Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси Маъруфжон Тожибоев: Сайёр судлар номига ўтказилмоқда
Самарқанд вилоят "Матбуот уйи"да вилоятдаги суд идоралари томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишларга бағишланган брифингда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси М.Тожибоев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суд фаолиятидаги айрим ҳолатлар бўйича фикр алмашди.
- Сайёр судларни ўтказишдан мақсад ўша ҳудудда рўй берган оилавий ажримлар ёки судга мурожаат қилган кишиларнинг ўзаро келишмовчилиги, турли жиноятчилик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат, - деди М.Тожибоев. - Маҳалладошлар ушбу ҳолат ҳақида хабар топишсин ҳамда ўз фикрларини билдирсин, жамоатчилик эътиборини тортиш ҳамда бу орқали таъсир ўтказиш керак эди. Афсуски, сайёр суд ўтказилиши лозим бўлган маҳаллада фақат судьялар ва маҳалланинг бир-икки нафар фаоллари иштирок этмоқда. Бундай сайёр суд ўзи кўзлаган мақсадга эришолмайди, албатта.
Айтиш керакки, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судлар томонидан 11 минг 50 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилди. Шунингдек, корхона, маҳалла ҳамда ўқув муассасаларида 1300 га яқин ўқув-семинарлар ўтказилди. Судларнинг 2018 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳисобот даврида вилоят суди биринчи инстанциясида 222 та фуқаролик ишлари кўрилган. Шундан 163 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 35 таси рад қилинган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган ва 14 та иш юритишдан тугатилган.
Вилоят туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан 23 минг 746 та фуқаролик ишлари кўрилган. Шундан 21 минг 277 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, 17 минг 911 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 3 минг 366 та даъво рад этилган, 200 фуқаролик ишида хусусий ажрим чиқарилган.
Таҳлилдан кузатилишича, фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом ва Тойлоқ туманлараро судларида ўтган йилга қараганда фуқаролик ишларнинг ўсиш тенденцияси кузатилди. Аммо оилавий низолар билан боғлиқ ишлар ҳамон юқори кўрсаткичларни ташкил этмоқда.