Фаоллар иштирокида жамоат транспорти ўрганилди: «Хишрав»дан «Бионур»гача

Самарқанд шаҳрида йўловчилар оқими юқори бўлган ҳудудларга электробусларни жойлаштириш мақсадида кенг жамоатчилик иштирокида ўрганиш олиб борилди.

Режалаштирилган янги йўналишлардан бири - Хишрав қўрғонидан бошланиб, Самарқанд, Тонг (Абди бобо), Али Қушчи, Буюк ипак йўли, Амир Темур, Маҳмуд Кошғарий, Курчатов, Рудакий номли ҳамда Шоҳи Зинда кўчалари ва М-37 автомобиль йўли («Бионур» клиникаси)да ҳаракатланади. Ўрганиш давомида ушбу йўналиш кўздан кечирилди.

Ўрганиш давомида автомобиль йўлининг ҳолати, автобусларнинг эркин ҳаракатланиши юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, йўналиш бўйича белгиланган тартибда бекатларни жойлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Жамоатчилик ўртасида бўлиб ўтган муҳокамадан сўнг йўналишга 17-сон берилиб, синов тариқасида 10 январдан йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун йўналишга электробусларни чиқариш бўйича келишиб олинди.