Бугуннинг ўқитувчиси. Биз унинг савиясидан нега қониқмаяпмиз?
Ўқитувчи - одамларга нур, зиё, гўзаллик бахшида этувчи ИНСОН. У ўзининг ана шу хислати билан бошқалар учун ибрат намунасидир. Шу боис, эл-юртга маърифат улашиб, маънавият чашмасидан баҳраманд этган ўқитувчи доимо одамлар иззат-икромига сазовор бўлиб келган. Халқимиз зиё улашувчи одамларни мулла (яъни, зиёли), илму урфон аҳлини эса домулла (катта мулла, катта зиёли) деб атаб, маърифат аҳлига бўлган ҳурматини ифода этган.
Ривоят қилишларича, бир киши аввал устозига, сўнгра отасига салом беради. Бунинг боисини сўраганларида, у "Аллоҳнинг қудрати ила отам мени дунёга келтирди, устозим эса мени кўкларга кўтарди", деб жавоб берган экан.
Улуғ Соҳибқирон бобомиз Амир Темур устози Мир Саид Бараканинг оёқ томонига дафн этишларини васият қилгани ҳам устозларга бўлган ҳурмат-эҳтиром рамзидир. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз И.Каримов хотирасига бўлган муносабати ҳам устозга нисбатан ҳурматгина эмас, балки инсонийликнинг юксак намунасидир.
Мамлакатимизда ўқитувчи ва мактабнинг қадрини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтирмайман. Чунки бу ислоҳотларни барчамиз билиб, кўриб турибмиз. Шунинг учун камина соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикрлашмоқчиман.
Бугунги кунда вилоятимизда 1214 умумий ўрта таълим мактабида 49 мингдан зиёд ўқитувчи ёшларга таълим беради. Уларнинг 82 фоизи олий маълумотли, 1,6 фоизи олий тоифали, 60 фоиздан кўпроғи тоифага эга бўлмаган мутахассис ўқитувчилардир.
Халқ таълими вазирлигининг сайти (uzedu.uz)да келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатимиз миқёсида 450 мингдан зиёд халқ таълими ходимлари орасида олий маълумотли ўқитувчилар сони 371 392 нафар бўлиб, уларнинг 2,5 фоизини олий тоифалилар ташкил қилади.
Эътибор берган бўлсангиз, вилоятимиздаги тоифаси бор ўқитувчилар республика кўрсаткичидан кам. Албатта, ушбу ҳолат қониқарли эмас.
Тўғри, вилоятимиз ўқитувчилари орасида ўзининг меҳнати ва жонкуярлиги билан обрў топаётганлар кўпайиб бормоқда. Масалан, шу кунга қадар уларнинг 381 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган. Айниқса, кейинги уч йилда 18 киши "Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвонлари, "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати", "Фидокорона хизматлари учун", 2-даражали "Соғлом авлод учун" орденлари, "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
Кейинги икки йилда юртимизда ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш борасидаги қулай шарт-шароитларнинг яратилиши устоз-муаллимларнинг кўнглини кўтарди. Биргина 2018 йилнинг ўзида республикамиз умумтаълим мактаблари 16 мингдан зиёд ёш мутахассислар билан бойитилди, 13 мингдан зиёд эркак муаллимлар мактабга қайтди.
Давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тизимда энг замонавий, илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларни татбиқ этиш муҳим вазифа сифатида қўйилди.
Шундан келиб чиқиб, бугун қайта тайёрлаш ва малака ошириш масалаларига замон талабларига мувофиқ ижодий ва комплекс ёндашиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Бундай мақсадга педагогнинг билими ва маҳоратини ошириш орқали эришиш мумкин, албатта. Ушбу жараён фақатгина таълимни бошқариш органларининг эмас, аввало педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари фаолиятининг асосий йўналишидир.
Бундан буён ўқитувчи таълим беришда асосий эътиборни дарснинг сифат ва самарадорлигига қаратиши, ўқувчида фан бўйича билим, кўникма, малака ва компетенцияларни шакллантириб, ривожлантиришда бор маҳоратини ишга солиши керак бўлади. Шунга қараб иш ҳақининг оширилган ставкасига эга бўлиши мумкин.
Ўзим ҳам ўқитувчиман. 40 йиллик тажрибамга асосланиб айта оламанки, ҳеч қайси даврда ўқитувчига бу қадар имконият ва имтиёзлар берилган эмас.
