Боланинг ривожланиши учун қаер яхши: уйми ёки боғча?

Беш ёшли қизимнинг илтимоси билан йўл четидаги болалар майдончасига кирдик. Эътиборимни тортган нарса, қизим у ердаги 3-4 нафар бола билан тез тил топишиб, бирга ўйнай бошлади.

Фақат бир бола ўзини четга олар, ўйинчоқларига тегинганларни қувиб соларди. Фарзандини сайрга олиб чиққанлардан сўраб билсам, бу 6 ёшлар чамасидаги бола аслида кўчага ҳам кам чиқаркан, “Ота-онаси тилаб олган, авайлаб боғчага ҳам беришмайди уни”, деб вазиятни тушунтиришди менга. Қизимнинг айтишича, болалар у болага “ёввойи”, деб лақаб қўйишибди.

Ёввойи бола. Буни ўқиб, хаёлингизда ўрмонда, ёввойи ҳайвонлар ичида улғайган, инсонларга хос хислату фазилатлардан мосуво мультфильм қаҳрамони - Маугли гавдаланди, шундайми? Аслида, бу атама бугун тиббиётда ҳам бор. Фақат энди “Маугли” бўлиш учун ўрмондан чиқиш шарт эмас, яшаб турган жамиятида ўзини бегона ҳис қиладиган, жамоавийликка ўрганмаган, бир сўз билан айтганда, ижтимоийлашмаган болалар тиббиётда шундай аталади. Улар ўз хаёлий оламида яшайди, атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга жуда таъсирчан бўлиб қолади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, боланинг мактабгача даврда ижтимоийлашуви жуда муҳим ҳисобланади. Ҳаётининг айнан шу босқичида улар мулоқотга киришишни, тўғри фикрлашни ва бошқаларнинг фикрини ҳурмат қилишни ўрганади. Албатта, бу жараён уйда, телевизор қаршисида содир бўлмайди, балки жамоада, тенгдошлар билан мулоқот давомида шаклланади. Боғчаларнинг ижтимоий аҳамияти ҳам шунда. Улар фақатгина болага энагалик қилувчи муассаса эмас, балки уларни шахс, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тарбиялайдиган маскан ҳисобланади. Хўш, бугун боғчаларимиз бу масъулиятли вазифани бажара оляптими? Боғчага борган бола билан бормаган боланинг қандай фарқи бор? Тойлоқ тумани мисолида ҳолатни таҳлил қилдик.

Аввал, баъзи рақамларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Маълумотларга кўра, туманда айни кунда 188 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 44 таси давлат, 138 таси оилавий, 4 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 2 таси хусусий боғча. 50 та маҳалланинг 17 тасида давлат боғчалари мавжуд эмас. Оилавий боғчаларнинг асосий қисми ана шу ҳудудларга тўғри келади. Ҳар бир оилавий боғчада 25 нафардан 50 нафаргача бола тарбияланади.

- Болаларнинг боғчаларга қамрови тизимли ошириб борилмоқда, - дейди туман мактабгача таълим бўлими шуъба мудири Жавод Расулов. – Мисол учун, ўтган йили кўрсаткич 71 фоиз эди. Жорий йил 3-7 ёшли болалар сони 18102 нафарни ташкил этгани ҳолда, уларнинг 13468 нафари, яъни 80 фоизи боғчага қамраб олинди. Яқин бир-икки йил ичида ҳудудда боғчалар билан боғлиқ муаммо қолмайди.

Демак, бу ерда болаларнинг асосий қисми давлат ва оилавий боғчаларга қатнайди. Масъулнинг маълумотига таянадиган бўлсак, уларда нопедагог кадрлар деярли қолмаган. Борлари ҳам ишдан ажралмаган ҳолда қайта тайёрлов курсларида ўқимоқда.

Рақам ва ҳисоботлар ўз йўлига. Тумандаги мактабгача таълим муассасаларидаги асл ҳолат қандай? Буни аниқлаш учун ҳар тўрт турдаги боғчаларда бўлиб, улардаги таълим-тарбия жараёни, болалар ва ота-оналарнинг кайфиятини ўргандик.

