Боғибаландда “Анжир сайли” ўтказилди

Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида “Анжир сайли” бўлиб ўтди. Сайил вилоят туризм бошқармаси, "Агробанк" ҳамда “Узун Агро Стар” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

- Биринчидан, сайил ушбу мевани етиштиришни оммалаштириш, йўқолиб кетаётган ноёб турдаги анжир кўчатларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. – Боғбонларимиз томонидан янгича, ин-витро усулда етиштирилган 6 ойлик кўчатлар бепул тарқатиляпти. Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, бугунги кунда туризм масканига айланган Боғибаланддаги анжирзорда ўтказилаётгани. Сайилда турли мамлакатлар келган сайёҳлар ҳам иштирок этяпти.

Тадбирда "Агробанк" экотизимидаги “Agrolab” ва “Agro In Vitro” лойиҳалари, шунингдек, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ходим ва мутахассислари фаол иштирок этди. Қатнашчилар анжир ва ундан тайёрланган шарбат, мураббо ҳамда турли миллий ва Европа таомларидан татиб кўрди. Уларни тайёрлаш жараёнлари бўйича мутахассислар томонидан махсус маҳорат дарслари ташкил этилди.

- “Узун Агро Стар”нинг асосий йўналишлари анжир ва хурмо етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, экспорт қилиш ҳамда агротуризмни ривожлантиришдан иборат, - дейди лойиҳа офиси раҳбари Музаффар Ҳайитбоев. - Компаниянинг ихтисослашган ҳудуди сифатида Сурхондарё вилоятининг Узун тумани, шунингдек, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Қашқадарё вилоятининг Китоб туманлари қамраб олинган ҳудуд сифатида бириктирилди. Агротуризмни ривожлантириш ва миллий брендни оммалаштириш мақсадида ҳудудларда турли маданий маърифий тадбирлар, семинар ва сайиллар ўтказилмоқда. Жамиятимиз томонидан 200 минг хонадонга 2 миллион дона кўчат етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 444 минг дона хурмо ва анжир кўчатлари тарқатилди. Шунингдек, “Фермерлар мактаби” онлайн платформаси орқали 470 нафар фуқаро билим ва сертификатга эга бўлди. Ҳамкорлик қилиш учун туркиялик агрономлар жалб этилди. 25 гектар майдонда интенсив боғлар ташкил этилди.

Келгусидаги Хитой тажрибаси асосида иссиқхоналарда анжир етиштириш, Япония усулида хурмодан майиз ва чипслар тайёрлаш, “Намунали боғ кўчаси” лойиҳасини амалга ошириш, 100 гектарлик замонавий агрокомплекс мажмуаси ташкил этиш белгиланган.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото+видео).