Бироқ, масаланинг бошқа томони ҳам бор: бугун ўқитувчилар бу ғамхўрлик ва эътиборга жавобан ўз фаолиятида қандай ўзгаришлар қиляпти? Умуман, ўқитувчининг айни пайтдаги фаолияти, унинг билим ва педагогик маҳорат бобидаги савияси, маънавий қиёфаси, инновацион ўзгаришларга мойиллигидан кўнглимиз тўляптими?
Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида қатор кузатув, таҳлил ва сўровлар ўтказдик.
Хусусан, ярим йил мобайнида малака ошириш курсларига келган муаллимларнинг билим, кўникма ва малакасини синовдан ўтказганимизда, натижа ўта пастлиги, ҳатто аянчли ҳолатда эканлиги маълум бўлди. Аянчли деб айтишимизга сабаб - синов 11-синф умумтаълим фанлари ҳажмида, муаллим дарс бериб келаётган ўқув материаллари асосида ўтказилди. Синовда олий маълумотли тингловчи-ўқитувчилар иштирок этишди.
Натижага кўра, уларнинг атиги 6 фоизи "5", 20 фоизи "4", 33 фоизи "3" баҳо олди. 41 фоиз тингловчиларнинг билими қониқарсиз баҳоланди!
Энди ўзингиз холисанилло айтинг: мактаб дастурини билмайдиган ўқитувчидан нимани кутиш мумкин? Олий маълумотли ўқитувчи диктант ёза олмаса, келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг тақдирини шундай ўқитувчига ишониб топшириш мумкинми? Бунга қайси ота-она рози бўлади? Ахир, бу энг аввало, касбга, келажак авлодга хиёнат эмасми?
Бундай ачинарли ҳолат қачон ва қандай вужудга келди? Албатта, бунинг объектив ва субъектив сабаблари кўп. Айбни жамиятдан, бошқарув тизимидан, бир-биримиздан излаш ҳолати ҳам йўқ эмас. Лекин, нима бўлганда ҳам, бунга биринчи галда ўқитувчининг ўзи сабабчи эмасми?
Бундай ҳолат юзага келишига ўз касбини жондан севиб, уни ҳаётининг мазмуни, деб биладиган фидойи ўқитувчиларнинг камайиб кетгани, кўплаб муаллимлар ўз устида ишламай қўйгани, ўқитувчилик шунчаки эрмакка айлантириб қўйилгани, таълимнинг бошқарув органлари ва мактаб раҳбарлари томонидан назоратнинг бўшаштириб юборилгани сабаб бўлди, десак янглишмаймиз.
Ҳаммамиз гувоҳи бўлганимиздек, 2018 йилнинг ёзида олий ўқув юртларига қабул синовларида абитуриентлар кўрсатган натижалар аввалги йиллардагидан паст бўлди. Нега? Чунки қабул жараёнлари адолатли ўтди, ноҳақликларга йўл қўйилмади. Абитуриент, яъни битирувчи ўзида бор билимни, ҳақиқий кучини кўрсатди - "3" баҳога лойиқ натижа кўрсатган кўпчилик абитуриентлар талаба бўлди. Қолганлар, яъни, ўқишга ҳужжат топширмаган ёшлар-чи? Уларнинг билим даражаси қандай экан?
Аслида олий ўқув юртига кириш жараёнида, яъни қабул тестларида абитуриент қайд этган натижа ўқитувчига берилган баҳо, десак тўғри бўлади. Ўқувчининг билимини нохолис баҳолашга чек қўйилмас экан, бундай ҳолат давом этмаслигига кафолат бериш қийин.
Тушунаман, таълим тизими ҳолати мамлакат келажагини белгилашини ҳисобга олмай, бу тизимда молиявий қисқартиришлар қилиб, катта хатога йўл қўйдик. Аммо Президент Ш.Мирзиёев белгилаб берган стратегик йўналишлар бу камчиликни босқичма-босқич тузатишга имкон яратади.
Босқичма-босқич деганим бежиз эмас. Таълимдаги нуқтаи назар тез кунда ўзгарадиган ҳолат эмас. Бу масалада "уни қилдик", "буни қилдик" деган маълумотномалар беришга йўл қўймайлик. Муаллимга имтиёз бериш баробарида унинг масъулиятини ҳам ошириш чораларини кўрайлик.
