ДХМ ходимлари ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганади
Адлия вазирлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа доирасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унда Самарқанд ва Фарғона вилоятлари пилот ҳудуд сифатида танлаб олинган.
Бунда асосий эътибор мазкур ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказлари ходимларининг билим ва савияси ҳамда онлайн хизматлар улушини оширишга қаратилган. Лойиҳа раҳбари Виктор Кесслер 23 октябрь куни мазкур қўшма дастур доирасида Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида бўлди.
Дастлаб у марказдаги мавжуд имкониятлар, хизмат кўрсатиш тартиби, ходимларнинг хизмат кўрсатиш сифати, бу ерда фуқароларга яратилган шароитлар билан танишди. Хусусан, давлат хизматларидан фойдаланишни янада қулайлаштириш борасида амалиётга татбиқ этилган сўнгги янгиликларни кўздан кечирди.
В.Кесслер Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизими, жумладан, бунда Самарқанд тажрибаси, шунингдек, вилоятда ушбу йўналишда ўзига хос ташаббусларга қўл урилаётганлигини эътироф этди.
Ўзаро музокаралар чоғида икки томон вакиллари ҳамкорликнинг истиқболдаги режаларини муҳокама қилди. Бу борадаги алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олинди. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Қурбонов лойиҳа доирасидаги таклифларни илгари сурди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган мунозаралар давомида марказ ходимларини малакасини ошириш, марказлар ходимлари учун давлат хизматларини кўрсатиш стандартлари, ривожланган давлатларда бу борадаги тенденциялар, ютуқлар бўйича тренинглар ўтказиш, янги технологиялар бўйича тажриба алмашиш, марказлар раҳбарлари учун менежмент асослари бўйича ёзги мактаб ташкил этиш, ходимлар учун ўқув-машғулотларини йўлга қўйиш, давлат хизматларини кўрсатиш тизими фаолиятини бошқариш ва ташкил этиш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида марказларнинг етакчи ходимларининг ривожланган давлатларга ўқув сафарларини ташкил этиш ҳамда соҳага оид бошқа масалалар юзасидан фикр алмашишди. Музокаралардан сўнг лойиҳа доирасида тегишли келишувларга эришилди.