30 болани бир нафар тарбиячи эплай олмайди

Маданият маҳалласида жойлашган 17-давлат мактабгача таълим ташкилотида 112 нафар бола 4 та гуруҳда тарбияланади. 5 нафар тарбиячи бор. Биз мактабгача тайёрлов гуруҳига кириб, машғулотларни кузатдик. “Ноннинг ушоғи ҳам нон” мавзусидаги машғулотга болажонлар нон ҳақидаги шеърларни ёд олиб келишибди. Аҳамиятлиси, уларнинг барчаси дарсда фаол қатнашяпти, меҳмонлар билан саломлашиш, катталарга йўл бериш, хайрлашиш одобидан ҳам яхши хабардорлар. Аммо барибир баъзи ҳолатлар эътиборимиздан четда қолмади. Масалан, аксарият болалар “Катта бўлсанг, ким бўласан?”, “Қайси фан сенга кўпроқ ёқади?”, деган оддий саволларимизга жавоб беришга қийналди. Аксинча, “Сизга боғчанинг нимаси ёқади?”, деган саволга бир овоздан “Ўйнаш ва сайр қилиш”, деган жавобни олдик. Болаларнинг фаол бўлиши яхши, бироқ уларни ҳаётнинг кейинги босқичига тайёрлаш, иқтидорини тўғри йўналтириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

Ана шу вазиятда боғчаларда кузатиладиган бир муаммо кўзга ташланади. Қайси дейсизми? Масалан, 17-ДМТТдаги биз кузатган гуруҳда 29 нафар бола бор. Уларга бор-йўғи бир нафар тарбиячи ва унинг ёрдамчиси бириктирилган. Тажрибадан маълумки, тарбиячининг ёрдамчиси одатда шу гуруҳнинг фаррошлигини ҳам қилади. Яъни, у таълим-тарбия жараёнида деярли иштирок этмайди. Демак, 29 нафар бола тарбиясининг уволию савоби бир нафар тарбиячи зиммасида қолмоқда. Бундай муҳитда ҳар бир бола билан индивидуал ишлаш, унинг иқтидорини аниқлаб, рўёбга чиқариш мумкинми? Бунда педагогнинг дастурда белгиланган машғулотларни бекаму кўст ўтиши ҳам амримаҳол. Унутманг, гап мактаб ўқувчиси ёки институт талабалари ҳақида эмас, боғча болалари ҳақида кетяпти. Ота-оналарнинг ўзи ҳам бу ёшда болаларнинг диққатини жамлаш, тартибга ўргатиш қанчалар қийин эканлигини яхши билишади.

- Пандемия даврида бир гуруҳга фақат 10-15 нафар бола қабул қилишга рухсат берилган эди, - дейди боғча директори Муборак Ривожева. – Ана шу оралиқда тарбиячиларимиз завқ билан ишлашди. Машғулотларнинг сифати, болаларнинг хулқи, мавзуларни ўзлаштириши ҳам сезиларли яхшиланган эди. Очиғини айтиш керак, 30 нафар болага бир нафар тарбиячининг “куч”и етмайди. Бундай гуруҳларда икки нафар тарбиячи ҳам қийналиб қолади.

Ривожланган давлатлардаги боғчаларда ҳар 10 нафар болага тарбиячи ва ёрдамчи ажратилар экан. Агар гуруҳда 30 нафар бола бўлса, улар билан бир нафар тарбиячи ва уч нафар ёрдамчи шуғулланади. Бизда эса бунинг акси. Тойлоқ туманини қўя туринг, Самарқанд шаҳрида бир гуруҳга 40 нафаргача бола қабул қилган боғчалар ҳам бор.

Маданият маҳалласига қайтсак. Бу ерда давлат боғчасидан ташқари 5 та оилавий боғча ҳам бор экан. Демак, бу ҳудуддаги болаларнинг асосий қисми оилавий боғчаларга жойлаштирилган. Маҳалла фаолларидан болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ҳақида маълумот олмоқчи бўлдик. Бироқ маҳалла марказига бориб, ҳеч кимни топа олмадик. Кейинроқ етиб келган маҳалла хотин-қизлар фаоли эса биз сўраган маълумотларга эга эмаслигини, унинг иши фақат хотин-қизлар билан ишлаш эканлигини айтиб, ҳайратимизни оширди. Раис маҳалла ишлари билан, профилактика инспектори жиноятчиликнинг олдини олиш билан шуғулланса, маҳалланинг болалари “етим” экан-да?!

 Оилавий боғчаларда шароит яхши, аммо...

Кейинги йилларда вилоятимизда оилавий боғчаларнинг сони кескин ортди. Бу айниқса, давлат мактабгача таълим муассасаси йўқ маҳаллалар, чекка қишлоқлардаги болаларни боғчаларга қамраб олишнинг энг осон ва қулай йўлига айланди. Хусусан, ҳудуд жиҳатидан унча катта бўлмаган Тойлоқ туманининг ўзида уларнинг сони 138 тани ташкил этмоқда. Тўғри-да, оилавий боғча очиш тадбиркор учун ҳар томонлама фойдали бўлиб қолди: оз эмас, кўп эмас, нақд 10 йил солиқ ва мажбурий ажратмалардан озод этиласан, болалар сонига қараб, давлат субсидия беради, ходимларинг маошини ҳам давлат тўлайди. Сиздан фақат ишни тўғри йўлга қўйиш ва болалар тақдирига виждонан ёндашиш талаб қилинади. Жавод Расуловнинг маълум қилишича, оилавий боғчалардаги тарбиячи педагог мутахассислигига эга бўлиши шарт экан. Талаб шундай, акс ҳолда, унга давлатдан ойлик ёзилмайди, дейилди.

