Бозорларда тартиб ўрнатишнинг вақти келмадими?
Қадимда сайёҳу элчилар бирор давлатнинг қудрати, халқининг маърифату маданияти ҳақида билишни истаса, бозорини кўздан кечирган экан. Айнан бозорлар шу юртнинг юзи ҳисобланган. Шу боис уларнинг ободлиги, тартиблилиги, сотувчи ва харидорларнинг маданияти ҳамма замонларда ҳам умумэътиборда бўлган.
Кейинги йилларда бозорларни ободонлаштириш, уларни тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган туризм масканларига айлантириш масаласи кун тартибидан тушмай келмоқда. Бу борада ҳукумат қаторлари қабул қилинди, манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Аммо барча саъй-ҳаракатларга қарамай, белгиланган тартиб ва меъёрларга ҳамма жойда бир хил амал қилиняпти, дея олмаймиз.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган назорат текширувлари натижаси айни фикримиз исботи бўла олади. Жумладан, Тойлоқ туманидаги “Тойлоқ”, “Жумабозор”,Ургут туманидаги “Деҳқонобод”, Пахтачи туманидаги “Чоршанба” деҳқон бозорлари ва Оқдарё туманидаги “Оқдарё” деҳқон бозорининг Янгиқўрғон филиалида фуқаролар ҳеч бир ҳужжатсиз, архитектура ва шаҳарсозлик қоидаларига зид ҳолда қурилган бино ёки кўча шароитидаги чанг-тўзонда санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаган ҳолда калла-поча, ҳасип, нўхат шўрва, кабоб сингари сифати тез бузиладиган таомларни тайёрлаб сотаётганлиги аниқланди. Пайариқ туманидаги “Челак” ва “Пайариқ” деҳқон бозорининг жойлардаги филиалларида ҳам сотувчилар уй шароитида тайёрланган гўжа ва аччиқ ош таомларини сотаётган ҳолда топилди.
Булунғур туманидаги “Булунғур”деҳқон бозори ва унинг Оқтепа филиали, Жомбой туманидаги “Жомбой” деҳкон бозорининг Журият филиали, Паст Дарғом туманидаги “Уч Қора” деҳқон бозори, “Нуробод” деҳқон бозорининг Жом ва Меҳнаткаш филиалларида “уддабурон” сотувчилар бошқа турдаги тадбиркорлик гувоҳномасига эга бўлган ҳолда, ўтириш ўринларини ташкил этиб, бир неча турдаги таомларни антисанитария ҳолатларида тайёрлаб сотаётганлигига гувоҳ бўласиз. Шу каби рухсат берилган тартибни ўзига “мослаштириш” ҳолатларини деярли барча бозорда учратиш мумкин. Улар орасида талаб юқори бўлган чанқоқбости ичимликлар, аччиқ ош, чалоб ва шарбат сотувчилари кўпчиликни ташкил қилади. Айни мақсадда ишлатилаётган идишларнинг нотоза сувда чайилиб, қайта ишлатилаётганлиги турли юқумли касалликларнинг тарқалиши эҳтимолини ошириши ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Президентнинг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарори билан бозорлардаги савдо ўринларини жисмоний шахсларга фақат уларнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида руйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда берилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, аксарият бозорларда давлат рўйхатидан ўтмаган “тадбиркор”лар ҳам бемалол фаолият юритмоқда. Жумладан, “Иштихон” ва “Челак” бозорларида қўлда, номаълум шароитда тайёрланган пишириқлар сотуви авжида. Ҳужжатсиз қандолатчиларнинг ўз маҳсулотларини сифат назоратисиз сотиши ва бозорнинг ўзида тановул қилишни ташкил этиши Жомбой, Тойлоқ, Каттақўрғон, Нарпай туманидаги бозорларда ҳам одатий ҳолга айланган.
Иккиламчи чорвачилик ва сут маҳсулотлари савдоси Самарканд шаҳридаги “Темирйул”, Булунғур туманидаги “Булунғур”, Иштихон туманидаги “Иштихон”, Пайариқ туманидаги “Челак” деҳқон бозорларида талаб даражасида ташкил этилмаган. Ушбу келиб чиқиши номаълум, сифатини кафолатловчи хужжатлари бўлмаган маҳсулотларнинг очиқ пештахталарда сотилаётганлиги ачинарли ҳолдир. Бу қонунбузарликни содир этаётган ва уларга шароит яратиб бераётганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши, агарда айни ҳаракат оқибатида инсон ҳаёти учун хавфли омиллар келтириб чиқарса, жиноий жавобгарликка тортилишини биладими?
Айтиш жоизки, бошқармамиз томонидан вилоятдаги 12 та бозорда амалга оширилган тадбирлар давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 10 нафар бозор масъулига маъмурий баённомалар тузилиб, суд идораларига юборилди. Ҳар бир бозор раҳбариятига санитария талабномалари берилди. Шунингдек, назорат тадбирлари давомида сифатсиз деб топилган 4096 килограмм, жумладан Пахтачи туманида 593 килограмм, Иштихон туманида 562 килограмм, Оқдарё туманида 634 килограмм, Тойлоқ туманида 847 килограмм маҳсулотнинг истеъмол учун ишлатилиши тақиқланди.
Биз бу билан бозорларда тартиб ўрнатилди, демоқчи эмасмиз. Бу рақамлар умумий ҳолатнинг бир қисмини ифода этади, холос. Муаммо фақат санитарияда эмаслиги, бозорлардаги умумий муҳит ҳам жиддий эътиборга муҳтожлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларда қонун устуворлиги таъминланмас, жараёнда жамоатчилик назорати кучайтирилмас экан “юз”имиздаги доғ бўлиб қолаверади. Бозорларга тартибни, маданиятни қайтариш учун бир ёқадан бош чиқариш вақти келди.
Латиф Рустамов,
вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат
саломатлиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.