Депутатлик сўровидан сўнг Манғитдаги экологик ҳолат ўрганилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нодира Баротованинг 2026 йил 4 майда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармасига юборган депутатлик сўрови юзасидан ушбу бошқарма ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида Жомбой тумани Кўкгумбаз маҳалласи Манғит қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Ўртабўз ариғидан сув намуналари олиниб, лабораторияга топширилди.



Текширув вақтида ариқдан тоза сув эмас, балки йирик ва майда шохли ҳайвонлар чиқиндиларидан иборат оқова (“жижа” суви) оқаётганлиги қайд этилди. Шу ҳолат оқибатида ҳудудда ёқимсиз ҳид тарқалгани ҳамда ариқ суви бўтқага айлангани аниқланган.

Қишлоқ аҳолиси томонидан билдирилишича, қишлоқнинг юқори қисмида жойлашган хусусий қорамолчилик фермасидан чиқаётган оқова сув махсус тозалаш иншооти мавжуд эмаслиги сабабли тўғридан-тўғри ариққа оқизиб юборилмоқда. Шунингдек, фермер хўжалиги эгаси аҳолининг мурожаатларига етарлича эътибор қаратмаётгани таъкидланган.

Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, “Сувоқова” ДУК ҳамда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўриш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Ариқдан олинган сув намуналарининг лаборатория таҳлил натижалари 7 иш кунида тайёр бўлиши ва натижалар юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинган.