Бугун Нодирбек амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга қарши дона суради

Польша пойтахти Варшава шаҳрида шахматнинг блиц ва рапид йўналиши бўйича FIDE жаҳон чемпионати давом этмоқда.
Умумий мукофот жамғармаси 1 миллион долларни ташкил қилувчи ушбу нуфузли мусобақада ёш гроссмейстерларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин ва Жаҳонгир Воҳидовлар ўз маҳоратларини намойиш этишяпти.

Эътиборлиси, 17 ёшли гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов 9-турдан сўнг 7 очко жамғарган ҳолда қўшимча коэффицентларга кўра иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Нодирбекдан ярим очко кўп жамғарган амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен чемпионатда пешқадамлик қиляпти.

Бугун 10-турда Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Магнус Карлсенга қарши баҳс олиб боради. Кеча Нодирбек қора доналарда ўйнашига қарамай, исроиллик машҳур гроссмейтер Борис Гельфандни мағлубиятга учратди.