Фуқаролар паспортини олиш учун доимий яшаш жойига мурожаат қилиши шарт эмас

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш фуқароларнинг доимий рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.

Бу амалиёт давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан 1 июндан жорий қилинган.

Қайд этиш лозимки, бўлимимизда ўтган 13 кун ичида бошқа вилоятларнинг шаҳар-туманларидан хорижга чиқиш биометрик паспорти олиш учун 550 дан зиёд аризалар қабул қилинди. Мурожаат қилганларнинг 400 дан кўпроғига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилиб, қолганлари кўриб чиқилмоқда.

Асосийси, юқорида қайд қилинган фармонда белгиланган талаб ва қоидалар телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳамда тадбирларда аҳоли орасида кенг тарғибот-ташвиқот қилинмоқда.

Олим Норқулов,

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи.