Элчи Комил Рашидов: Ўзбекистон Қирғизистондан электр энергияси сотиб олади ва бу борада ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр
Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Комил РАШИДОВ Қирғизистонда фаолият юритаётган www.cabar.asia нашри мухбири саволларига жавоб берди. Қуйида ушбу суҳбатни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Кейинги уч йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айланмаси қанчага ўсди?
- Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларни яхшилашга қаратилган янги ёндашуви мамлакатимиз ва Қирғизистон ўртасида турли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш имконини берди, - дея гап бошлади Комил Рашидов. – Жумладан, ўзаро савдо муносабатларида ҳам ҳамкорлик кучаймоқда. 2016 йилда бу атиги 169 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2017 йил якуни бўйича бу рақам 259 миллион долларга етди. 2018 йилнинг январь-август ойлари якунига кўра, ўзаро товар айланмаси 243 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг турли учрашувлар чоғидаги чиқишлари ва баёнотларида йиллик товар айланмасини 500 миллион долларгача етказиш вазифаси қўйилди. Ушбу мақсадга эришиш учун бизда катта ресурслар ва имкониятлар мавжуд. Биз Қирғизистон бозорига автомобиль, электротехника, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар таклиф этишга тайёрмиз. Бизда, шунингдек, экспорт учун қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилмоқда.
2017 йилда ҳукуматлараро молиявий ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати қирғиз иқтисодиёти ва ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратди. Бу - жаҳон тажрибаси, мустақил Ўзбекистон тарихида ҳали амалиётда қўлланилмаганди, чунки бизнинг ўзимиз шундай ёрдамга муҳтож эдик. Ҳозирда эса кўмакчи ролида чиқяпмиз. Бу ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти ва сиёсатида ижобий ўзгаришдир.
- Бу механизм қандай ишлаяпти?
- Ўзбек томони Ўзбекистондан Қирғизистонга товарлар ва хизматлар экспорти учун 100 миллион доллар ажратди. Минимал келишув 1 миллион долларни ташкил қилади, яъни бу 100 миллион ва 100 келишув ёки 100 миллионга битта келишув бўлиши мумкин. Ҳар икки томондан ваколатли банклар бор, улар бу шартларни келишиб олишлари зарур. Қирғиз тадбиркорлари ушбу товарни ўзларига олишлари (қарзга) мумкин, пул эса Ўзбекистонда туради, улар ушбу пулни тўловчилар ҳисобланишади. У ерда ушбу воситаларни қайтариш механизми мавжуд – улар ишлаши, ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки сотишлари мумкин. Вақти келганда эса воситани қайтаришни бошлашади.
- Неча миллионга битим тузилди?
- Мен рақамларни келтиролмайман, ишончим комил, бу йил ушбу воситалардан фойдаланишда фаоллашув рўй беради. Ўзбек томони, ўзбек ишлаб чиқарувчилари Қирғизистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорлик қилишга тайёр.
Ўзаро савдо – бу икки томонлама ҳаракат кўчаси. Биз ҳозирда Қирғизистондан электр энергияси сотиб оляпмиз. 2017 йилда 1 миллиард киловатт соат электр энергиясига биз шартнома имзолагандик ва аста-секин тўлаб боряпмиз. Энергетикларимизнинг қирғиз энергетиклари олдида қарзлари кузатилмаяпти. Биз қурилиш материаллари сотиб оляпмиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – картошка, ноёб қирғиз ноки ва олхўриси ҳам бозорларимизда топилади.
Бизнинг бозор очиқ ва фақат битта ишлаб чиқарувчини бозорда ўз маҳсулотига эга бўлишини қўллаш ёки монополияга айлантиришига йўл қўйилмайди. Ҳар қандай хорижий ишлаб чиқарувчи агар бизга ўз маҳсулотини олиб келса, бож тўлайди. Айрим маҳсулотлар бўйича бизда ставка нол; ўзимиз ишлаб чиқараётганларга эса бож пошлинаси мавжуд. 2017 йил 1 октябрдан бизда янги импорт пошлиналари амал қилмоқда. Мисол учун, картошка, қўй ва мол гўшти учун 0 фоиз, қайсидир товарларга эса пошлина 10 фоизни ташкил қилади.
Хорижий етказиб берувчиларга импорт пошлинаси ставкаси оғирлик қилмайди. Биз газмол ишлаб чиқарамиз. Шунинг учун четдан келтирсак пошлина товар қийматидан 30 фоизни, гилам ишлаб чиқарамиз - пошлина 30 фоиз ташкил қилади. Биз вагон ишлаб чиқармаймиз – 0 фоиз, бульдозерлар ишлаб чиқармаймиз – 0 фоиз, электртоварлар ишлаб чиқармаймиз – 0 фоиз. Биз ишлаб чиқарадиган худди шундай электр товарларга эса пошлина бор. Бизда ишлаб чиқариладиган маиший техникаларга ставка 10 фоизгача.
- Икки давлат тадбиркорлари биргаликда қандай иқтисодий лойиҳаларни амалга оширмоқда?
- 2018 йилда президентлар ташрифлари якунлари бўйича биз фақат иккита лойиҳани амалга оширдик. Бири - Ўш областининг Қорасув районидаги лойиҳа қиймати 1 миллион доллар бўлган пластик ром ва эшиклар ишлаб чиқарадиган ўзбек-қирғиз қўшма корхонасидир.
Иккинчиси – «Artel» кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш. Унинг ҳам лойиҳа қиймати 1 миллион доллар. Ҳар иккала ишлаб чиқаришда 150 мингдан ортиқ ишчи ишлаяпти.
Ҳозирда бизнинг томон қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобиль машиналари, қурилиш материаллари бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ ҳозирча консенсус қарорга келингани йўқ.
Ҳудудий лойиҳалар ҳақида гапириладиган бўлса, битта лойиҳа - Ўзбекистон - Қирғизистон – Хитой халқаро автомобиль йўлаги аллақачон амалга оширилди. Тиғиз лойиҳа 2017 йилда ишга туширилди. Ушбу лойиҳа ўзаро савдони ривожлантириш учун шароит яратади. Яна бир муҳим лойиҳа – бу Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темирйўли лойиҳасидир, биз уни амалга оширилишини кутяпмиз. Ўзбекистон ўз қисмини Фарғона водийси бўйлаб 123 км. ва туннел орқали 19 км. темирйўлни қуриб бўлди.
Ўзбекистон Қирғизистон билан тўртта темирйўл ва тўртта автомобиль йўл туташмаси пунктига эга. Қайси бири мақбул топилади – бу Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон уч томонлама ишчи гуруҳи қарорига боғлиқ. Эҳтимол, унинг формати кенгаяр, чунки ушбу лойиҳада иштирок этишни хоҳловчи манфаатдор томонлар бор.
- Чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ҳақида нима дея оласиз?
- 2017 йил якунлари бўйича биз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 1170 км (барча чегаралар узунлиги – 1378 км.га яқин) чегарага ҳуқуқий расмийлаштиришга эгамиз. Бу 80 фоиздан юқори, энди қолган қисми ушбу шартномадан ташқарида қолмоқда. Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлар ишчи гуруҳлари музокаралари ғоят ишчанлик ва дўстона вазиятда бормоқда. Биз шошмаслигимиз ва ушбу масалада тезкор қарор кутмаслигимиз керак.
Ҳозирда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 14 та назорат-ўтказиш пункти (КПП) мавжуд. Тўрттаси автомобиль йўллари ва тўрттаси темирйўл пунктлари, қолганлари пиёда. Ҳаммаси ўз режими бўйича ишламоқда. Бизнинг назаримизда мамлакатларимиз ўртасида назорат ўтказиш пунктлари (КПП) сонини кўпайтириш зарур. Барча КППлардан фақат «Дўстлик-Достук» пункти халқаро мақомга эга. У ҳам енгил, ҳам юк машиналари, шунингдек, йўловчиларнинг ўзларига хизмат кўрсатмоқда. Бу хизмат кўрсатувчи ходимларга анча мушкуллик туғдиради, одамлар учун ҳам ноқулайлик яратади.
Дифференциялаш лозим бўлган жуда кўп мисоллар бор: алоҳида йўлак ҳосил қилиш ва у ерга, масалан, енгил машиналар ва йўловчи автобусларни аралаштирмаслик, шунингдек, енгил ва йўловчи ташиш машиналари учун алоҳида йўлак ҳосил қилиш. Аммо баъзан шундай бўладики, у ерда на енгил, на юк машинаси бор, фақат пиёда ўтиш йўлаги мавжуд. Агар ўша жойларда ҳам божхона ва чегара постлари барча тегишли инфраструктураси расмийлаштирилса, ҳар иккала ташкилотга ўз вазифаларини рисоладагидек бажариш учун имконият яратилади. Бу фуқароларнинг ҳам давлат чегараларини кесиб ўтишда айрим тартиб бузилишларининг олдини олади.
