Гдлян – яқин ўтмишимиздаги доғ ёки Шароф Рашидов вафотидан сўнг халқимиз бошига тушган мусибатлар ҳақида биласизми?

Ўзбекистон Республикасини чорак аср шараф билан бошқарган Шароф Рашидов вафотидан сўнг, алғов-далғов замонлар бошланди. Негаки, баъзи ўз курсисини ўйлаган, марказга яхши кўриниш истагида бўлган раҳбарларнинг илтимоси билан ССР Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистонга Гдлян, Ивановлар тергов гуруҳи сафарбар этилди.

Хуллас, чириган ССР иттифоқини сақлаб қолиш мақсадида Шароф Рашидов вафотидан кейин мамлакат бошқарувини Кремлдан юборилган янги “десантчи кадрлар” тўлиқ қўлга олди.

Ўзбекистон Марказқўмининг 2-котиби - Анишчев, унинг сафдошлари -Осетров, Романовский, Литвиненко, Бош прокурор – Бутурлин, Бош прокурор ўринбосарлари - О.Гайданов, Лаптев, Ички ишлар вазири Вячслав Мухторов (фамилияси ўзбекча бўлса ҳам ўтакетган миллатчи эди, у билан иш юзасидан бир неча марта учрашиб, гаплашиб бунга амин бўлганман) унинг ўринбосари – Э.Дидоренко, Ички ишлар вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари – Теплов.

Қўйингчи, ўша йиллари республикадаги юқори даражадаги ва жойлардаги муҳим лавозимларни 200 нафардан ортиқ “десантчи” бориб “ишғол” қилган эди.

Олий раҳбариятдаги фамилияси ўзбек бўлган И.Усмонхўжаев, сўнг Рафиқ Нишонов каби биринчи зотларнинг ҳаммаси қўғирчоқ эди.

Жиноятчими ё "десантчи"?

... Ўша пайтда Нарпай туманлараро прокуратурасида ишлардим. Район партия комитетига иккинчи секретарлик ловозимига С.Грачов исмли "десантчи" шахс келди. Миллатчи, жуда олифта бу одам келганига икки ой бўлмасдан савдо ташкилотлари, ички ишлар бўлими, суд ва бошқа идоралар ишларига аралаша бошлади. Туманда ўн йилга яқин ишлаганлигим сабабли Грачовни қаерга борганлиги, ким билан нима ҳақда гаплашганлиги юзасидан маълумот келиб турарди.

Бир куни кечқурун у мени хизмат хонасига чақирди. Борсам спиртли ичимлик истеъмол қилган, маст эди. Ўта оғир жиноят содир қилиб, қамоққа олинган шахсларни қамоқдан озод қилишим, акс ҳолда мени эрталаб бюро чақириб, партиядан ўчириш масаласини қўйишини айтди. Ўша вақтлари биринчи секретар йўқ бўлгани учун у бу вазифани ҳам бажарарди.

Мен бундай қилиш мумкин эмаслигини тушунтирдим, у тушунишни истамади. Партия топшириғи, деб туриб олди. Уни гапиришлари кўп йил қамоқда ўтирган шахсларни эслатарди. Шу боис, унинг шахсияти ҳақида менда шубҳа уйғотди. Ташқарига чиққач, тўғри ишхонага бориб, С.Грачов келган жой - Рязан шаҳар прокурори С.Иванчинкога телефон қилиб, унинг шахсини аниқлаб беришни сўрадим.

Таъкидлаш керакки, С.Иванчинко билан Харьковдаги малака ошириш институтида бирга ўқиган эдик. Эски танишлигимиз қўл келди, бир соатдан кейин қайта телефон қилишимни илтимос қилди. Қайта телефон қилганимда С.Грачов Рязанда техникумда ўқитувчи бўлиб ишлаган даврида ўқувчини зўрлаб, номусига текканлиги учун судланганлигини билдирди. Жазонинг асосий қисмини ўтаб, қизига алимент тўлашдан бош тортганлиги учун жиноят иши қўзғатилиб, қидирувда эканлигини айтиб қолди.

Шу жиноячи "десант" чи сифатида катта бир туманни партия комитетига иккинчи секретар бўлиб, ишга қўйилганлигига ҳайрон қоласан. Эртаси куни факс С.Иванчинко иккинчи секретар – С.Грачовнинг барча қилмишлари ҳақидаги ҳужжатларни факс орқали юборди. Ҳужжатлар нусхасини кўпайтириб, хат билан вилоят партия комитетига етказдим.

Яшаб турган уйида тинтув ўтказиб, ўзини ушлаш ҳақида топшириқ бердим. Уни партия билети ва паспорти сохта бўлиб чиқди. Тинтувда уйидан ўқ отар қурол - ўқлари билан тўппонча, кўп миқдорда олтин тақинчоқлар, пуллар ва бошқа нарсалар олинди.

Суриштирув давомида уч ойни ичида анча ишлар қилганлиги аниқланди. Шу боис, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ўтказилди. Жиноят иши айблов хулосаси билан тугатилиб, тегишлича ҳужжатлаштирилиб, республика прокурори орқали Рязанга - очилган жиноят ишига қўшишлик учун юборилди.

