Электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланганлар аниқланди

Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди ташкилотларга бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Амалга оширилаётган ишларни ҳамда энергия манбаларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга доир медиа-режа тасдиқланган.

Вилоят ҳокимлиги ва прокуратураси томонидан электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига узлуксиз етказиб беришда қонун бузилишларининг олдини олиш, энергия ресурсларни ноқонуний истеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш, улардан самарали фойдаланиш, мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида қўшма фармойиш тасдиқланиб, вилоят, шаҳар ва туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоят штаби томонидан куз-қиш даврида истеъмолчиларни иссиқлик, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва ичимлик суви билан барқарор таъминлаш чораларини кўриш, бу борада фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатларни тезкор аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутасадди ташкилотлар, маҳалла фаоллари билан доимий алоқа ўрнатилган ҳолда ҳар бир маҳалладаги муаммоли вазиятдан хабардор бўлиш, коммунал соҳа ташкилотлари фаолияти учун зарур шароит яратиш тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳудудларда электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви, кўмир ва нефть ресурсларини талон-торож қилиш, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг сифати бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриб борилмоқда.

Штаб ва тегишли ишчи гуруҳлар ташкил этилгандан сўнг ўтган йилнинг декабрь ойидан бугунги кунга қадар 843 та ноқонуний ҳолат аниқланган. Жумладан, 209 ҳолатда табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш оқибатида 947 миллион сўмлик, 620 ҳолатда электр тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларга зарар етказиш натижасида 6 миллиард 453 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш юзасидан 7 та (зарар миқдори 3 миллиард сўм), табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича 11 та (зарар миқдори 700 миллион сўм) жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва мутасадди идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан вилоятдаги транспорт воситаларига газ қуйиш шохобчалари фаолияти ўрганилмоқда.

Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” Самарқанд филиали, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ва “Самарқанд сув таъминот” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган диспетчерлик марказларига истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар, муаммоли масалалар ҳамда таклифлар текзорлик билан кўриб чиқилиши вилоят сектор раҳбарлари томонидан назоратга олинган.

Вилоятда электр энергияси истеъмолчилари сони 892 минг 321 тани (43917 та улгуржи, 848 минг 404 та аҳоли) ташкил этади. Уларга кунига 879 МВт. электр энергияси етказиб берилмоқда. “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан 839,2 мингта хонадондан 346,7 мингтаси табиий газ билан, 489,5 мингтаси суюлтирилган газ билан таъминланган.

Фавқулодда узилишлар мутасадди ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали эълон қилиб борилмоқда.

Жасур ЮЛДАШЕВ,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.