Энди байрам якшанбага тўғри келса, қўшимча дам берилиши мумкин
Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар “Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Агар дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши мумкин. Яъни, қонунчиликда белгиланган байрам кунлари агар якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.
Қайд этилишича, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибда солишни янада мустаҳкамлашга, бу борада қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Йиғилишда мазкур қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг маъқулланган. Энди лойиҳани Сенат ҳам муҳокама қилиб, тасдиқлаши шарт.
Эслатиб ўтамиз, меҳнат қонунчилиги бўйича 1 январь — Янги йил, 8 март — Хотин-қизлар куни, 21 март — Наврўз байрами, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 8 декабрь — Конституция куни, шунингдек, Рўза ҳайит ҳамда Қурбон ҳайит байрамларининг биринчи кунлари байрам кунлари саналади.