Бу йилги ёзги оромгоҳларда қанча бола дам олади: “Чор чинор” болалар оромгоҳи мавсумга шайми?
Самарқанд вилоят Ургут тумани тоғ ёнбағирларидаги сўлим масканда жойлашган “Чор чинор” болалар оромгоҳида “Оромгоҳларда болаларнинг бўш вақтини самарали ўтказишга барчамиз масъулмиз” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ёзги соғломлаштириш оромгоҳларини намунали ташкил этиш мақсадида ўтказилган тадбирда вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимлиги масъуллари, халқ таълими бўлими мудирлари, тиббиёт бирлашмаси бошлиқлари, касаба уюшмалари раислари, ДСЭНМ бош врачлари, барча оромгоҳ раҳбарлари ҳамда тарбиячи ва спорт мураббийлари қатнашди.
– Ёзги таътил вақтида 23 та доимий оромгоҳда 10 мингга яқин, кундузги оромгоҳларда эса 11 мингдан ортиқ болаларни хордиқ олиши режалаштирилган, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов семинар иштирокчиларига. – Шунинг учун барчамиз уларнинг вақтини мазмунли ўтишида ҳиссамизни қўшишимиз керак. Болажонлар қайси оромгоҳда бўлмасин ўтказган ўн икки кунидан хурсанд бўлсин. Бу тадбирни “Чор чинор” болалар оромгоҳида ташкил қилганимиз ҳам бежиз эмас, албатта. Негаки, ҳар бир оромгоҳ раҳбари мазкур маскандаги шароит ва имкониятларни кўриб, ўргансин ва амалиётда қўллашга ҳаракат қилсин.
Амалий семинар давомида болажонлар дам олиш вақтининг мазмунли ўтиши, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини қатъий назоратга олиш кераклиги айтилди. Иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзаро савол-жавоблар бўлди. Шундан сўнг тадбир қатнашчилари оромгоҳда яратилган шароитлар билан танишди.
Оромгоҳда замонавий жиҳозлар билан таъминланган олтита ётоқ павильони, ёзги амфитеатр, сузиш ҳавзаси, спорт мажмуаси, ташқи ва ички ўйингоҳлар ҳамда ошхонада ташкил этилган қулайликлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, меҳмонлар оромгоҳдаги болалар учун қизиқарли адабиётлар билан таъминланган кутубхона, маънавият ва тиббиёт хонаси билан танишди.
Тадбир якунида вилоят маданият бошқармаси томонидан болажонлар учун тайёрланган қувноқ куй ва қўшиқлардан иборат дисклар тарқатилди.
Абдужаббор Пўлатов.