- Шавкат Мирзиёев Бишкекка ташрифи чоғида Қирғизистоннинг гидроэнергетик лойиҳаларини амалга оширишда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик зарурлигини гапирди. Ушбу масалада Ўзбекистон ўзини қандай ролда кўради?
- 2017 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг икки энергетик компанияси "Қамбар ота ГЭСи бўйича ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоладилар. Ушбу ҳужжат моҳияти шундаки, гидротехник иншоотга тегишли қурилиш, фойдаланиш, инвестиция технологияларни жалб этиш – барчаси икки ишчи гуруҳ даражасида ўрганилиши лозим. Инвестиция масаласи алоҳида кўриб чиқилади. Ушбу меморандум шу масалада гидроэнергетикани ўзаро мулоқотлар учун майдонга эга бўлиш имкониятини очади. Ўтган йили Роғун ГЭСи агрегатларидан бири ишга туширилди, унда Ўзбекистон томони ҳам иштирок этди, шу жиҳатдан ушбу режада ҳам биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Иккинчи – 2017 йилда давлатимиз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида биргаликда сув хўжалиги комиссияси тузишга қарор қилди, ушбу комиссия барча сув масалаларини комплекс қараб чиқиши учун тегишли ҳужжатлар қабул қилинди.
- Маълумки, Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭС қурилиши ва ишга туширилишида ёзда сув тўплаш рўй беради ва тегишли тарзда Ўзбекистон сувни кам олади. Бу вазиятда Ўзбекистон ўзи учун қандай мақбул қарорни кўради?
- Мен ҳозир олдиндан бирор нарса дея олмайман. Ушбу ҳамкорликнинг моҳияти шундаки, энг муҳими – зарар етказмаслик. Ҳозирда биз масалан, Қирғизистондан электр энергияси сотиб оляпмиз, иқтисодиётига маълум улуш қўшамиз. Пайт бўлган, биз электр энергия сотиб олмаганмиз, энергетик инфраструктура узиб ташланганди, у ҳозир тикланди. Бундан ташқари, булар самарали ҳамкорликни амалга ошириш учун хизмат қилади, қандайдир баланс бўлиши учун сув оламиз ва электр энергияси харид қиламиз.
- Бундан чиқди Ўзбекистон келишувларнинг янги формуласини кўриб чиқяпти: бир томондан, ёз вақтида Қирғизистон суғориш учун зарур сув меъёрини таъминлайди, бошқа томондан Ўзбекистон қирғиз ГЭСида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг маълум улушини сотиб олади.
- Ҳа. Бизда ҳаракатдаги ва янги ирригация иншоотлари қурилишларини модернизация қилиш бўйича давлат дастури қабул қилинган. Биз янги электр станциялар қурилиши ва модернизацияси бўйича давлат дастури ва АЭС қуриш қарорини қабул қилдик. Ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қарор қабул қиляпмиз: пахта экишни қисқартирамиз, кам сув талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларини кўпайтирамиз.
Масалан, биз мева ва сабзавотга кўпроқ урғу беряпмиз. Интенсив боғлар барпо этилаяпти, томчилатиб суғориш кўпроқ фойдаланиляпти. Ҳозир биз аччиқ қалампир, каперслар, солодни кўпайтиряпмиз, ёнғоқзорларни кенгайтиряпмиз. Яъни, қишлоқ хўжалиги экинларининг экспортга мўлжалланган турларига кўпроқ эътибор берилди.
- Бу иқтисодий жиҳатдан қанчалик қулай? Пахта бўйича Ўзбекистонда иқтисодий муносабатлар шаклланган, Ўзбекистон «оқ олтин» экспорти бўйича жаҳонда етакчилардан бири сифатида танилган…
- Биз ўз вақтида пахтадан кўп тола олганимизда даромадимиз 1 миллиард АҚШ долларига яқин эди. Ҳозир кам, чунки экишни қисқартиряпмиз. Биз хом ашё экспорт қилмаймиз. Ҳозир пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг кластер шаклига ўтдик.
- Бу нимани билдиради?
