Филиалимизга бириктирилган мактаблар билан ишладик
2021 йил 11 май куни Zarnews.uz сайтида “Олий таълим муассасалари ўзларига бириктирилган мактаблар билан ишладими?” номли танқидий мақола эълон қилинди.
Мақолада Ургут туманидаги 143-, 145-, 150-мактаблар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалига бириктирилган бўлиб, ўтган вақт давомида таълим сифатини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан бирорта ҳам иш амалга оширилмаганлиги, битирувчиларнинг ОТМларига кириш кўрсаткичини яхшилаш ва уларга шарт-шароитлар яратиш бўйича филиал томонидан назорат тестлари ўтказилмагани ва таҳлил қилинмаганлиги қайд этиб ўтилган.
Филиал томонидан ушбу мактабларда таълим сифатини ошириш, тизимда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ҳамда манзилли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Филиалнинг 3 нафар тажрибали кафедра мудирлари Ургут туманидаги 143-, 145-, 150-мактабларга масъул этиб белгиланган.
Филиал раҳбарияти томонидан мактаблар билан ишлаш тизимини осонлаштириш мақсадида филиал масъуллари ва мактаблар мутасаддилари учун телеграмм гуруҳи очилди ҳамда маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди, олиб бориладиган тадбирлар ва учрашувлар мунтазам ёритиб борилмоқда.
Мактабларнинг фаолиятини таҳлил қилиб бориш мақсадида ҳар бир мактабнинг мактаб паспортлари шакллантирилган.
143-, 145-, 150-мактабларга 2 маротаба филиал томонидан 32 донадан математика, физика, рус тили, кимё ва информатика фанларига оид дарслик ҳамда ўқув қўлланмалар тақдим этилди.
Мазкур мактабларда 2020-2021 ўқув йилида 108 нафар битирувчи ўқувчилар мавжуд бўлиб, ташкил этилган суҳбатлар чоғида қайси олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқчи эканлиги, уларни ҳозирда қийнаб келаётган масалалар, мактаб ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро алоқанинг самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилди. Бажарилган ишлар zarnews.uz сайтида ҳам ёритилди.
Филиалга бириктирилган 150-мактабнинг моддий техник ҳолатини яхшилаш масаласида қатор ўрганишлар олиб борилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ургут тумани 2-сектор раҳбари Ш.Холмирзаев ва Ургут тумани халқ таълими молия бўлими бошлиғи Б.Саломовларга мурожаат хати юборилди.
Филиалга бириктирилган мактабларнинг физика, математика, информатика, чет тили, тарих, кимё, биология фани ўқитувчиларининг малакаларини ошириш бориш мақсадида режа асосида маҳорат дарслари ташкил этилди. Шу жумладан, филиал профессор-ўқитувчилари битирувчи ўқувчиларни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида қўлланиладиган тест саволлари, машқ ва масалалар тўплами каби методик қўлланмалар билан таъминлади.
Мактаб ўқувчиларини олий таълим муассасаларига кириш ишларини тарғиб қилиш ҳамда касбга йўналтириш мақсадида филиал масъул ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари томонидан тарғибот ишлари амалга оширилди ва қилинган ишлар филиал расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёритиб борилди.
143-, 145-, 150-мактаблар ўқитувчилари ҳамда 150-мактаб ўқувчилари учун “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида кафедра мудири, доцент У.Язданов ва Самарқанд вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров иштирок этиб, фаол ўқувчиларга эсдалик совғаларини тақдим этишди.
Мактабларнинг битирувчи синф ўқувчиларининг билимини баҳолаш битирувчи синф ўқувчиларидан биология, кимё ва математика фанларидан ўқувчилар билимини баҳолаш ҳамда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик даражасини синовдан ўтказишди ва қилинган ишлар филиал расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёритиб борилди.
Амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлар ҳар ҳафтада Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича котибиятга тақдим этиб борилмоқда.
Филиал янгидан ташкил этилганлиги боис бириктирилган мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича фақат ўқув адабиётлари билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам бериши мумкинлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчимиз.
Тошкент давлат аграр университети
Самарқанд филиал ахборот хизмати.