Даъвогаринг қози бўлса ёки МИБчиларнинг қайси жавобига ишониш керак?
Бу ҳақда олдин ҳам ёздим. Аммо “қуруқ қошиқ оғиз йиртар”, деганларидек, Мажбурий ижро бюросининг имзосигина ўзгарадиган хатларидан зерикдим. Улар жавоб ёзишда шунчалар тезкорки, агар 23 миллион сўмни бермай келаётган А.Санақулова билан ҳам шундай иш олиб боришганда муаммо қолмаган бўларди.
Масалан, ушбу сайтда “МИБчиларнинг "футбол"идан чарчадим. Қарз бериб, ундиролмай сарсонман” номли мақолам 2020 йил 17 декабрда чоп этилган эди.
Қарангки, 18 декабрда “Н.Кулановнинг ижро иши қарздор номида мол-мулк бўлмагани сабаб тамомланган”, сарлавҳали жавоб мақола эълон қилинди.
Ваҳоланки, 2020 йил 30 сентябрда қарздор А.Санақулованинг ижро ҳужжатида кўрсатилган манзил бўйича мол-мулклари кўздан кечириш учун борилганда ушбу манзилда яшамаслиги аниқланган, дейишганди.
Ушбу санада берилган жавоб хатига кўра, А.Санақуловага нисбатан қидирув эълон қилинганлиги, қарор нусхаси ижро учун туман ИИБга юборилгани баён этилган.
Энди савол, нега кейинги ҳеч бир жавоб хатида бу ҳақда лом-мим дейилмаган. ИИБга юборилган қарор тақдири нима бўлди?
Туман МИБ буни сўрашга ваколатли эмасдир, лекин вилоят прокуратурасига йўллаган мурожаатимга жавобда ҳам бу масалага ойдинлик киритилмаган. Ваҳоланки, фирибгарни шу пайтгача қўлга олиш, унга нисбатан қонуний чора кўриш керак эмасмиди?
Охирги жавобларнинг ҳар бирида мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилган, уни қайтадан қўзғатишим мумкинлиги билдирилади. Барака топгурлар, бунинг учун кимга мурожаат қилишим керак? Қандай ҳужжатларни топширишим керак? Нега бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмайди?
70 ёшдан ошган, юракдан операция бўлиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган одамга муносабат шуми?
Нурмурат КУЛАНОВ,
Нарпай тумани, Қорахитой қишлоғи.