«Бу қадамлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига туртки беради»: Сингапурлик таниқли иқтисодчи Ўзбекистоннинг Германия билан ҳамкорлиги ҳақида
Сингапурнинг «Meinhardt» компанияси ижрочи раиси Шаҳзод Насим Ўзбекистон Президентининг Германияга амалга оширган ташрифидан сўнг бу борада ўз фикрини билдирди.
“Германия билан алоқалар мустаҳкамланаётгани бугунги ўзаро боғланган дунёда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги юксалаётганидан далолатдир.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма лойиҳалар сони икки баробар ортгани, шунингдек, Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган сармояси сезиларли даражада ошгани эътирофга лойиқ. Ташриф доирасида ўтказилган қўшма бизнес-форум, умумий қиймати 9 миллиард доллар миқдорда савдо, сармоявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган келишувлар икки давлат равнақига хизмат қиладиган салмоқли ютуқлардир.
Биз ушбу ўзгаришларни олқишлаймиз, чунки улар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда тараққиёт ва иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшади.
Шунингдек, Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳамда ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тезроқ имзоланишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиргани ҳам диққатга сазовордир.
«KfW», «Дойче-банк» ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан келишувлар, шубҳасиз, немис компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини мустаҳкамлайди.
Менимча, ушбу қадамлар нафақат Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига, балки унинг глобал савдо тармоғига янада самарали интеграциялашувига ҳам ҳисса қўшади. Шунингдек, республикага ўзи учун очилган янги бозорларга дадил кириб бориш, миллий иқтисодиётнинг экспоненциал ривожланишини давом эттириш учун энг янги технологиялар ва капитал бозоридан фойдаланиш имконини беради” дея иқтисодчининг фикрларини келтирмоқда "Дунё АА".