Болалар боғчалари қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топшириляпти
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Жомбой туманидаги мактабгача таълим ташкилотларига пресс-тур ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари давлат ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишди.
Бугун қишлоқ жойларидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳам замонавий шарт-шароитларга мос тарзда қайта таъмирланиб, фойдаланишга топшириляпти. Пресс-тур тумандаги 24-сон давлат мактабгача таълим ташкилотига ташриф билан бошланди. Қуввати 150 ўринга мўлжалланган мазкур боғчада 6 та тўлиқ асосий гуруҳ, 2 та қисқа муддатли гуруҳ фаолият юритади.
- Боғчамиз 2021 йилда қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга торширилди, - деди мактабгача таълим ташкилоти директори Гули Ибрагимова. – Ушбу бино аввал болалар боғчаси бўлиб, кейин ундан фойдаланмай қўйилганди. Бугун боғчага Холвойи ва Чалақўрғон маҳаллаларидан 150 нафар бола келади. Улардан 4 нафари кам таъминланган оила фарзандлари бўлиб, улардан овқат пули олинмайди. Қолган болалар учун ойлик тўлов бадали 95 минг сўм. Боғчамизда мусиқа, рус тили, инглиз тили тўгараклари мавжуд. Айни ёзги мавсумда боғча болалари учун соғломлаштириш машғулотлари олиб борилмоқда.
Шундан сўнг, туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги “Юлдузли маржон” номли давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишилди.
- 100 ўринга мўлжаллаб қурилган болалар боғчаси давлат-хусусий шериклик асосида 2022 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилди, - деди хусусий боғча директори Дилшод Аҳмедов. - Лойиҳа қиймати 2 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этган ушбу икки қаватли бинода болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Боғчада болалар учун инглиз, рус тили, ментал арифметика, мусиқа ва таэквандо тўгараклари ташкил этилган. Боғчага ҳозирча 53 нафар бола қатнамоқда.
Пресс-тур давомида танишилган ушбу мактабгача таълим ташкилотлари барча шарт-шароитларга эга, қиш ва ёз мавсуми учун мосланган бўлиб, унда болалар соғлом вояга етмоқда.
Жомбой туманида 34 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 2 та ДХШ асосидаги ва 119 та оилавий болалар боғчаси мавжуд. Айни пайтда “Обод қишлоқ" дастури асосида маҳаллий бюджетдан 60 ўринли ҳамда инвестиция дастури асосида 150 ўринли иккита давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан қуриляпти. Шу асосда йилдан йилга боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамрови оширилмоқда.
Хуршида Эрназарова.