Фавқулодда ҳолатда нима қилиш керак?

Самарқанд шаҳрида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2020-2021 йил қиш мавсумини беталафот ўтказиш юзасидан “Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш” ойлиги доирасида кўргазмали махсус тактик ўқув-машқи ўтказилди.

Спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари спорт мактабида ташкил этилган ўқув-машқи назарий ва амалий босқичларда ўтказилди.

Тадбирнинг назарий қисмида вилоят газ, электр ва сув таъминоти, “Темирйўлёнилғитаъминлаш” АЖнинг худудий филиаллари ва бошқа коммунал соҳа ташкилотларининг қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун жалб этиладиган куч ва воситалари, шунингдек, вилоят ФВБ ёнғин-қутқарув қисмлари ва тез тиббий ёрдам бригадаси куч ва воситаларининг саф кўриги ўтказилди.

Унда электр энергияси билан боғлиқ аварияларни бартараф этишга мўлжалланган авария тиклаш бригадалари техникалари, газ таъминоти филиалининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб берувчи техникалари, газ тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш учун мўлжалланган авария тиклаш бригадалари техникалари, коммунал соҳа ташкилотларининг техникалари, асбоб-анжомлари ва жиҳозлари мавсумга шай ҳолатга келтирилганлиги ўрганиб чиқилди.

Улар томонидан асбоб-анжомлар, махсус жиҳозлар кўргазмали тарзда намойиш қилинди. Ўқув машғулотининг амалий қисмида куч ва воситалар ёрдамида юзага келган фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қандай ҳаракатланиш кераклиги кўрсатилди.

Тадбир давомида аҳоли ва ҳудудларни газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти (кўмир) билан таъминланиши ҳолатини яхшилаш, аҳолига тўғри ва самарали тарқатилиши, улар томонидан фойдаланиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этилишида амалий ва назарий кўникмаларини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Рустамжон АНОРОВ.