Энди 100 миллион сўмгача микроқарз олиш мумкин
Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этиладиган микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда, - дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Жаҳонгир Абдурасулов.
Шунингдек, Фуқаролик кодексига жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби белгиланмоқда.