Дунёдаги энг қадимий олийгоҳ Самарқанднинг Работи Ғозиён мадрасасими?
Яқин даврларгача Европа тарихшунослигида XI-XII асрларда Италиядаги Салерно ва Болонья олийгоҳлари, Франциядаги Париж олийгоҳи, XII аср охири – XIII аср бошларида фаолият кўрсатган Испаниянинг Саламанка ва Англиянинг Оксфорд университетлари дунёдаги илк олий ўқув юртлари ҳисобланиб келинган. Шунингдек, собиқ совет давлатидаги рус олимлари ҳам олий мактаб XII асрда Гуржистонда пайдо бўлган, деган фикрда эди. Аммо буларнинг барчаси нотўғри фаразлар бўлиб, ғарб Ренессансининг бўлғуси ўчоқлари ҳисобланган Европа олийгоҳларининг барчаси шарқ Ренессанси замиридаги мусулмон олийгоҳлари, яъни мадрасалари таъсирида пайдо бўлганлигини аниқ манбалар тасдиқлайди.
Тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ан-Наршахий (899-959) ўзининг “Бухоро тарихи” китобида Бухородаги Форжак мадрасаси 937 (милодий) йилда ёнғин туфайли вайрон бўлганлиги ҳақидаги маълумоти мадрасалар тўғрисидаги илк хабар деб эътироф этилиб, бу дунёдаги дастлабки олий мактабларнинг юртимизда пайдо бўлганлигидан далолат беради.
Аммо Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимийроқ бўлиб, унда буюк имомлар – Мотуридий ва Абулқосим ал-Ҳаким кабилар Муҳаммад ибн Фазл Балхийнинг мадрасасида таҳсил олгани кўпгина манбаларда қайд этилган бўлса-да, негадир илм аҳли назаридан четда қолиб келмоқда. Самарқанддаги ушбу мадрасада Балхий 931 йилдан олдин (яъни вафот этганига қадар) фаолият кўрсатган бўлса, демак, дунёдаги энг қадимий олийгоҳ Самарқанднинг Работи Ғозиён мадрасаси бўлиб чиқади.
Қадимдан мадрасалар икки турда мослаштириб қурилган:
1) мадраса;
2) масжидли мадраса.
Самарқанд шаҳридаги Шердор ва шаҳар четида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасалари фақат ўқув маскани – мадраса сифатида, Мирзо Улуғбек, Тиллакори мадрасалари эса масжидли мадрасалар тарзида қурилган. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам ибодат қилиш, ҳам илм олиш мумкин бўлган эътиқод ва зиё маскани бўлган. Мирзо Улуғбек, Шайбонийхон, Ялангтўш Баҳодир ва Амир Ҳайдар каби ҳукмдорлар қурдирган йирик мадрасалар “олий мадраса” деб аталган.
Самарқандда сақланиб қолган мадрасалардан Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори обидалари шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Уларнинг энг қадимийроғи Улуғбек мадрасасидир.
Илм-фаннинг “олтин даври” ҳисобланган Имом Бухорий, ал-Мотуридий ва ал-Марғинонийлар даврида маърифат даргоҳлари ҳисобланган мадрасаларнинг кўплиги жиҳатидан Самарқанд ислом оламида энг олдинги ўринда турса-да, Сомонийлар даврида 17 тагина мадраса манбаларда қайд этилган. Аммо XIX аср иккинчи ярмида шаҳримизда мадрасалар сони жуда камайиб кетади. Масалан, ўша аср охирида нисбатан мустақилроқ Бухорода 366 та, Хива хонлигида 120 та, Қўқон хонлигида 368 та мадраса бўлгани ҳолда, Россия таркибига киритилган Тошкентда 17 та, Самарқандда 19 та мадраса қолган эди, холос. Ваҳоланки, манбаларнинг далолат беришича, ўрта асрларда Самарқанднинг ҳар бир маҳалласида бир неча масжид, катта гузарларда эса мадрасалар бўлган. Бу ҳол, айниқса, Сомоний, Темурий ва Аштархонийлар даврларига оид манбаларда кўзга ташланади.
Маданият ўчоқларининг бу қадар кўплигининг боиси шундаки, ўша вақтларда бадавлат кишиларнинг ҳар бири ўз ҳисобидан савоб йўлида кичикроқ масжид ёки мадрасалар қурган.
Немис олими Зингфрид Хенка ўзининг “Араб-мусулмон қуёши ғарбга зиё сочади” номли йирик асарининг “Мадрасага қатнаётган халқ” деган бобида ғарб аҳолисининг 95 фоизи саводсиз, оврўполик буюк қирол Карл қариган чоғида ўқиш ва ёзишни қийналиб ўрганаётган, ҳатто ибодатхоналарда қалам тутишни биладиганлар нодир бўлган IX-XII асрларда ислом оламининг шаҳару қишлоқларидаги минглаб мадрасалар миллионлаб ўғил-у қизларни кутиб олаётгани, улар ислом талабига асосан илмни қунт билан ўрганаётганини эътироф этган.
Гулноза Каттаева,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.