“Донгуз” полигонидаги ҳарбий шаҳарчага давлатимиз байроғи ўрнатилди

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат вакилларимиз 16-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Марказ–2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида иштирок этади.

Ҳамюртларимиз ушбу ҳарбий стратегик машғулотларда қатнашиш учун Россия Федерациясининг Оренбург вилоятидаги “Донгуз” полигонида қад кўтарган вақтинчалик ҳарбий шаҳарчага етиб бориб, ўзлари учун ажратилган чодирларга жойлашди. У ерга давлатимиз байроғи ўрнатилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, кун тартиби бўйича ҳаракат қилаётган вакилларимиз биринчи куни ўзлари учун ажаратилган ҳудудни кўздан кечириб, дала шароитида яратилган ҳарбий шаҳарча билан танишди. Гуруҳ раҳбарлари томонидан яна бир бор техника хавфсизлик қоидалари эслатиб ўтилди.

Ўша куни ҳарбий ошпазларимиз томонидан ўзбек миллий таоми – ош дамланди. Таъкидлаш жоизки, ҳарбий ошпазларимиз паловхонтўрани юртимиздан келтирилган масаллиқлардан тайёрлашди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида саккиз мамлакат – Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий гуруҳлари иштирок этади.