Гаитида 17 америкалик миссионер ўғирлаб кетилди
New York Times Гаити хавфсизлик ходимлари маълумотига таяниб, босмачилар Порт-о-Пренсда АҚШлик 17 та насроний миссионер ва уларнинг оила аъзоларини ўғирлаб кетилгани ҳакида хабар қилди. Ўғирланганлар орасида болалар ва аёллар бор. Газета маълумотига кўра, миссионерлар аэропортга йўл олган автобусдан ўғирланган.
NYT таъкидлашича, Гаитида кўп йиллар давомида сиёсий нотинчлик ҳукм сурмоқда. Мамлакатда бойларни ҳам, камбағалларни ҳам ўғирлаш одатий ҳол. Гарчи, мамлакат авж олган қонунбузарлик ва жиноятларга «ўрганиб қолган» бўлса-да, америкалик бундай катта гуруҳ ўғирланиши безбетлиги билан расмийларни ларзага солди.
Нашр хавфсизлик ҳолати ёмонлашишини икки йил олдин бўлган норозилик намойишлари билан боғлайди. Ўшанда намойишчилар кенг тарқалган коррупцияга қарши чиқиб, муассаса ва ташкилотлар ишини тўхтатиб қўйишган эди. Шундан бери тўдалар "кучайди", деб ёзади газета.
Вазият 2021 йилнинг июль ойида президент Жовенел Моисе ўлдирилиши ва бир неча ҳафтадан сўнг зилзила содир бўлиб, 2,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлиши билан кескинлашди. NYTнинг баҳосига биноан, тўдалар пойтахтнинг ярмини назорат қилмоқда.
Гаити Бош вазири Ариэль Генри БМТ Бош ассамблеясида мамлакатдаги миграцион инқироз қашшоқлик, давлатлар ўртасидаги зиддият ва тенгсизлик туфайли юзага келганини айтди. У халқаро ҳамжамиятни сиёсий ёки иқтисодий сабабларга кўра қочқинлар кўпаяётган мамлакатларда яшаш шароитини яхшилаш учун тезкорлик билан ҳаракат қилишга чақирди.
Аввалроқ АҚШ минглаб Гаити муҳожирларини депортация қилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўн мингдан зиёд одам Техаснинг Дель-Риосини мексикалик Сьюдад Акунья билан боғлайдиган кўприк остидаги вақтинчалик лагерга йиғилишган.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.