Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Футбол: Хотира турнири ғолиблари аниқланди

Самарқанд шаҳрида футболимиз жонкуярлари, устоз-мураббийлар Баҳодир Бобомуродов, Қаҳрамон Маматқулов, Улуғбек Султонов, Фирдавс Бурхонов хотирасига бағишланган футбол турнири бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, вилоят футбол ассоциацияси, марҳум устоз-мураббийларнинг дўстлари, шогирлари ташаббуси билан ташкил этилди.

Унда мамлакатимизнинг 30 га яқин кучли футбол клублари ёшлари ҳамда Тожикистон Республикасидан келган жамоалар бир ҳафта давомида майдонда ўзаро беллашди. Мусобақа иккита ёш тоифаси бўйича ўтказилди.

2012-2013 йилларда туғилган болалар ўртасида ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни Бухоро футбол академиясининг ёш футболчилари қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент шаҳри Бектемир тумани ёшлари ҳамда “Бунёдкор” футбол клубининг ёш чарм тўп усталарига насиб этди. 

2010-2011 йилларда туғилган футболчилар беллашувида “Динамо” футбол клуби қошидаги “Динамо” футбол мактаби тарбияланувчилари биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўринни Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби ёшлари қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Самарқанд шаҳридаги “Мотрит” футбол клуби жамоасига насиб этди.

Тақдирлаш маросимида футболимиз дарғалари ёш спортчиларимизга келажакда моҳир чарм тўп устаси бўлишнинг сир-асрорлари бўйича маслаҳат беришди.

Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дилмурод Дўстмуродов.