Чет элда ишлаб келган фуқарога қанча миқдорда пенсия белгиланади?
Ушбу савол юзасидан АОКАда бўлиб ўтган брифингда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Аброр Холматов маълумот берди:
«Пенсиялар — ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик ҳақидаги пенсияга бўлинган. Шуни адаштирмаслик керак.
Нафақа - бу пенсия эмас. Кўп ижтимоий тармоқларда нафақа ва пенсия тушунчаларини чалкаштириб юборишади. Бу икки хил нарса. Нафақа — иш стажи йўқ одамга берилади. Бу давлат томонидан кафолатланган маблағ. Пенсияда эса шу фуқаро фақат пенсия жамғармасига ўз ҳиссасини қўшгандан кейингина, унга пенсия тайинланади.
Бу нима дегани? Чет элда ишлаётган фуқаро ихтиёрий тарзда жамғармага ўз ҳиссасини қўшса, қонунчиликда белгиланган миқдорда ижтимоий солиқларни ўтказган тақдирда, ушбу фуқаронинг иш стажи ҳисобланади. Ва тўланган маблағларидан келиб чиқиб, пенсия миқдори белгиланади.
Мисол учун, бир фуқаро чет элда, дейлик Россияда ишлаб келди. У (эркак) 25 йиллик иш стажига эга. Ижтимоий суғурталанган иш стажи бор. Ва бундан ташқари чет элда ишлаган 5 йиллик иш стажи бор.
📈 Пенсия жамғармасига тўланадиган ихтиёрий ижтимоий тўлов суммасининг юқори поғонаси белгиланмаган, минимуми белгиланган. Ками билан бунча тўлайсан, кўпи билан хоҳлаганингча тўлагин, деб қўйганмиз.
Фуқаронинг ўзи учун пенсия кўпроқ керакми? Марҳамат, пулингиз борми, 111 минг сўм эмас, 1 миллион сўм тўланг. Албатта, 1 миллион сўм тўлаган (чет элда ишлаб келган) фуқаронинг пенсияси билан 111 минг сўм тўлаган фуқаронинг пенсияси икки хил бўлади.
Демак, ўша фуқаро иш стажини бажарса, пенсия жамғармасига қанча кўп пул ўтказса, бу фуқаронинг пенсияси ҳам кўпроқ бўлади».