Бўлган воқеа: Қалдирғоч келди

Март ойининг охирида қишлоғимизга қалдирғочлар учиб келди. Олдинига қишлоғимизни ўрганмоқчи бўлишгандай, ҳавода гир-гир айланиб учишди. Кейин симёғоч симларига қатор тизилиб, ўзининг “вижир-вижир” қўшиқларини куйлашди.
Бирор соат шундай тургач, бирин-кетин парвоз қилиб, жуфт-жуфт бўлиб, хонадонларга бўлинишди.
Кун илиқ, чой ичиб ўтирибмиз. Ташқарида қалдирғоч айланди, кейин ўзини деразага “дўп-дўп” урди. Онам гапираётган гапини, ичаётган чойини қўйиб, деразага яқинлашди. Бир қалдирғоч дераза рахига қўнганича, бизга қараб турибди.
- Худойим-ай, - деди онам. – У менга бир нималар деяпти.
- Қизиқмисиз, она, - гапирдим ҳайрон бўлиб. – Қалдирғоч ҳам гапирадими?
- Ҳа, болам, - оҳиста уқтирди онам. - Қалдирғоч ҳам гапиради, фақат уни тушуниш керак.
Онам пешонасини деразага тираб, ташқарига қаради. Худонинг бу меҳрибон қуши бир новдага қўнганича, ўз тилида вижирларди. Қўшиғининг охирида “чиғир-р” деб қўяди.
- Эшик..., эшикка қаранглар, - шундай дея онам даҳлизга отилди. Дарҳақиқат, ташқари эшик ёпилиб қолибди. Шамол қарсиллатиб урган, биз билмай қолибмиз.
- Бечора киролмай қолибди. Ким-қаёқлардан учиб келади-я! Мени деб келдингми, қалдирғочим? - шивирлаб унга гапира бошлади онам.
Даҳлизга кирган қалдирғоч қанотларини сийраб-сийраб учди, онамга жавобан шўх-шодон “вижир-вижир” қилди. Онам қалдирғоч билан сўзлашарди. Тавба, қалдирғоч ҳам онамни тушунгандай, шифтга қўнганича ўз тилида бир нималар дейди. Уни фақат онам тушунади. Мен Худонинг бу икки жонзотига қараб, ҳайратланаман. Кейин қуш хонамизда гир-гир айланди, сўнг ташқарига учиб чиқди. Бирор соатлардан кейин иккита бўлиб келишди. Шу куни улар даҳлизимизда, йўғон болорга қўниб ухлашди. Тонг саҳар уларнинг “вижир-вижир”ини эшитдим, лекин кўзимни очишга эриндим.
Онам хурсанд, киради-чиқади, худди уйимизга азиз меҳмон келгандай. Индасангиз ўша шифтга кўрпача солгудай. Чой ичаётганда ҳам икки кўзи қалдирғочларда.
-Ҳа, она, мунча хурсандсиз, – дейман.
- Болам-ай, қалдирғочимиз келди.
- Ҳа, келади-да, - дейман парво қилмай.
- Келмай қолса, нима қиламиз? – шивирлайди ваҳимага тушиб онам.
Яна ҳайрон бўламан, битта қушга шунча ваҳима, ташвиш!
- Қалдирғоч келмай қолса, ёмон бўлади, болам, - дейди онам у ён-бу ёнига қараб. - Ҳамманикига келса-ю, бизникига келмаса-я?... - Кейин ўзининг гапидан ўзи қўрқиб кетади. – Худо сақласин. Қалдирғоч келмаса бўладими? – деб яна шифтга хавотир олиб қараб қўяди.
- Эшик ёпиқ қолмасин, доим очиқ турсин, - кейин бизга ҳам ишонмай ўзи бориб, эшикни текшириб келади.
Онамнинг гапидан, унинг ташвишидан кейин мен ҳам эшикка қарайман.
- Қалдирғоч Яратган эгамнинг эрка қуши, болам. У одамларга яхшилик тилайди, қувонч олиб келади. Ҳар йили баҳорда минглаб хонадонлар унинг келишига кўз тикади, интиқ бўлиб кутади. Унинг келишида бахт-саодат бор. Шунинг учун у одамлар хонадонига уя қуради.
Бобораҳмат Муҳаммадиев,
Нуробод тумани, Тим қишлоғи.