоир сизни юксакроққа чорлайди:

Ҳар нимага ғам ема, ғам кўптурур,

Айш билан ўзни овутмоқ керак.

“Ҳар нима” шунчаки ҳар нима эмаслигини Бобур ҳазратлари яхши биладилар. Илдизлари юракнинг томирлари бирла чирмашиб кетган боғланишни узмоқ, куну тунимизнинг шоҳию қули бўлган кимсадан кўнгилни совутмоқ учун қанча жасорат керак бўлса, шунча чорлайди шоир...

Дунёнинг ғами кўп, ахир. “Бизни унутқанни” ғамини чекиб юравериб, ўзга жамики мавжудликка қўл силксак, уят бўлар...

Танимиз яралган тупроқ, томиримиз яйраган сувдан тортиб, яшаган кулбамиз, дўсту биродарларимиз, қиблагоҳларимиз – падари бузрукворимиз, волидаи муҳтарамамизга қадар барча-барчасидан меҳр қарзимиз бор.  Бизни асраб турган буюк мутаносибликка озгина путур етса, биз-да, ҳалокатга учрамаймизми? Мавжудлигимиз боисига шукроналикнинг ўзи – уларга ўзни бағишлаш саодати бахтимиз эмасми? Нега бизга осмондан тушгувчи, бизни менсимовчи ёт бир нигоҳ учун ғам еймиз? Зер,о бизнингки, бир хазон баргча қадримиз бўлмагач, ул нигоҳ ҳам биз учун “ҳар нима”га айланиши шарт. Кўнгли таланган, масхараланган ҳолда элга ошкор бўлмаслик учун ҳам шарт! Бул ёруғ дунёда айшнинг тури оз эмас. Кўнглингиз етгунча, тилаганча роҳатланинг, овунинг, эй дили пора!

Қаранг, юртингизга баҳор келди. Музлаб ётган тупроқ остидан нимжонгина, маъсумгина бойчечак бош кўтариб чиқди. Бойчечак ғурурининг, мардлигининг заррасини ўзингизга тиланг. Завқланинг ундан. Шу митти гулнинг ортидан бутун олам уйғонганини томоша қилинг. Унинг жасоратига ишониб, деҳқон далага чиқди, уруғлар тушди замин қучоғига. Дарахтлар гуллади. Бойчечакни нега ҳамма бирдай олқишлайди? Қаҳри қаттиқ қишни синдиргани учун, баҳорни бошлаб келишга куч топгани учун!

Қўшни хонадондан чақалоқ йиғиси эшитилди. Ғолиб ҳаётнинг давомчиси овозидан, ҳали ғуссаларнинг хабари йўқ покизаликнинг овозидан ҳайратга тушинг!

Ҳовучларингизни булоқ сувидан тўлдириб симиринг. У сизнинг насибангиз, сизга аталган. Аллоҳнинг сизга ва миллионларга аталган меҳридан инъом бу!

Ишғол қилинмаган чўққиларга етадиган оёқларингиз, қуюқ туманларни кесиб ўтадиган боқишларингиз, юлдузларни тутмоққа қодир қўлларингиз бор! Муҳими, қувончларнинг ҳам, қайғуларнинг ҳам қадрини биладиган, “биров”ларникига ўхшаб, лоқайд бўлмаган қалбингиз бор! Изтироблар сиққан юракка шодликлар ёлқинини ҳам меҳмон қилинг. Сиз ёшсиз, кучлисиз! Курашмоқни биласиз...

Гоҳо ҳазин куйлар сизни “Бизни унутқан”нинг даргоҳига етаклаб кетар дамлардан сақланинг. Бедор тунлар кўз олдингизга “бир сиймо”ни михлаб қўйса, уни қибла тараф деворига осмоқдан тийилинг. Шу кунларда бардошингизга, сабрингизга ялининг. Ожизлигингизга кўзингиз етса, яна Бобур шоҳга арзга боринг. Ул арзхонада шоҳ Бобур кутиб олади, аммо юрак дардларингизни шоир Бобур эшитади.

Ёлғизлик юкини кўтара олмасангиз, ғуссаларнинг чангали дилингизга тирноқ ботирса, шул даргоҳга югуринг! Бунда сизни қатларидан олов тўкилган, қон томган, кўз ёши силққан сўзлар оби ҳаёт қатрасидек ташна дилингизга томчилаб, овутади.

Эҳтимол, бу даргоҳ остонасидан нажот излаб югурган дамларингизгача ўтган лаҳзаларингиз оловидан бир оловхўр қуш роҳатланар... Лахча чўққа айланган юрагингиз чўғларидан ҳаёт топиб авжланар... Ўзининг шул ўт туфайли бунёд эканидан бехабардир...  Шунда яна ва яна фидо бўлмоқдан, унинг оёқларига йиқилмоқдан хўрланган дилингизни шоҳ Бобурнинг забардаст илкию, шоир Бобурнинг нозик қалби қутқариб қолади!

Сиз ўқиётган ғазалнинг ярмики, Сизни ҳалокатдан асрай олдими, энди қолгани равон ўқилади.

Тийра дурур зуҳд ғамидин кўнгил,

Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.

 

Қўйма, машаққат аро Бобур кўнгил,

Ўзни фароғат била тутмоқ керак.

Ўқиган сайин қаддингизни тиклаб олмоғингизга ишончим комил! Энди сиз ҳайиқмай, титрамай, йиғламай, йиқилмай, қатъий ва оҳиста шивирлай олиш имконига эгасиз.

Ана, Бобур дилининг дарёсидан сув ичган лабларингиз пичирлай бошлади: Б-и-з-н-и  у-н-у-т-м-о-қ к-е-р-а-к...   Оҳ!!

***

Заҳириддин Муҳаммад Бобурга

Самарқанднинг қўли осмонга етган,

Янаям гўзалдир, яна чароғон,

Шогирдлар ҳам янги юлдуз кашф этган

Кўзини узолмас бир бор қараган,

Юринг, Самарқандга кетамиз, шоҳим.

 

Гарчанд Андижонда руҳи жонингиз,

Аммо армонингиз Самарқанд эрур!

Ҳар гўшани тутмиш шеъру шонингиз,

Самарқанд сиз билан айлагай ғурур!

Юринг, Самарқандга кетамиз, шоҳим.

 

Шерларнинг қўлидан бўлмайди тутиб,

Оддиймас, Шоҳ – шерсиз, шер бўлганда ҳам!

Элчига ўлим йўқ, мен юрак ютиб,

Сизни чорлагани келганман бу дам,

Юринг Самарқандга кетамиз, шоҳим.

 

Тилида бол бор деб мени йўллашди,

Сени шоҳлар тинглар, кўндиргин, деди.

Юзида хол бор деб мени йўллашди,

Йўлини биз тараф эндиргин, деди,

Юринг Самарқандга кетамиз, шоҳим.

 

Ёвларингиз бари йўқликка кетган,

Юртимнинг довруғи дунёни тутган.

Юртбошим Тожмаҳал қураман деган,

Келсин, Бобуршоҳни кўраман деган,

Юринг Самарқандга кетамиз, шоҳим.

Хосият Бобомуродова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.