“Динамо”ни тўрт футболчи тарк этди. Жамоанинг кейинги режалари қандай?
“Динамо” жамоаси биринчи давра ўйинларидан кейин аксарият футболчилар билан хайрлашди.
“Динамо” ПФК ахборот хизмати хабарига кўра, мавсумнинг биринчи давра баҳсларидан кейин жамоани самарқандлик яримҳимоячилар Жасур Қурбонов, Акмал Козимов ҳамда россиялик ҳимоячи Евгений Назаров ва грузиялик яримҳимоячи Элгужа Григалашвили расман тарк этган. Ушбу ўйинчилар ва клуб ўртасидаги шартнома ўзаро келишувга кўра икки томонлама бекор қилинган.
Про лига 1-давра баҳсларини 2-ўринда якунлаган “Динамо” жамоасининг иккинчи давра олдидан тайёргарлик режалари маълум.
30 июнь кунидан Тошкентда йиғин бошлаган Вадим Абрамов шогирдлари пойтахтдаги бир ҳафталик тайёргарлик жараёнини 6 июль куни якунлайди. Ушбу йиғинда “Локомотив-БФК”га қарши назорат баҳси ўтказилиши белгиланган.
Мавсумнинг иккинчи қисми олдидан асосий тайёргарлик жараёни эса Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган. “Динамо” жамоаси 10-24 июль кунлари Иссиқкўлда ўқув-машғулот йиғинига киришади. Қўшни мамлакатдаги икки ҳафталик йиғинда назорат ўйинлари ўтказилиши, таркибда ўзгаришлар қилиниши режалаштирилган.