Дармондорилар қироли: Нима учун ҳар бир хонадонда анор дарахти бўлиши керак?

Анор энг қадимий мевалардан. У Яқин ва Ўрта Шарқда, қадимги Римда ҳам машҳур бўлган. Шимолий Африка ва Марказий Осиё анорнинг ватани ҳисобланади.

Дармондорилар қироли - анор шарбати юқори биологик фаоллиги билан инсон саломатлигига бебаҳо таъсир кўрсатади. У қонни тозалаб янгилайди, гемоглобин даражасини оширади. Меъда ва овқат ҳазм қилишни мувофиқлаштиради,  диарея, шамоллаш, тонзиллит, ўткир респираторли инфекциялар, астма, диабет, артритда ёрдам беради. Анор ёшлик элчиси ҳамдир. У эрта қаришни ва Алтсгеймер касаллигининг ривожланишини олдини олади.

Анорнинг юрак-қон томир тизими ва қалқонсимон без фаолияти, қон таркибини яхшилаш, гемоглобин миқдорини оширишда хизмати катта. Иммунитетни мустаҳкамлаб, вируслар билан курашишга ёрдам беради. Шифокорлар иммунитет тизимини мустаҳкамлаш учун ҳа деганда дорихонага югуравермасдан дармондориларнинг табиий манбааси бўлган анорга мурожаат этишни маслаҳат беришмоқда. Чунки, аслида тўғри овқатланиш билан танамиз барча зарурий озиқ моддаларга эга бўлади.

Қадимдан фарзандли бўлиш олдидан эркакларга анор шарбатини ичиш тавсия этилади. Бу шарбат қувватни оширади, деб ҳисоблашган.

Анор ва анор шарбати кимларга тавсия этилмайди?

Баъзи ҳолларда анордан воз кечиш керак бўлади. Эркакларда  ўн икки бармоқли ичак ёки ошқозон ярасида, ошқозонда юқори кислоталилик кузатилганда, мевага аллергия бўлганда анор истеъмол этмаслик керак, дейишади шифокорлар. Шу каби, анор шарбати юқори кислоталикка эгалиги билан тиш эмалига ҳам зарарли бўлиши мумкин. Уни қайнатилган сув қўшиб сомонча орқали ичган маъқул.

Саломатлик тилаган киши кунига 2 дона анор истеъмол қилиш ёки 3 пиёла анор шарбати ичиш керак экан.

Б12 дармондориси қон айланишини рағбатлантиради ва потенция билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. Анорнинг меваси билан бирга пўстлоғи ҳам кучли шифобахш хусусиятга эга. Момоларимиз ундан шамоллаш, дизентерия, стоматит ва томоқ оғриғи белгиларини йўқотиш учун инфузиялар, дамламалар, кукунлар тайёрлашган. Анор қобиғига асосланган дори воситалари жигарни тозалайди ва холестерин миқдорини пасайтиради.

Анорнинг, айниқса, аёллар менопауза давридаги фойдаларини таъкидлаш лозим. Мева таркибидаги эстроген гормонлар менопаузанинг нохуш аломатларини юмшатади.

Анор калий, магний, калций, темир, натрий, хром ва марганецга бой. Таркибидаги танинлар ичак касалликлари, дисбактериоз ва диарея билан курашишга ёрдам беради.

Простата ва кўкрак саратони ўсмаларининг олдини олиб, тушкунлик таъсирини камайтиради, сперма сифатини яхшилайди, юрак мушакларида ёғ  тўпланишининг олдини олади, юракнинг нормал ишлашини таъминлайди.

Хуллас, анорни кичик аммо зарарсиз "аптека" дейиш мумкин. Ҳар бир хонадонда анор бўлиши хонадон аъзолари саломатлигининг муҳим манбаси дейиш мумкин.

Д.Холиқова тайёрлади.