Депутат мурожаатига беписанд қараган раҳбарлар бор

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз олтинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги котибият мудири С.Элмуродовнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан давлат дастурининг ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Мониторинг натижалари давлат дастуридаги 21 банд бўйича ишлар бажарилганлиги ва бошқа чора-тадбирлар ижро жараёнида эканлигини кўрсатди.

Давлат дастурида белгиланган эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда эндокринология муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Самарқанд давлат университети ҳудудида “Ёшлар технопарки” қурилиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Эътиборлиси, дастур ижросига кўра, вилоятда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш йўлга қўйилди. Бунинг учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ангиохирургия ва трансплантация бўлими ва унинг операцион блоклари капитал таъмирдан чиқарилди ва буйрак трансплантацияси амалиёти учун керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ангиохирург, уролог, нефролог, анестезиолог-реаниматолог врачлари ва ҳамширалари жорий йил апрель-май ойларида академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси бўйича амалиёт ўтаб келди. 2021 йил 10-12 июнь кунлари Самарқанд вилоятида илк бор уч нафар беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.

Шундан сўнг, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси, хусусан, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш борасида олиб борилаётган ишлар аҳволи юзасидан “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.Исаев ҳамда “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори К.Юсуповнинг ҳисоботини кўриб чиқдилар. Мазкур масала тегишли доимий комиссияда атрофлича муҳокама этилгани сабабли ҳисобот тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда вилоятда “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурида белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар тасдиқланди.

Депутатлар вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқиб, қарор қабул қилдилар.

Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига буйрак трансплантацияси операцияларини амалга ошириш учун зарур тиббий асбоб-ускуналар сотиб олишга вилоят маҳаллий бюджети иккинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 3 миллиард 190 миллион сўм, олис ҳудудлардаги 62 та мактаб филиалларини таъмирлаш, янгидан қуриш учун 2 миллиард 400 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Сессияда депутатларнинг ижро органларига мурожаатлари натижалари ҳам таҳлил этилди. Депутатлик сўрови, сессияларда муҳокама этилган масалаларга, саволларга ўз вақтида жавоб бермаган, кўтарилган масалани ҳал қилмаган бир қатор ташкилот ва муассасалар, хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти, туризмни ривожлантириш департаменти масъулларига интизомий ва маъмурий чора кўриш белгиланди.