Бу йилги сайлов янги қоидалар асосида ўтказилади
Бу йилги сайловнинг аҳамиятли томони нимада? Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг вазифалари нималардан иборат? Сайлов жараёнида жамоатчиликнинг ўрни қандай бўлиши керак?
Давлат бошқаруви академиясида Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун бошланган ўқув-семинар шу ва сайлов билан боғлиқ долзарб масалаларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Барча вилоятлар қатори 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзолари ҳам семинарда онлайн тарзда иштирок этди.
- Бу йил биринчи марта сайлов мамлакатимизда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади, - дейди 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси Феруза Хонкелдиева. - Кодекснинг ишлаб чиқилишида 20 дан ортиқ хориж давлатларининг тажрибаси ўрганилгани, халқаро ташкилотларнинг таклифлари кўриб чиқилгани аҳамиятли. Қолаверса, чет давлатларда яшовчи фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритилиши бўйича тартиблар белгиланиши ҳам ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи таъминланишига хизмат қилади. Семинар давомида сайлов жараёни билан боғлиқ муҳим маълумотларга эга бўлдик.
Гулруҳ Мўминова.