Депутат анкетаси: Муаммолар бор, улар ечимига бефарқ эмасмиз
1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2020 йилда Булунғур туманидаги 13-Килдон сайлов округи ҳудудида Каттақишлоқ-1 ва Деҳқонобод маҳаллаларида мактабгача таълим ташкилотларини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, Ниёзмат маҳалласида “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Умуман, округдаги 18 та маҳалладаги 9231 та хонадонда 30 мингдан зиёд фуқаро истиқомат қилади. Ҳудудда 668 та кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилган. Карантин сабаб мазкур оилаларга ҳар томонлама ёрдамлашиш чоралари кўрилмоқда.
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
Вакиллик органидаги фаолиятимни тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида иш режага мувофиқ жорий йилда сайлов округимда 10 га яқин турли тадбирлар ташкил этдим. Округимдаги тадбиркорлик субъектлари ва солиқ тўловчилар иштирокида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари, ёшлар иштирокида “Депутат ва ёшлар” учрашуви шулар жумласидан.
Бундан ташқари, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Оломон, Эсон Турдиев, Урай, Эсонтурди, Каттақишлоқ-1 маҳаллаларида учрашув ўтказдим.
Бу учрашувларда 30 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Улардан 4 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 3 та масала жойида ҳал этилди. Шунингдек, 10 дан ортиқ муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга 11 та депутатлик сўрови юборилди. 4 та хатга мутасадди ташкилотлардан жавоб хатлари олинди.
3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
Эсон Турдиев маҳалласидаги 40-умумий ўрта таълим мактаби 330 ўринга мўлжалланган. Бироқ бу ерда 691 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мазкур маҳаллада аҳоли билан ўтказган мулоқотлар чоғида, мактабга қўшимча синф хоналари ҳамда болаларнинг овқатланиши учун ошхона зарурлиги бўйича мурожаат бўлди.
Зарафшон, Гулистон қишлоқлари аҳолиси эса шу мактабга қатнаш учун болалар 4,5 километр йўлни босиб ўтаётганлиги, масофанинг узоқлигини инобатга олиб, ҳудудда (Зарафшон, Гулистон қишлоқлари ўртасидан) 200 ўринли филиал қуриш бўйича амалий ёрдам сўради. Ушбу масала юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига депутатлик сўрови билан чиқдик. Масала давлат дастури доирасида ҳал қилиниши белгиланди.
Феруз НАСРУЛЛАЕВ,
13-Килдон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.