Бу йилги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Гран-при соҳибига 10 000 АҚШ доллар мукофот пули берилади
Афросиёб деворий суратларида дўмбира, қўбиз, сибизға, чанқовуз, чанг, рубоб, танбур, уд сингари мусиқа асбобларининг бўлиши ёки воҳамизнинг Мўминобод даҳасида 3 минг йиллик най чолғусининг топилиши Самарқанд мусиқа санъатининг қадимийлигидан далолат беради.
Самарқандда юксак ривожланган оғзаки анъаналарнинг профессионал санъати мавжуд. Бу масканда шашмақомнинг ажойиб усталари, моҳир хонанда ва созандалар етишиб чиққан. Ўзбек мумтоз куй ва қўшиқларининг муаллифлари Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, унинг шогирдлари Оқилхон, Левича, Муҳиддин Қориёқубов, Камол Ҳофиз, Маърифатхон, Мақсадча, Юнус Ражабий, Қори Юнус Юсупов, Шарифжон Акрамовлар шулар жумласидандир. Ўша вақтларда Ҳожи Там-там номи билан машҳур бўлган Ҳожиқурбон Ҳомидов ҳам бир қанча ўзбек созанда ва хонандаларига мураббийлик қилган.
Самарқандда шарқ наволари қадимдан ривож топгани, бу ҳудудда кўплаб миллатларни бирлаштирди. Ҳар икки йилда ўтказилиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг нуфузи йилдан-йилга ошиб, турли миллат ва элатлар ўртасида маданий кўприк вазифасини ўтаб келмоқда. Зеро, мусиқа дилларни дилларга пайванд қилиб, жонга роҳат бахш этувчи нафис бир тилки, у тилмоч-у таржимага ўрин қолдирмайди.
Шарқ халқларининг бетакрор миллий мусиқаси ва қўшиқларини кенг миқёсда тарғиб этиш, ёш авлодда миллий мусиқа санъатига бўлган муҳаббатни кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ҳамда ижодий ҳамкорлик ва маданий - маънавий алоқаларни кенгайтириш "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Мазкур нуфузли фестивалнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бир қатор ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий сабабларга эгадир. Чунончи, Самарқанд азалдан нафақат Шарқ, балки жаҳон аҳамиятига молик сиёсий марказ бўлиб келмоқда. У асрлар давомида дин ва маърифат ўчоқларидан бири сифатида эътироф этилиб келинган.
Халқаро мусиқий фестивал фақатгина ижрочилик маҳорати кўриги билан чегараланиб қолмай, ҳар галги анжуман доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-ижодий конференцияларни ҳам ўз ичига қамраб олди. Фестивал доирасида халқаро илмий анжуманлар ўтказилиши ҳам анъанага айланган. Бу конференцияларда Шарқ халқлари мусиқа санъатининг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан маърузалар тингланади.
Анжуманларнинг бирида санъатшунос Шандор Сабонинг (Венгрия) “Венгер мақомини тадқиқ қилиш” номли маърузаси кўпчиликда янгилик сифатида улкан қизиқиш уйғотади. Муаллиф Венгер халқининг узоқ ўтмиши қадим шумер ва оссурийларнинг этник илдизлари билан туташ эканлиги ва ўз навбатида бу венгер маданий ҳаётида ҳам ўз инъикосини топиб улгурганлигига урғу берди. У ўз фикрларининг исботи сифатида Венгрияда кенг тарқалган удсимон, аммо икки дастали “кобур” (қобуз, кобуз сўзларидан келиб чиққан) чолғусида куйлар ижро этиб, муайян таассуротлар уйғотди. Таниқли бастакорнинг бетакрор чолғуси садоларини тинглар экансиз, ундаги нола ва мусиқий безакларнинг уд ва танбурга ниҳоятда ўхшашлигини ҳис қилдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги қарори билан “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низоми тасдиқланди. Унга кўра, Гран-при соҳиби 10 000 АҚШ доллари билан тақдирланиши, номинацияларга ҳам 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари берилиши фестивалнинг нуфузини ошаётганидан, унга бўлган эътиборнинг кучаяётганидан далолатдир.
Шомурод Мустафаев,
СамДУ мусиқа таълими кафедраси мудири
педагогика фанлари доктори,
Жаводбек Козимов,
СамДУ доценти.