Чорвачилик нега оқсаяпти?

Тармоқни рентабелли соҳага айлантириш, аҳолининг гўшт-сут маҳсулотларига бўлган талабини қондириш борасида давлат даражасида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамасдан, нега кутилган натижага эришилмаяпти? Чорва маҳсулотлари, айниқса, кундалик эҳтиёж учун зарур гўшт нархи қимматлашиб бораётганининг сабаби нимада?

Бу борада энг катта муаммо, биринчидан, озуқа базасининг заифлигида. Чорва моллари эса белгиланган зоотехник меъёрларда тўйимли моддаларга эга озуқани талаб қилади. Чорвачилик фермер хўжаликларининг ўз эҳтиёжи учун етиштираётган озуқасини ҳисобга олмаганда, аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва моллари учун озуқа етиштириб сотадиган бирорта фермер хўжалиги йўқ. Аҳолининг тасарруфида бўлган ўртача 10 сотих томорқасида оила эҳтиёжи учун ҳам сабзавот, картошка, мева-узум, ҳам чорва озуқаси экинлари етиштиришнинг иложи йўқ. Рўзғор эгалари яхши билади, агар 10 сотих томорқанинг ҳаммасига беда ёки маккажўхори экканида ҳам битта сигир-бузоққа етмайди. Томорқага картошка, сабзавот экишни топшираётганлар бу ҳақда ўйлаб кўрганмикан?

Энди ҳақиқатнинг кўзига тик қараб хулоса қилайлик. Ем-хашак етарли эмаслиги, озуқа етиштирадиган, сотадиган хўжалик йўқлиги, бир кило кунжара 3500 сўм, шелуха 2500 сўм, ҳатто оддий, тўйимлиги йўқ кепакнинг килоси 2000 сўм бўлиб турганда ким ҳам гўшт учун бўрдоқига мол боқарди, дейсиз. Уч-тўрт миллион сўмлик ем сарфлаб, ўша пулга мол сотишдан маъни борми?

Кейинги йилларда чет эллардан маҳсулдор наслли моллар келтириб боқиш, бунинг учун имтиёзли кредитлар бериш йўлга қўйилмоқда. Аммо хоҳловчилар кам. Гап ўша молларнинг қимматлигида эмас, менимча, боқиш қийинлигида. Ўзингиз ўйланг, кунига 50-60 литр сут берадиган мол камида 5 та жайдари молнинг озуқасини талаб қилади. Ўзингизда озуқа етиштирадиган ер бўлмаса, бозорда ҳар ҳафтада битта қўйнинг баҳосида ем сотиб олишга тўғри келса, чўнтак чидайдими? Четдан келтирилган иккита наслли молни 300-350 килогача бўрдоқига боқмоқчи бўлсангиз, биттасининг пули озуқага сарф бўлиб кетади. Қишлоқда яшаймиз. Кўчамизда 17 та хонадондан тўрттасида сигир-бузоқ бор. Моли йўқлар боқиш қийинлиги, ем қимматлиги, озуқа экиш имкони йўқлигини айтишади.

Иккинчи муаммо шуки, чорва моллари туёқ сони камайиб бормоқда. Сабаби, келажакда бузоқ берадиган, наввосчаларга нисбатан тез етиладиган 80-90 килограмм гўшт қиладиган урғочи моллар тўй-маъракаларга сўйилиб кетмоқда. Бундан 30-40 йил аввал соғлом урғочи молларни сўйиш ҳолатлари кузатилмаган.

Яна бир муаммо. Чорвачилик билан шуғулланадиган фермер хўжалиги ўз йўлига. Унинг фаолияти, маҳсулот етиштириши, ер-сув таъминоти устидан назорат қилувчи ташкилотлар бор. Бироқ аҳоли хонадонларида мавжуд чорва молларини боқиш имкониятлари ҳақида маҳаллаларда аниқ маълумот йўқ. Илгари қишлоқ фуқаролар йиғинларида аҳолининг хўжалик дафтарларида шундай маълумот бўлгандир. Лекин ҚФЙ тугатилиб, ваколатлар маҳаллаларга берилгач, бундай ҳисоб-китобга эътибор сусайди.

Яна бир муҳим масала - наслчилик ишлари кўнгилдагидек эмас. Илгари ҳар бир жамоа хўжалиги сут-товар фермасида молларни сунъий қочириш пункти бўлиб, улар малакали мутахассис, наслли уруғ билан таъминланган ва аҳоли шахсий молларига ҳам хизмат кўрсатарди. Ҳозирда собиқ жамоа хўжаликлари ҳудудида бундай хизмат кўрсатадиган пунктнинг ўзи йўқ. Аҳоли эса моллар “куюк”ка келганда насли бузуқ, жайдари буқалардан қочиришга мажбур бўлишяпти.

Ветеринария хизмати ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Мутахассис ветеринарлар кам. Сигир ёки бузоғингиз касалга чалинса, узоқ-узоқдан ветеринар қидириб овора бўласиз. Агар ҳар бир маҳаллада аҳоли хонадонида мавжуд моллар ҳисоб-китоби бўлса, уларни даволаш, қочириш пунктлари ишлаб турса, малакали мутахассислар хизмат кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Чорвачиликни рентабелли соҳага айлантириш, маҳсулдорлигини таъминлаш, маҳсулотни арзонлаштириш осон иш эмас. Бу юксак даражада наслчилик, ветеринария хизматини йўлга қўйишни, энг асосийси, аҳолида мавжуд моллар сонини доимо ҳисобга олиб, улар учун махсус ихтисослашган ем-хашак етказиб берувчи хўжаликлар, озуқани қайта ишлаш корхоналари ташкил этилишини талаб қилади.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.