Бугун Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов туғилган кун
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган.
Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга.
Меҳнат фаолиятини 1960 йил Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. Кейинчалик, Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлаган. 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтган.
Ислом Каримов 1983 йил Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986 йил Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 августда И.Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.
Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун “Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвони билан тақдирланган.
Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни, 78 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди, 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида дафн этилди.