Ғалвир сувдан кўтарилганда
24 декабрь куни ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик иккинчи сессиясида асосан раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоятҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Гарчи, Самарқанд учун янги тажриба бўлмаса-да, янги тартибга кўра, бу галги сессия вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда вилоят телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Дастлаб бир қатор масалалар, тегишли маълумотлар депутатларга тарқатилгани боис, тасдиқлаб олинди.
Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 19 мартдаги 184/26-VI-сонли қарори 3-иловаси билан тасдиқланган манзилли дастурдаги йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан иқтисод қилинган маблағларни вилоятдаги ички хўжалик йўлларини таъмирлашга йўналтириш ҳақидаги, Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида иқтисодий ижтимоий ривожланишига қараб ер солиғи ставкаларини белгилаш тўғрисидаги, Тойлоқ туманининг “Боғизоғон”, “Олмазор”, “Қўшчинор” ва “Таллиота”, Нарпай туманининг “Гулистон”, “Дедан”, “Чархин” ва “Хўжақўрғон” ҳамда Жомбой туманининг “Ғазира”, “Сўхмон” маҳалла фуқаролар йиғинлари бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлаш ҳақидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, депутатлар Қобилов Рустам Ражаббоевични вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига, Жабборов Исроил Исмоиловични вилоят ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тасдиқладилар.
Шундан сўнг, Ургут тумани ҳокими Б.Жабборов ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисида ҳисобот берди.
Б.Жабборов дастур ижроси ҳақидаги маълумотлар депутатларга тарқатилгани сабабли, асосан 2022 йилга мўлжалланган режалар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, туманда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш бўйича жами 2 триллион 263 миллиард сўмлик 123 та лойиҳани амалга ошириш ва 3673 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилгани таъкидланди. “Ургут” эркин иқтисодий зонасида келгуси йилда 115,5 миллион долларлик 24 та янги лойиҳа ишга туширилади ва 6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Сариқтепа маҳалласидаги кичик саноат зонасида эса 166 миллиард сўмлик 41 та янги лойиҳа ишга туширилади. Бу каби лойиҳалар натижасида 2 триллион 283 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 6,5 фоиз ўсишга эришилади.
Келгуси йилда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Ургутда ҳам “Янги Ўзбекистон” массиви ташкил этилади. Бунинг учун Мерганча массивидан жой ажратилиб, лойиҳалар тасдиқланган. Бу ерда 3056 хонадонли 60 та кўп қаватли уй, 3360 ўринли 2 та умумтаълим мактаби, 560 ўринли 4 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари, истироҳат боғи қурилади. Туман маъмурий маркази ҳам мазкур ҳудудга кўчирилади.
Депутатлар амалга оширилиши режалаштирилган ишларни маъқуллаган ҳолда Ургутда энг долзарб ҳисобланган – йўлларни таъмирлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ер фонди ҳисоб-китобини тўғри юритиш, савдо соҳасидаги солиқ тартибларига қатъий риоя этиш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш масалалаларига тўрт сектор раҳбари ҳам жиддий эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади.
Болалар масалалари бўйича ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари – Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи Л.Яхшиликов давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳамда комиссиянинг 2021 йилдаги фаолияти ҳақида ахборот берди.
Қайд этилишича, янги тартиб бўйича болаларнинг оила бағрида вояга етиши учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун Меҳрибонлик уйи, Болалар уйи ва “SOS Ўзбекистон болалар уюшмаси” тарбияланувчиларининг ижтимоий келиб чиқиши ўрганилди. Натижада 1-Меҳрибонлик уйидан 38 нафар, вилоят Болалар уйидан 17 нафар, “SOS Ўзбекистон болалар уюшмаси” Самарқанд филиалидан 11 нафар бола ўз оиласига қайтарилди. Бу оилаларда мавжуд ижтимоий муаммолар ҳокимликлар томонидан бартараф этилди.
Шу йилнинг ўзида Самарқанд шаҳрида 3 та, Оқдарё, Пахтачи ва Каттақўрғон туманларида биттадан оилавий болалар уйлари ташкил этилди. Ҳозирда уларда 36 нафар бола оила муҳитида ўсмоқда.
Л.Яхшиликовнинг айтишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бугунги кунга қадар жами 2195 нафар тарбияси оғир, дивиант ўқувчилар аниқланиб, улар билан профилактик тадбирлар олиб борилган. Бу болаларнинг яшаш хонадонларига бориб, 1903 нафари билан ота-онаси иштирокида суҳбатлар олиб борилган бўлса, 353 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-модда 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 1952 нафар тузалиш йўлига кирганлиги сабабли назоратдан чиқарилди.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жой билан таъминланаётган бўлса-да, Тойлоқда 3 нафар, Пайариқ туманида 4 нафар, Паст Дарғомда 3 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашда ҳокимликлар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.
Комиссия раиси ўринбосари шу ва яна бошқа масалалар юзасидан депутатлардан ёрдам сўради. Яқинда Самарқанд шаҳридаги 63-мактаб ўқувчиси билан юзага келган нохуш ҳолатдан келиб чиқиб, таълим муассасаларида қизларнинг тиббий маданияти ва таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш бўйича таклифлар билдирилди.
Сессияда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи А.Раимжонов давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган концепциянинг 2019-2021 йилларда вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Бошқарма бошлиғи концепция асосида табиатни асраб-авайлаш, ер, сув ва ўрмон ресурсларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, чиқиндини ташиш ва қайта ишлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, жойларда қонунбузилиш ҳолатлари, қоидаларга беписандлик учраётганини қайд этди. Бу айниқса, дарахтларни кесиш ва ўрмон фондига зарар етказиш, сув манбаларидан нотўғри фойдаланиш, Зарафшон дарёси ва бошқа жойлардан ноқонуний равишда қум ва шағал кавлаб олиш, чиқинди полигонлари ташкил этишда яққол кўзга ташланаётгани таъкидланди.
– 2020-2023 йилларда вилоятимиздаги 18 та корхонада замонавий локал оқова тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш белгиланган, – деди А.Раимжонов. – Бу вазифа ижроси 10 та корхона томонидан таъминланган. Лекин “Мароқанд нефть база”, “Қўшработ Брикс Инвест”, “Юнусжон Аҳли”, “Агро Фаровон Замин”, “Агромир Адас”, “Ургут Чина Картонс” масъулияти чекланган жамиятлари, “Бахт” хусусий корхонаси, “Иссиқлик манбаи” ДУК Нуробод филиалида ушбу ишлар якунланмаган.
Вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси директори С.Зиёдуллаевнинг жорий йилги давлат дастури асосида вилоятимиз шаҳар ва туманлари марказларини ободонлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботида келтирилишича, вилоят бўйича 91,6 километр пиёдалар ва 89 километр велосипед йўлаклари ташкил этилган. 55,1 километр ирригация тизими яратилиб, 2646 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган. Ушбу мақсадлар учун 109 миллиард 264 миллион сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, сессияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги вилоят бўлими раҳбари М.Солиевнинг вилоятда 2021 йилда хорижий тилларни оммалаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йилда соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.