Таълимдаги камчиликларни яшириш, хаспўшлаш нимага олиб келишини кўрдик. Шундай экан, муаммоларни ўртага ташлаб, унинг ечимига жавоб излайлик.
Таълим масалаларига бағишлаб жойларда ўтказилган йиғилишларда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов айрим ўқитувчиларнинг ўз фанидан оддий саволларга жавоб бера олмаганини, ҳатто мактаб раҳбарларининг билимсизлигини ғоят ўринли танқид қилган эди. Вилоят раҳбарининг куюниб билдирган танқидий фикрларидан тегишли хулоса чиқариш мақсадида кенг кўламда кузатув ва таҳлиллар олиб бордик. Келинг, уларга асосланиб, бугун ўқитувчиларимиз фаолиятидаги асосий камчиликлар нималардан иборат эканлигига эътибор қаратайлик.
Энг катта камчилик - бу касбий компетентликнинг етишмаслиги. Айрим ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлиги ва тажрибаси, ўзини ўзи англаши, ўз кучи ва билимига ишониши, ўз мутахассислигини пухта билиши ва шу каби касбий камолотни белгилаб берувчи хусусиятларни намоён қила олмаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.
Иккинчидан, кўплаб ўқитувчиларнинг ўз устида мустақил ишлашга ўрганмаганлиги, илғор тажрибаларни, тизимдаги янгиликларни ўрганиб, иш фаолиятида қўлламаслиги уларнинг замондан ортда қолишларига сабаб бўлмоқда. Муаллимларнинг ўз устида мустақил ишлашини мувофиқлаштириш тизими ҳам йўқ.
Учинчидан, ўқитувчининг ўз ишига ижодий ёндашмаслиги. Кўпгина ўқитувчилар дарс машғулотларида янги, инновацион методларни қўлламаслиги (аниқроғи, қўллай олмаслиги), замонавий педагогик технологиялардан фойдаланмаслиги, аксарият муаллимлар эса педагогик технологияларни бесамар қўллаётир.
Тўртинчидан, кўпчилик ўқитувчилар, ҳатто мактаб раҳбарлари ҳам дарсларни комплекс таҳлил қилишни билмайди. Семинар ёки тренингларда баъзи ўқитувчиларга дарсни таҳлил қилинг, десангиз "машғулот менга ёқди" ёки "менга ёқмади" дейишдан нарига ўтолмайди. Дарс методик жиҳатдан қандай ташкил этилди, дарснинг илмийлиги қандай, ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат, дарс психологик талабларга жавоб берадими ёки йўқми, машғулотда қўйилган мақсадга эришилдими - афсуски, булар ҳақида кўп ўқитувчилар ҳатто тушунчага ҳам эга эмас. Бундай ўқитувчилар мантиқий фикрлаш, тадқиқ қилиш, ҳисоблаш, ўлчаш, ясаш, синаш, кузатиш, солиштириш, хулоса чиқариш, мустақил қарор қабул қилиш каби педагогик усулларни билмайди.
Бешинчидан, баъзи ўқитувчиларнинг дарс ишланмаси (конспект) ёзиш, машғулотнинг технологик харитасини тузишни билмаслиги ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аксарият ўқитувчиларнинг конспектида дарснинг ташкилий қисми, ўтилган мавзуни сўраш, ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш, янги мавзуни тушунтириш, мустаҳкамлаш, ўқувчилар билимини баҳолаш, уйга вазифа бериш каби таркибий қисмлар тўлиқ ёритилмайди.
Олтинчидан, кўплаб ўқитувчиларимиз дунёда бўлаётган глобал ўзгаришлар, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги туб ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини яхши билмаслиги, ташқи сиёсатдан бехабарлиги, бир сўз билан айтганда, ғоявий ва мафкуравий савиянинг етишмаслиги ҳам уларнинг ижтимоий мавқеига салбий таъсир кўрсатади.
Еттинчидан, кўплаб ўқитувчиларнинг компьютер технологияларидан фойдаланишни ҳанузгача етарли даражада ўзлаштирмаганлиги уларнинг ўз устида мустақил ишлашларига яна бир тўсиқ бўлиб "хизмат қилаяпти". Бугунги кунда ҳар бир муаллимнинг қўлида қимматбаҳо телефон бор, лекин улар ижтимоий тармоқлар, таълимга оид сайтлар ва каналлардан фойдаланишни билмайди. Энг ачинарлиси, улар Ахборот-таълим портали (eduportal.uz), Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (uzedu.uz), Ўзбекистон Республикаси жамоат таълим ахборот тармоғи (ziyonet.uz), Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази (multimedia.uz), вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази (sammoi.uz) каби таълимга оид сайтлар, "Бошланғич таълим ўқитувчилари", "Инглиз тили ўқитувчилари", "Маърифат", "Зиёкор", "Ўқув курслари" каби телеграм каналлари фаолият юритаётганлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас.
