“D-Luxe jalyuzi” нима дегани?
“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”, деб қайд этилган.
Агар кўчалар ёнидаги дўконларни мисол қилиб олсак, унинг пештоқида қандай ёзув бўлмасин, у биринчи навбатда, давлат тилида бўлиши керак. Агар дўкон эгаси зарур деб ҳисобласа, ёзув бошқа тилда ҳам берилиши мумкин. Фараз қилинг, дўкон пештоқидаги ёзув давлат тилида эмас. Демак, қонун талаби бузилган. Қонуннинг ижро этилмаслиги эса тегишли чора кўрилишини тақозо этади, чора эса аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасида фуқароларнинг давлат тилини менсимаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Афсуски, бу чора қўлланилмаяпти. Нега? Балки тил ҳақидаги қонун тўлиқ бажарилаётгандир. Кошки шундай бўлса. Акс ҳолда вилоят ҳокими имзоси билан барча хўжалик юритувчи субъектларга “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонунларга риоя қилиш бўйича огоҳлантириш хати юборилмаган бўларди. Шу йил 8 августда имзоланган мазкур ҳужжатнинг ижросини ўрганиш бўйича айрим корхона ва ташкилотларда бўлганимизда уларга бу хат ҳатто етиб бормаганига гувоҳ бўлдик.
Самарқанд шаҳар Беруний кўчасидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларига хатда кўрсатилган топшириқ таништирилганда, уларнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонун бўйича етарли тушунчага эга эмаслиги маълум бўлди.
Тўғри, бино пештоқидаги ёзувларнинг аксарияти эгаси томонидан ёзилмайди, реклама ва дизайн билан шуғулланувчи корхоналар томонидан тайёрланади. Тадбиркорларнинг пешлавҳалар ёзувида тил қонуни амал қилишини мазкур корхоналардан талаб этиш кераклиги ҳақидаги эътирози ҳам ўринли. Шу мақсадда реклама маҳсулотлари ишлаб чиқарадиганлар билан давра суҳбати уюштириш учун йиғилишга таклиф этганимизда уларнинг ўндан бири – йигирмага яқин корхона вакиллари иштирок этди. Тағин бу соҳада фаолият юритадиган ходимларнинг аксарияти бошқа миллатга мансуб бўлиб, давлат тилини етарли даражада билмасликлари ойдинлашди.
Яқинда ижтимоий тармоқларда шаҳар йўловчи ташиш автобусларининг олд ойнасида манзилларнинг эски номи ёзилган лавҳаларни олиб ташлаш жараёни акс этган ҳолат эълон қилинди. Дарҳақиқат, "Поворот", "Селхоз", "Микрорайон", "Овощной" дея аталувчи эски номлар ҳамон аҳоли тилида айтилади. Лекин пешлавҳаларда улардан фойдаланиш нотўғри. Бу ёзувларнинг имловий хатолар билан қайд этилгани янада ачинарли. Бу жойларнинг эндиликда янги номлари бор. Агар улар ёзилса, кўникиш осон бўлиб боради. Масалан, "Поворот" ҳозирги Боғисарой маҳалласи ҳудудида бўлиб, шу жойдаги бекатга маҳалла номи берилса, одамлар шу номни айтишга ўрганади ва келгусида халқ тилига кўчади.
Умуман, бекатларга улар жойлашган маҳалла номи берилганда, бекат орқали маҳаллани топиш ҳам осонлашади. Чунки айрим бекатларда уларнинг номланиши ёзилмаган. Масалан, Мирзо Улуғбек кўчасидаги "Aloqabank" Самарқанд филиали биноси ёнидаги бекат пештоқига “D-Luxe jalyuzi” деб ёзиб қўйилган. Бу нима дегани? Нега бекат пештоқига ёзилган? Агар бу ёзув бирор корхонага тегишли бўлса, манзили ёзилиши керак эмасми?
Биз қабул қилинган ҳар қандай қонун талабини бажаришга мажбурмиз. Қандай ёзув бўлмасин (бренддан ташқари) барчаси олдин давлат тилида, кейин эса бошқа тилда ёзилиши мақсадга мувофиқ. Чунки ҳар қандай инсон, аввало, ўз она тилини ҳурмат қилиши, унинг софлигини таъминлаши керак.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ,
Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари.