“Чор чинор”да болалар ёзни соз ўтказмоқда

Оромгоҳда энди катталар ҳам дам олиши мумкин.

Жорий йилги мавсумда вилоятдаги 16 та оромгоҳда 9600 нафар болани соғломлаштириш ва дам олдириш режалаштирилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличеванинг маълум қилишича, 24 июлдан оромгоҳларда соғломлаштиришнинг тўртинчи давраси бошланган. Шунингдек, август ойида Ургут туманида жойлашган департамент тасарруфидаги “Чор чинор” ва Самарқанд туманидаги “Сафеди” болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида бешинчи давра ҳам ташкил этилиб, 12 кун давомида 500 нафарга яқин бола соғломлаштирилади.

Ургут туманининг тоғ ён бағрида жойлашган “Чор чинор” болалар оромгоҳида бўлиб, болажонлар қандай дам олаётгани ва улар учун яратилган шароитлар билан танишдик.

1973 йилда қурилган оромгоҳ 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, атрофи манзарали ва мевали дарахтлар билан ўралган. Саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, тўгараклар, бассейн ва концерт учун саҳна болажонлар ихтиёрида.

Бу йилги мавсумда болаларни соғломлаштириш, дам олишларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ётоқхона ва хоналардаги жиҳозлар янгиланиб, болажонлар учун зарур шароит яратилди, - дейди “Чор чинор” болалар оромгоҳи директори Анвар Фазлиев. – Шунингдек, 50 нафардан зиёд малакали тарбиячи-мураббий ва ишчи-ходимлар жалб этилди. Ҳозирга қадар оромгоҳда тўртинчи давра билан ҳисоблаганда 1300 нафарга яқин бола соғломлаштирилмоқда. Тўртинчи давра тугагандан сўнг режадагидан ташқари, бешинчи даврада ҳам 300 нафар болажонни дам олдиришни режалаштирганмиз. Болажонлар учун мавсум тугагандан сўнг эса  илк марта оромгоҳда катталарнинг дам олишини ташкил қиламиз.

Оромгоҳ бош тарбиячиси Умида Исмоилованинг таъкидлашича, масканда болажонлар учун 12 кунлик дастур асосида машғулотлар олиб борилмоқда. Болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларнинг қизиқишини ҳисобга олиб, спорт, китобхонлик, рассомлик, компьютер саводхонлиги, мусиқа ва санъат тўгараклари, интеллектуал ўйинлар ҳамда шу  йўналишларда кўрик-танлов ва мусобақалар ташкил этилиб, фаол ёшлар рағбатлантириб борилмоқда.

Оромгоҳда самарқандлик ёшлар билан бирга, Тошкент, Жиззах ва Бухоро вилоятларидан келган болалар ҳам соғломлаштирилмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.