Булунғурдаги боғча мудираси ишга қабул қилиш учун фуқародан 200 АҚШ доллари олаётганда ушланди
Самарқанд вилоят прокурори Р.Машарипов бошчилигидаги коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг Булунғур туманида ўтказилган сайёр йиғилишида мазкур ҳолат мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг директори ўз мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда фуқаро Д.Қ.ни ўзи раҳбарлик қилиб келаётган боғчага тарбиячи ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилиш эвазига, ундан таъмагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари талаб қилган. Шундан сўнг фуқаро Д.Қ.нинг аризасига асосан шу йилнинг 24 март куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Булунғур бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати Булунғур туман бўлинмаси ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир чоғида боғча директори 200 АҚШ долларини Д.Қ.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Булунғур тумани прокуратурасига юборилган.
Жорий йилнинг 10 март куни тумандаги Ўроқли маҳалла фуқаролар йиғини раиси фуқаролардан биридан 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини фирибгарлик билан олган вақтда ушланган ва мазкур ҳолат ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси томонидан туманда муҳокама қилинганди.