Туманнинг Чароғбон маҳалласидаги якка тартибдаги тадбиркор Дилафрўз Расуловага қарашли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мисолида ҳолатни ўргандик. Дарҳақиқат, боғчадаги шароит ҳавас қилса арзигулик, хоналари иссиқ (17-ДМТТда иситиш мавсуми бошланмаганлиги учун хоналар зах эди), болалар ўйнаши ва спорт билан шуғулланиши учун алоҳида майдончалар бор. Эътиборлиси, боғчани ташкил этган Дилафрўз опа педагог бўлиб, тарбиячиликни ҳам ўзи қилар экан. Ота-оналар билан суҳбатлашганимизда улар оилавий боғчадаги таълим-тарбия жараёнидан қониқишини, шикояти йўқлигини айтишди.

- Даромадим маҳалладаги жамоат ишларидан эди, ҳозир ишсизман, - дейди оналардан бири. – Оилавий шароитим оғирлиги сабабли ўғлимни боғчага бермагандим. Масъуллар келиб ўрганишди, розилигимни олиб, ўғлимни ўзлари оилавий боғчага бепул жойлаштириб беришди. Тан оламан, илгари у кўп вақтини телевизор қаршисида ўтказганлиги сабабли тортинчоқ, инжиқ бўлиб қолганди. Ҳозир хулқи бутунлай ўзгарган. Одамларга хушмуомала, боғчадан келиши билан янги ўрганган нарсаларини айтиб, мени қувонтиради.

Бир қарашда оилавий бочғалардан болалар ҳам, ота-оналар ҳам хурсанд. Аммо хулоса қилишга шошилмайлик. Диққатни қаратиш керак бўлган жиҳат шуки, бу каби боғчалар одатда 25 ўринли бўлиб, бир гуруҳга турли ёшдаги болалар қабул қилинади. Масалан, биз борган боғчада ҳам бир гуруҳда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 25 нафар бола қабул қилинган. Шундан тўрт нафари мактабгача тайёрлов ёшида экан. Қизиқ томони, бу турдаги оилавий боғчаларда машғулотлар “Илк қадам” мактабгача таълим муассасаси давлат ўқув дастурининг ўрта гуруҳларга мўлжалланган режаси асосида ўтилади. Яъни, уларда болаларни кичик ва катта гуруҳларга бўлишнинг имкони йўқ. Шу боис машғулотлар умумий тартибда ташкил этилади. 50 ўринли оилавий боғчаларда вазият сал яхшироқ бўлиши мумкиндир, аммо унда ҳам бир гуруҳга тенг ёшли болаларни тўплаш қийин. Савол туғилади, келаси йил мактабга чиқиши керак бўлган болаларни ўқитиш нима бўлади?

Тўғри, қонунчиликка кўра, бу ёшдаги болаларни ҳудуддаги умумтаълим мактабларида ташкил қилинган мактабгача таълим синфларига бериш мумкин. Лекин бу ота-онанинг хоҳишига боғлиқ. Кўп ҳолларда кечгача ишда бўладиган катталар боласини мактабдан олиб кетишга вақт топа олмайди. Бундай оилалар учун ягона йўл фарзандини боғчада қолдириш бўлмоқда. Буни Дилафрўз Расулова ҳам тасдиқлади.

- Асосий муаммомиз ҳам шунда, - дейди у. – Мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналарига вазиятни тушунтиряпмиз. Лекин улар куни билан ишда бўлишини, мактабдаги икки соатлик дарсдан кейин болага қараб турадиган одами йўқлигини айтишмоқда. Биз ҳам қараб турганимиз йўқ, имкон қадар бу болалар билан алоҳида шуғулланишга ҳаракат қиляпмиз.

Айтиш керакки, бу туманнинг намунали оилавий боғчаларидан бири эди. Аслида, барча оилавий боғчаларда ҳам шароит, болаларга эътибор бир хил эмас. Ворсин маҳалласидаги якка тартибдаги тадбиркор Раҳима Исматиллоевага қарашли оилавий боғчада бўлганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Келишимиз болаларнинг кундузги уйқу вақтига тўғри келганлиги сабабли тарбиячи билан суҳбат қилдик. Очиғи, унинг саволларимизга берган ўлда-жўлда жавобларидан қониқмадик, тарбиячининг иш журналини сўрадик. Аммо у ҳам номигагина юритилаётган экан. Бу биз ўрганган иккинчи оилавий боғча эди. Қизиқ, тумандаги 138 та шу каби боғчадан яна нечтасида болалар тақдирига шундай муносабатда бўлинмоқда?

Асқар Баротов.

(Давоми бор)