Эртага Самарқанд шаҳридаги айрим кўчаларда автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади

2 ноябрь куни вилоятимизда бир қатор сиёсий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

"Тадбирларни юқори савияда ўтказиш мақсадида шу куни Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино, Рудакий, Бўстонсарой, Мотрид, Садриддин Айний, Шоҳи Зинда, Университет хиёбони, Регистон, Мирзо Улуғбек номли кўчаларида, шунингдек, М-39 ва М-37 автомобиль йўлларининг Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Оқдарё ва Пайариқ туманлари ҳудудидан ўтган қисмларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.

Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда беморлар ва шошилинч тез тиббий ёрдамга зарурати бор юртдошларимизга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ходимларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

Самарқанд шаҳрига республикамизнинг бошқа ҳудудларидан, шунингдек, вилоятимизнинг шаҳар-туманларидан келаётган юртдошларимизга 2 ноябрь куни белгиланган режаларини бошқа кунга кўчиришлари тавсия этилади.

Ҳурматли юртдошлар ва юртимиз меҳмонлари" Юзага келаётган вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунган ҳолда, вазиятга холис баҳо беришингизни ва йўлларда хавфсизликни таъминлаётган йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларини аниқ бажаришингизни сўраб қоламиз", дейилади Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.