Катта “десантчи”га қарши

1983-1989 йилларда Гдлян, Ивановлар тергов гуруҳи мингдан ортиқ айбсиз инсонларни қамоққа олиб, миллатимизни ҳақорат қилувчи сохта “ўзбеклар иши” яратганликлари ҳақида кўпчилик хабардор.

Билмаганларга Тоғаймуроднинг бу фожиали давр бадиий юксак даражада тасвирланган “Отамдан қолган далалар”, Тоштемир Қаҳрамоновнинг “Иблис исканжасида” романлари, ССРИ прокуратураси терговчиси - Гдлян бошлиқ тергов гуруҳининг Ўзбекистонда қонунсиз тергов ҳаракатлари олиб бориш жараёнини тергов қилган гуруҳ раҳбари Виктор Ильюхиннинг (шу гуруҳда штаб бошлиғи бўлганман) “Қабоҳат ёхуд ўзбеклар иши деган уйдирма хусусида” ҳужжатли эссесини ўқишни тавсия қиламан.

Негаки, ушбу асарларда яқин ўтимишимиз яққол тасвирланган. Уни ўқиш, ўрганиш ҳамда хулоса чиқариш, бугунги авлод учун сув ва ҳаводек зарур, деб ўйлайман.

Аслида Гдлян гуруҳининг қонунсиз ҳаракатларини фош қилиш учун кеча-ю кундуз тинимсиз меҳнат қилиб, улардан жабр кўрган шахсларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиш жараёнида гдлянчилар халқимизга етказган ситам бир китобга жо бўлмаслигига ишонч ҳосил қилганман.

Гдлянчиларнинг қонунсиз ҳаракатларини аниқлаш мақсадида олиб борган суриштирувларимда Гдлянни ўзи томонидан юритилган махсус (темир дафтар) китобни қўлга киритганман. Қайд этиш лозимки, унда келажакда Ўзбекистон ва Москвадаги раҳбарларга қандай сохта туҳматлар қилишлиги ҳақидаги ёзувлар ва схемалар акс этганди.

Виктор Ильюхин бошлиқ тергов гуруҳимиз Гдляннинг ўзи ёзган ва бошқа ҳужжатларни қўлга киритиб, уларни ҳаракатлари бўйича жиноят иши қўзғатиш ва жиноий жавобгарликка тортиш учун етарлича асослар йиғдик. Уларни тегишлича ҳужжатлаштириб, гдлянчиларнинг ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Гдлян, Иванов ва гуруҳнинг бошқа аъзолари терговдан четлаштирилди.

Олиб борилган даслабки терговда айблари тўлиғича фош қилинди. Афсуски, ССР иттифоқи Бош прокурори Гдлян ва унинг ҳамтовоқларини қамоққа олиш хақида Олий советга розилик сўраб ёзган бир неча тақдимномаларига рухсат берилмади. Шу жумладан, Олий совет съездида кўрилиб, гдлянчиларни қамоққа олишга рухсат берилмади.

Ўша давр талабларига асосан Бош прокурор А.Я.Сухарев ишдан олинди. Унинг ўрнига тайинланган Трубин томонидан жиноят иши ўта қонунсиз, шармандаларча чиқарилган қарор асосида ҳаракатдан тугатилди.

Аслида Трубин ҳам Гдлянни жиноий шериги, устози бўлган Караказовнинг шогирди. Бу иккиси ҳам Караказовни тақдимномаси билан ССР иттифоқи прокуратурасига ишга олинганлиги текшириш жараёнида аниқланган эди.

Трубин Бош прокурор лавозимига тайинлангач, барча ўринбосарларини бўлим ва бошқарма бошлиқларини ҳам ишдан бўшатди. Аммо кўп ўтмай ССР иттифоқи тугатилиб, ўзи ҳам ишсиз қолди...

Ўша вақтдаги ССР иттифоқи Олий совети раҳбарларининг ҳам кечириб бўлмайдиган хатолари туфайли босқин тугатилган бўлса-да, уни амалга оширганларни жиноий жавобгарликка тортиш амалга ошмай қолган эди.

Ана шу қатоғон даврда жуда кўплаб ёзувчи, журналистлар, ҳатто ҳофизлар ва бошқа илм-фан намоёндалари ҳам арзимаган сабабларга кўра жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи остида қолди. Чунки, асли ўзи жиноятчи бўлган “десантчилар” зиёлиларга нисбатан ҳам ёлғон кўргазмалар ва далиллар тўплаган. Уларнинг баъзилари бу ғавғоларга чидай олмай, юрак хуружидан вафот этди. Баъзилари эса ҳар хил касалликка чалиниб бўлганди.

Ўзимнинг шахсий ташаббусим билан ваколатимдан фойдаланиб, юздан ортиқ шахсларга нисбатан жиноий ишларни ҳаракатдан тугатиб, тегишлича асослантирилган қарорлар қабул қилганман.

Ушбу ҳолатларни тасдиқловчи тарихий ва воқеий романим яқин кунларда дунё юзини кўрса ажабмас, уни мутоала қиласизлар, деган умиддаман...

Исматилло ЙЎЛДОШЕВ.