- Бу дегани, бизда энди пахтани экишга ҳам, етиштириш, йиғиб-териб олиш ва қайта ишлашга ҳам жавоб берадиган ишлаб чиқарувчининг ўзидир. Яъни, унга қанча керак бўлса, шунча экади ва қайта ишлайди. Олдимизга хом ашёни бошқа экспорт қилмаслик вазифаси қўйилмоқда. Биз энди тайёр маҳсулотни кўпроқ экспорт қиламиз. Ўтган йили биз қўлда терилган бир килограмм хом ашё қийматини 10-12 центгача кўпайтирдик. Илгари икки марта кам эди.
Биз тажрибани баҳам кўришга тайёрмиз, ўзимиз ўрганамиз. Биздаги ушбу кластерлар Фарғона водийсида, чегара туманлар ва бошқа вилоятларда ўз мевасини бера бошлади. Бу мажмуа, ишлаб чиқаришда бир-бири билан ўзаро боғланган. Қишлоқ хўжалигидан тортиб саноат ишлаб чиқаришигача.
2018 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти мажбурий меҳнатдан фойдаланиляптими - йўқми, дея монитор кузатув ўтказиш учун тўлиқ имконга эга бўлди.
Кузатув натижаларига кўра, мажбурий меҳнат йўқлиги нафақат Бутунжаҳон банки, бошқа нуфузли ташкилотлар, хорижий давлатлар томонидан тан олинди, ҳозир мажбурий меҳнатга чек қўйиш соҳасидаги ислоҳотларга баҳо беришмоқда. Ҳатто, АҚШ Президенти маъмурияти ўз ҳужжатларида ушбу мақомни белгилашда ўзининг ёндашувларини қайта кўриб чиқди.
Бу ҳам Ўзбекистон ҳукумати Президент бошчилигида мажбурий меҳнатни йўқотишга қатъий киришганини билдиради.
Биз халқаро ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, ҳатто ўта танқидий кайфиятдагиларнинг тавсияларини ўргандик. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати улар билан барча мулоқотларни конструктив-ишчанлик руҳида ўтказди. Чунки бошқа томон камчиликларимизни кўради. Бу оқилона ёндашув, чунки ҳамкорлик орқали олдинга ҳаракатланиш мумкин. У ёки бу камчиликни йўқотиш – Ўзбекистон Президентининг сиёсати.
- Бу ёндашув мамлакат нуфузини оширишга ёрдам беряптими?
- Албатта. Биз Ўзбекистонда яшаяпмиз. Одамлар ўзгаришларни қандайдир хаёлий келажакда эмас, ҳозирда кўришни ва бу ўзгаришлар шахсан унга нима беришини билишни исташади.
- Кластер тизимига ўтишда газмол сифати жаҳон даражасида қанчалик рақобатлашишга имкон беради?
- Биз шошма-шошарлик, алмисоқдан қолган технологиялар билан пахта етиштириш ва жаҳон ютуқларидан ортда қолишни истамаймиз. Бу кластер хўжалиги ташкилотчилари ёки ишлаб чиқарувчилар манфаатига мос келмайди. Ҳукумат бундай вазифа қўяётгани ҳам йўқ. Нима учун ўзимизга инновацион йўл танладик? Негаки, кластерда ёки инновацион тараққиётда унгача бўлганидан бошқача ёндашув ётибди. У иқтисодий тараққиёт бобида ҳам, илмий-техник тараққиёт бобида ҳам ютуқ ва ўсишига имкон бериши керак.
Биз халқаро тўқимачилик ярмаркаларида иштирок этамиз, шу билан бирга ўзимизда ҳам шундай ярмаркалар ўтказамиз. Уларга кўплаб ишлаб чиқарувчилар, жумладан, тўқимачилик маҳсулотлари, бизнинг анъанавий шерикларимиз таклиф қилинади, бу ўзаро ҳамкорлик учун майдон яратади.
Барча ярмаркалар пайтида улар ишлаб чиқаришни бошидан охиригача кўришига муваффақ бўлишади, жумладан, кластерли ишлаб чиқаришни ҳам. Уларда яратилаётган маҳсулот жаҳон брендлари, жаҳон технологияларига мувофиқ келиши ҳақида тасаввур пайдо бўлиши ёки тўғри ахборот олиши учун зарур барча имкониятлар яратилади. У ёки бу инновацион қарорларни жорий эта туриб биз технология, ускуналарни Германия, Жанубий Кореядан олиб келяпмиз. Буни одамлар кўришади ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқараётганимизга ишонч ҳосил қилишади.
Манба: www.cabar.asia