Халқ таълими вазирлиги томонидан барча фанлар бўйича зарур методик қўлланма ва мультимедиа иловалари яратилиб, мактабларда фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларга етказиб берилмоқда. Афсуски, ўқитувчилар ушбу мультимедиа иловаларидан фойдаланмаяпти. Диск ва методик қўлланмалар ўқитувчининг столи тортмасида ёки директорнинг шкафида чанг босиб ётибди.
Коммуникатив ахборотлар билан ишлаш, ўзини ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенциялари нима ва улар қандай шакллантирилиши лозимлигини билмайдиган ўқитувчи бугун таълим сифатини кўтаришга ёрдам бера олмайди. Дарс жараёнида бундай компетенцияларни шакллантириш учун қандай педагогик усуллардан фойдаланиш керак - буни ўқитувчи нафақат билиши, балки амалда бажариши зарур. Ахир, бундай компетенциялар ўқитувчининг ўзида шаклланмаган бўлса, уларни қандай қилиб ўқувчиларида шакллантириши мумкин?
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидлаганидек, бугун одамларнинг онги, тафаккури ўзгариши керак, бугунгидек яшашга ва ишлашга эртага ҳаққимиз йўқ. Шиддатли замонда бугунги билим ва тажрибамиз эртагаёқ эскиради. Бугун муаллим онги ва шуурида ўзгаришлар қилмаса, янгиланишлардан ортда қолса жамоа орасида кераксиз инсонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Замондан ортда қолган устоздан ким ҳам ўрганишни хоҳлайди?
Таълим соҳасида "Дарс - муқаддас", деган тамойил бор. Дарсга тайёргарлик кўрмасдан кириш - жиноятга қўл уриш билан баробар. Педагог машғулотга ҳар жиҳатдан тайёргарлик кўриши, ҳар бир дарсни масъулиятни чуқур англаган ҳолда ўтказиши керак.
Юқорида қайд қилинган камчилик ва нуқсонларни бартараф қилиш учун ўқитувчи нима қилиши керак?
Бунинг ягона йўли - ўз устида ишлаш, вассалом. Бошқа йўли йўқ!
Ўқитувчининг доимий равишда касбий малакасини ошириб бориши бугун давр тақозосига айланди. Лекин малака ошириш жараёни - бу ўқитувчининг барча нуқсонлардан халос бўлиши дегани эмас. Қарс - икки қўлдан, дейдилар. Ўз устида тинмай ишламас, ўзини қийнашни истамас экан, ўқитувчи нуқсонлардан қутула олмайди.
Маълумки, ўқитувчи беш йилда бир марта малакасини оширади: бир ой мобайнида 144 соат ҳажмида малака ошириш курсида шуғулланади. Бу етарли эмас, албатта. Энг аввало, мактабнинг ўзи малака ва маҳоратни ошириш ўчоғи бўлиши керак. У ерда дарсларга кириш ва кузатиш, таҳлил қилиш, янги инновацион усулларни кенг жорий қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш ишлари ташкил этилиши зарур, бир сўз билан айтганда, мактабда ҳаёт қайнаши керак.
Бугун малака ошириш жараёни ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгача қиёфа касб этиши лозим. Малакасини ошириш баробарида ўқитувчи педагогик маҳоратини оширибгина қолмай, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини чуқур билиши, тафаккури, мушоҳада ва нутқ маданиятини оширишга ҳам жиддий эътибор қаратиши зарур. Чунки таълимнинг икки муҳим кўрсаткичи - сифат ва самарадорлик айнан ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ.
Малака ошириш курсига келган ўқитувчи методик мукаммалликка эришиш баробарида ғоявий ва руҳий тайёргарлигини ошириши, тафаккурини, ижодкорлик хусусиятларини бойитиши лозим. Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ўз фаолиятини айнан шу йўналишга қаратмоқда.
