Депутатлар Ўзбекистонда мажбурий эмлашни киритишни таклиф қилишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Дониёр Ғаниев, Қизилгул Қосимова ва Нодир Жумаев коронавирус бўйича вазиятни барқарорлаштириш учун республикада мажбурий эмлаш киритилиши тарафдори эканликларини айтди. Бу ҳақда “Тараққиёт формуласи” кўрсатувида маълум қилинди.

"Шубҳасиз, коронавирусга қарши курашнинг ягона йўли бу - вакцинация. Лекин эмлашни оммавий тарзда мажбурий қилинишига қаршиман. Аксинча, “carrot and stick” ёндашуви, яъни тақиқ ва рағбатлантириш комбинациясидан фойдаланиш керак.

Бир томондан, вакцина олганларга тўлов ёки хизматлардан имтиёзлар, қўшимча дам олиш кунлари, турли хил ютуқли лотореялар ёки пулсиз кўринишдаги бошқа мукофотлар тақдим этиш мумкин.

Бошқа томондан, 2021 йил 1 октябрдан савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектларига фаолият кўрсатиши учун ходимларнинг камида 70 фоизи вакциналанган бўлишини талаб қилиш, вакцина олмаган фуқароларга четга чиқишни чеклаш, самолёт ва поездлардан фойдаланишни ёки спорт тадбирлари, концертлар ва савдо марказларига боришни тақиқлаш орқали аҳолининг маълум қатламини билвосита вакцина олишга мажбурлаш мумкин", деди депутат Дониёр Ғаниев.