Бугун Бутунжаҳон телевидение куни: “STR”да жонли эфирлар соати қанчага ортди?
БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йилдаги қарорига кўра, 21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни сифатида белгиланган. Шу баҳона вилоят телерадиокомпанияси директори, вилоят Кенгаши депутати Мирзо Ихтиёровга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
- Кейинги йилларда вилоят телерадикомпанияси фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақидаги маълумотингиз билан суҳбатни бошласак.
- Бугунги телетомошабин кечагисидан фарқ қилади. Унинг талаби ҳам ошган. Ана шу талабга муносиб бўлиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Кейинги давр Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси учун ҳам ўзига хос ижодий юксалиш йиллари бўлди. Бугунги кунда вилоят телевидениесининг бир кунлик эфир ҳажми 18 соатни ташкил қилади. Ўтган давр мобайнида “Махсус репортаж”, “Маънавият сабоқлари”, “Биз томонларда”, “Ассалом, Самарқанд”, “Мурожаат ва ижро” каби янги рукнлар остидаги кўрсатувлар тайёрланиши йўлга қўйилди.
Энг асосийси, кейинги йилларда телетомошабинлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда дастурлар тайёрлана бошлади. Бир қолипга тушиб қолган, телетомошабин ва радиотингловчига маъқул бўлмайдиган, эфир соатини тўлдириш учун номига тайёрланадиган кўрсатув ва эшиттиришлардан мутлақо воз кечиляпти. Бунинг ўрнига тезкор жараёнлар, янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида лавҳа ва эшиттиришлар тайёрлаб, эфирга узатишга, одамларни яқин вақт ичида вилоятда рўй бераётган янгиликлар билан ўз вақтида таништириб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва депутатлар фаолиятини ёритувчи “Депутат минбари”, вилоятдаги секторлар ҳаёти хусусида “Секторда бир кун”, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи юртдошларимиз турмуш тарзини борича кўрсатадиган “Биз томонларда”, фуқароларнинг мурожаатлари асосида тайёрланадиган “Мурожаат ва ижро”, жойлардаги муаммоли масалалар ва уларга нисбатан жамоатчилик эътиборини қаратувчи “Агар хулоса қилмасак, халқ бизни кечирмайди”, вилоятдаги тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимлари иштирокидаги “Очиқ мулоқот” сингари 20 дан ортиқ кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.
- “Очиқ мулоқот” дастурида тилга олинган муаммолар жойларда қай даражада ечим топяпти?
- Бу кўрсатув жонли тарзда, тўғридан-тўғри эфирга узатиляпти, шунинг учун бугун халқнинг ҳақиқий минбарига айланди. Мазкур дастурнинг ҳафтанинг душанба куни эфирга узатиладиган сонларида шаҳар ва туманлар ҳокимлари, пайшанба куни эса вилоятдаги ташкилот ва бошқармалар масъул раҳбарлари иштирок этиб, вилоят аҳолисидан тушган саволларга жавоб қайтариб, уларнинг мурожаатларига ечим топишга интилмоқда. Мазкур жараёнда эса фуқаролар ўз саволларини телефон ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда беришяпти. Энг асосийси, ушбу кўрсатув орқали кўплаб юртдошларимизни қийнаб келаётган масалалар ижобий ҳал этиляпти. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида дастур орқали фуқаролардан 1500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Таҳлилларга кўра, кўрсатувда кўтарилган муаммоли масалаларнинг 82 фоизи бугунгача ўз ечимини топган. Қолган мурожаатлар ҳам назоратдан олинган эмас, вақт талаб қилгани боис ижроси бироз ортга сурилмоқда.
Мазкур кўрсатувнинг таъсирчанлигини ошириш учун бугун катта ижодий ва техник жамоа ишламоқда. Айниқса, жойлардан ўтган галги кўрсатувда тушган мурожаатларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилиб, танқидий ва таҳлилий лавҳалар тайёрланяпти.