Ҳозирги кунда марказга ҳар ойда ўртача 900 нафар тингловчи малака ошириш курсига келади. Тингловчилар ихтиёрида 48 та ўқув аудиторияси, 4 та ўқув лабораторияси, 210 ўринли тингловчилар турар жойи, 3 та спорт зали ва майдони, 3 та мажлислар ва конференция зали, амфитеатр, ахборот-ресурс маркази ва 3 та ошхона мавжуд. Шунингдек, ўқув жараёнини самарали ташкил қилиш мақсадида 342 та компьютер, 38 та видеопроектор ва 6 та электрон доскадан фойдаланилмоқда.
Ҳудудий марказда 122 нафар педагог кадрлар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 70 нафари асосий штат бирлигида, 52 нафари соатбай ва ўриндошлик асосида ишлаб келади. Марказнинг илмий салоҳияти 48,1 фоизни ташкил этади.
Марказ вилоятимиз мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатган. Тингловчиларнинг кўчма машғулотларини олий таълим муассасасининг тегишли кафедраларида ўтказиш ҳамда кафедралардаги ўқув, илмий лабораториялардан фойдаланиб дарс ўтиш амалиёти шаклланган. Ҳамкорлик ишларини кенгайтириш юзасидан доимий фаолият йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти, республикадаги барча ҳудудий марказлар билан ҳам ҳамкорлик шартномалари тузилган.
Муҳим ишларимиздан бири - илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда вилоят ўқитувчиларини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида "Педагогик инновациялар маркази" фаолиятини йўлга қўйдик. Унда ўқитувчиларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўқув-методик материалларни тизимли яратиш, вилоятдаги рейтинги паст бўлган мактабларга бориб, маҳорат дарслари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш амалиёти кенг жорий этилмоқда.
Марказ профессор-ўқитувчиларининг илмий тадқиқот фаолиятини кучайтириш, уларнинг турли доирадаги грант танловларида иштирокини таъминлаш, вилоятдаги илғор ўқитувчиларни аниқлаб, уларнинг тажрибаларини оммалаштириш ишларини янада жонлантиришга эътибор қаратмоқдамиз.
Ўқитувчининг илмий тадқиқот ишларига ўрганиши унинг ўз устида ишлашида муҳим омилдир. Агар у даврий нашрларга мақолалар ёзиб турса, лойиҳалар, грантларда иштирок этса, илмий анжуманларда маъруза қилса, унинг маҳорати ошиб боради.
Даврий нашрларга обуна масаласида ҳам фикр билдириш жоиз. Бу масалани бошқача талқин этаётган, уни мажбурийликка йўяётган ўқитувчилар ҳам бор. Мажбурий обунага барҳам берилгани яхши, албатта. Лекин ҳар бир ўқитувчи касбий фаолияти учун зарур бўлган нашрларга обуна бўлса, бунинг нимаси ёмон? Бизнингча, "Маърифат", "Зарафшон" газеталари, халқ таълими билан боғлиқ журналларга обуна бўлган ўқитувчи бундан фақат ютади, маҳорати ортиб боради.
Бугун мактабларда мониторинг ва узлуксиз методик хизматни жонлантириш керак. Ёш, эндигина педагоглик фаолиятига кириб келган мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш, шу мақсадда "Устоз - шогирд" мактаблари фаолиятини ташкил этишга эътиборни кучайтириш, ушбу йўналишда юзакиликка узил-кесил барҳам бериш зарур.
Ўз устида мунтазам ишлайдиган ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, "Энг фаол ўқитувчи" танловини ташкил қилиш, унинг тажрибасини мактабда кенг оммалаштириш ишларини йўлга қўйиш лозим.
Бугун ўқитувчидан талаб этилаётган яна бир нарса - у ўз касбининг устаси бўлиши билан биргаликда ўзининг турмуш тарзи билан ҳам бошқаларга ибрат бўлиши керак. Ўзининг маҳалла-кўйдаги обрў-эътибори, муомала маданияти, оиласига ғамхўрлиги, болалар тарбиясига масъулият билан ёндашуви, ор-номуси, гўзал хулқ-атвори билан ўзи яшаётган қишлоқда, инсонлар орасида намуна бўлсин.
Тарбияда энг таъсирчан омил - бу шахсий ибрат, намуна. Шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Ўқитувчи ва мураббийлар биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсолидир". Бир сўз билан айтсак, маънавиятнинг том маънода андозаси бўлиши лозим.
Саидаҳмад УСМОНОВ,
вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази директори,
педагогика фанлари номзоди.