Болтиқ тубидаги кимёвий қурол Европани ҳалок қилиши мумкин

Экспертларнинг ҳисобига кўра, Болтиқ денгизи тубида Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларида немислардан қолган 302 минг тонна жанговар заҳарли моддалар ётибди. Адамсит, Люизит, иприт, зарин ва заминдан иборат бу кимёвий заҳар сизиб чиқадиган бўлса 200 миллиондан кўпроқ Болтиқбўйида яшовчиларни ёстиғини қуритади.

Бу биринчи огоҳлантириш эмас, 1997 йилда «Денгиз экологик халқаро патрули», швед порти Люсечилда заҳарли моддаларнинг табиий тўпламини аниқлаган эди. Гап шундаки, иттифоқдошлар авиацияси Германия ҳудудидаги «мудроқ ўлим» омборларини бомбардимон қилишмаганди, омборлар ва улардаги кимёвий қуроллар тўлиғича озодлик армиялари ихтиёрида қолдирилган эди. Уларни йўқ қилиш мутлақо махфий равишда 1947 йил 31 декабргача белгиланган эди. Ҳар бир давлат ўзига тегишли ҳудуддаги омборларни йўқ қилиш мажбуриятини олганди.

Потстамда тўртта давлат – АҚШ, Буюк Британия, Франция ва СССР ушбу ҳужжатни имзолаган эди. Ҳар бир томон ўзи босиб олган, ҳудуддаги жанговар қуролни йўқ қилиш учун жавобгар эди.

Америкалик ва инглизларга 60 минг тонна заҳарли модда тегди. Улар заҳарли моддаларни бочкалар ва эски немис идишларида Атлантиканинг бирор чуқур жойида чўктиришга қарор қилишади. Бироқ об-ҳаво шароити бунга имкон бермайди. Хавфли ўлжани Болтиқ денгизида Скогаррак ва Каттегат кўрфазларига «дафн» этишга қарор қилинади.

Чўктирилган кимёвий қуроллардан энг хавфлиси иприт ҳисобланади, у Болтиқбўйидаги «ажал гази»нинг 80 фоизини ташкил қилади. Иприт – заҳарли газ Германияда ихтиро қилинган. Биринчи жаҳон урушида Бельгиянинг Ипр шаҳри аҳолисини қиришда ишлатилган. Газнинг номи ҳам шундан. Иприт гази дарҳол ўпкани шишириб, ўлимга олиб келади.

Болтиқ ҳудудини Гитлернинг «ажал қуроли»дан қутқариш учун 76 йил илгаридагидек бутун жаҳон биргаликда ҳаракат қилиши керак, деб ёзади «Мир новостей» (2021 й, 24-сон) газетаси.

Т.Шомуродов тайёрлади.