Дунёда биринчи олтин банкомати Ҳиндистонда ишга туширилди
Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида кредит ёки дебет пластик карточкаларидаги пул эвазига тилла танга сотиб олиш имконини берувчи банкомат мижозларга хизмат кўрсата бошлади. The Economic Times газетасининг ёзишича, бу нафақат Ҳиндистонда, балки дунёда реал вақт режимида ишлайдиган биринчи шундай автоматдир.
Ҳиндистоннинг "Goldsikka Pvt Ltd" хусусий компанияси томонидан ишлаб чиқарилган қурилма орқали олтин сотишнинг инновацион технологияси ишлаб чиқилди. Банкоматда 5 кг 24 каратли олтин тангалар сақланади. Уларни саккизта вариантда - 0,5 граммдан 100 граммгача сотиб олиш мумкин. Банкоматнинг муҳим хусусияти шундаки, унинг экранида олтин нархи Лондон фонд биржасидаги қимматбаҳо металлнинг котировкалари ўзгаришига мувофиқ реал вақт режимида янгиланади.
Банкомат хакерликдан ишончли ҳимоя тизимига эга. У видеокамера, овозли сигнализация билан жиҳозланган ва полиция билан алоқа линиясига эга.
Goldsikka вакилларининг сўзларига кўра, қурилма барчага банк ёки заргарлик дўконларига бормасдан, молиявий йўқотишлардан қочиб, олтинга сармоя киритиш учун қулай имконият яратади.
Фаолиятининг биринчи кунида инновацион банкомат 20 нафар мижозга хизмат кўрсатди.
Компания Ҳиндистонда яна 3 мингта шундай банкомат ўрнатиб, ўз маҳсулотлари билан жаҳон бозорига чиқишни режалаштирмоқда.