- Сизнингча, танқидий, таҳлилий кўрсатувлар сонини кўпайтириш лозимми ёки мавжудларининг самарадорлигини оширишга эътибор қаратиш керакми?
- Ҳар бир мурожаатни ўрганишда журналистларимиз ваколати доирасида иш тутади. Тўғри, кимнидир “Алимент пули тўламадинг”, деб қамаб қўйиш ваколати йўқ бизда. Бироқ, муаммога ижро ҳокимияти, тегишли органлар, жамоатчилик эътиборини қаратишга ҳаракат қиламиз. Энди ушбу йўналишдаги кўрсатувларимизда ёндошувни сал ўзгартириб, давр талабига жавоб берадиган тарзда тайёрлашимиз керак. Кўрсатувлар сонини кўпайтириш эмас, балки мавжудларида самарадорликка эришиш асосий вазифамиз бўлади.
- Вилоят телерадиокомпаниясида ҳозиржавоблик, ахборотни қисқа муддатда етказиш борасида қандай ишлар қилиняпти?
- Бугун тезкорлик борасида интернет ва ижтимоий тармоқларнинг имконияти анча кенгайди. Бироз аввал вилоятнинг қайсидир бурчагида содир бўлган воқеа-ҳодиса соат эмас,дақиқалар ичида эскириб улгурмоқда. Одамлар бирор воқеа-ҳодиса ҳақида қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқлар орқали маълумот оляпти. Бу жараёнда телевидение ва радионинг имкониятларини замонавий технологиялар асосида ишга соляпмиз.
Жорий йил бошидан айнан ўша жиҳатлар эътиборга олиниб, “Кун хабарлари” информацион дастури йўлга қўйилди. Мазкур дастур кун давомида уч маротаба, иложи борича икки соатда янгиланиб, эфирга бериляпти. “Диёр янгиликлари” информацион дастурида ҳам асосий янгиликлар тезкор равишда эфирга узатилишига эътибор қаратяпмиз.
Глобал интернет ва ижтимоий тармоқлар тобора оммалашиб бораётган бир пайтда ахборот тезкорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмасак, телетомошабин ва тингловчилар эътиборини йўқотишимиз мумкин.
- Телевидение ва радио кўпроқ техник янгиланишни ёқтиради. Шу нуқтаи назардан вилоят телерадиокомпаниясида қандай ишлар қилинди?
- Дарҳақиқат, техника телевидение ва радиода янги имкониятларни яратади. Ижодий ва техник ходимларнинг иш самарадорлигини оширади. Шу маънода Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясини техник жиҳозлаш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти.
Биргина 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан 2 та автотранспорт воситаси ажратилди. Вилоят ҳокимлиги эса 1 та фотокамера, 3 та телекамера олиб берди. Натижада жойлардан лавҳа ва репортажлар тайёрлаш учун мўлжалланган телекамералар сони 12 тага етди. Очиғини айтиш керак, бир пайтлар 4 та телекамера билан жойлардаги тадбирлар, муҳим учрашувларни қамраб олишга ҳаракат қилганмиз. Эндиликда эса бу йўналишдаги ишларимиз анча жонланди. Теледастурларнинг географияси кенгайди, ранг-барангликни таъминлашга эришяпмиз.
Яна бир янгилик. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан бир дона учувчисиз қурилма (Дрон) ва юқорида таъкидлаганимдек, бир дона жойлардан тўғридан-тўғри репортаж тайёрлаш имкониятини берувчи “АВИВЕСТ” қурилмаси билан таъминландик. Буларнинг барчаси глобал интернет тармоғи ривожланиб бораётган бир пайтда ахборот тезкорлигини таъминлаш, вилоятнинг турли бурчакларида бўлаётган воқеликларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш имкониятини яратяпти. Бундан ташқари “РОНИН” қурилмасига эга бўлдик.
Ёрмамат Рустамов суҳбатлашди.